Узбек O'zbek
Плей-оффга чиққан 8 жамоа аниқ, яна 8 йўлланма учун кимлар курашади? ЕЧЛдаги интригалар
Пайшанба, 28 Ноябр
12821

Чемпионлар Лигасида 5-тур ўйинлари ниҳоясига етди ва нимчорак финал иштирокчиларининг ярми – 8 жамоа расман баҳорги иштирокини нақ қилди. Булар «ПСЖ», «Реал», «Бавария», «Тоттенҳэм», «Манчестер Сити», «Ювентус», «Барселона» ва «Лейпциг» жамоаларидир.

Қолган 8 йўлланма учун яна 15 клубда имконият сақланиб қолган. Иккита гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринлар нақд бўлиб улгурган. Баъзи гуруҳларда ғолиблар маълум бўлса-да, ким қайси ўринда чиқиши маълум эмас.

4 жамоа – «Локомотив», «Генк», «Славия» ва «Лилль» умуман баҳорда ҳатто Европа Лигасида ўйнаш ҳуқуқидан ҳам расман маҳрум бўлди.

Гуруҳлардаги ўринлар, Европа Лигаси учун рақобат ҳақидаги мулоҳазаларни кейинга қолдирайлик-да, келинг, айнан ўша 8 йўлланма тақдири борасида фикр юритамиз.

«ШАХТЁР», «ДИНАМО» Ё «АТАЛАНТА»?

С гуруҳида «Манчестер Сити» расман гуруҳ ғолибига айланди. Кейинги йўлланма учун эса, қолган уч жамоада ҳам имконият бор.

Украинада «Шахтёр» «Аталанта»ни қабул қилади. Агар мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлишса, гуруҳда 2-ўринни нақд қилишади. Аксинча, италияликлар устун келишса, улар «Шахтёр»ни қувиб ўтишади ва иккинчи ўринга кўтарилишлари мумкин. Мумкин дейилганининг сабаби, Загребда «Манчестер Сити»ни қабул қиладиган «Динамо» ҳам бор.

Хуллас, «Шахтёр» плей-оффга чиқиши учун «Аталанта»ни енгиши ёки дуранг ўйнаб, «Манчестер Сити» Загребда ютқазмаслигидан умид қилиши керак.

«Аталанта» чиқиш учун «Шахтёр»ни енгиши ва Загребда «Манчестер Сити» ютқазмаслигидан умид қилиши керак.

«Динамо» чиқиши учун, ўз майдонида «Манчестер Сити»ни енгиши ва «Шахтёр» «Аталанта» устидан ғалаба қозонмаслигидан умид қилиши керак.

«АТЛЕТИКО»ГА БИР ҚАДАМ

Туриндаги мағлубият мадридрикларни гуруҳ ғолиби бўлиши имкониятидан маҳрум этган бўлса-да, Симеоне шогирдларида 2-ўрин билан плей-оффга чиқиш имконияти сақланиб турибди. Бунинг учун сўнгги турда Мадридда «Локомотив» устидан ғалаба қозонилса, кифоя.

Гуруҳда «Байер» жамоаси ҳам бор. Немислар Туринга сафар қилади ва у ерда ғалаба қозониб, «Атлетико» очко йўқотишидан умид қилиши мумкин. Демак, агар «Байер» «Ювентус»ни юта олмаса, «Атлетико» умуман очко олмасдан туриб ҳам, плей-оффга чиқади. Зеро, очколар тенг бўлганда ўзаро ўйинлардаги устунлик (1:0 ва 1:2) «Атлетико» тарафида.

«ЛИВЕРПУЛЬ» ХАВФЛИ ВАЗИЯТДА

ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби гуруҳдан чиқа олмаслиги ҳам мумкин. Турнир кашфиётларидан бири «Зальцбург»га сафар қиладиган Клопп шогирдлари ютқазмасликлари шарт.

«Наполи» ўз майдонида бемалол «Генк»ни ютади ва йўлланмалардан бирининг соҳиби бўлади. Иккинчи йўлланма эса, юқорида тилга олинган жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинда ҳал бўлади. Қайсидир жиҳатдан эски «Ливерпуль»ни эслатиб юборадиган, қўрқмас, ҳужумкор «редбулчилар» бир ўйинда ҳар қандай рақибда муаммо туғдиришлари мумкин. Агар Австрия жамоаси «Ливерпуль»ни минимал ҳисобда бўлсаям, ютса, очколар бўйича етиб олади ва ўзаро ўйин натижаларига кўра, қувиб ҳам ўтади. Эсингизда бўлса, «Энфилд»даги ўйинда 4:3 ҳисоби қайд этилганди.

АМСТЕРДАМДА ФИНАЛ

«Челси» ҳам «Наполи» каби вазиятда турибди. Лондонликлар сўнгги турда гуруҳ аутсайдери «Лилль»ни қабул қилади ва бу ўйиндаги ғалаба ҳар қандай ҳолатда «Челси»ни плей-оффга олиб чиқади.

Иккинчи йўлланма эгаси эса Амстердамда аниқланади. «Аякс» ўз майдонида «Валенсия»ни қабул қилади. Нидерландияликлар ғалаба қозонишса, 13 очко билан гуруҳни пешқадам сифатида якунлайди. Дуранг «Аякс»ни камида 2-ўрин билан плей-офф иштирокчисига айлантиради. «Валенсия»ни эса, фақат ғалаба қониқтиради. Испанлар бу ўйинда ғалаба қозонишса, нафақат йўлланма, гуруҳ пешқадамлигини ҳам қўлга киритади. Чунки «Челси» билан таққослаганда, ўзаро ўйинларда «Валенсия» устунликка эга.

Демак, йўлланма учун «Челси» «Лилль»ни ютиши керак, «Валенсия» сафарда «Аякс»ни ютиши шарт, «Аякс»ни эса, сўнгги турда дуранг ҳам қониқтиради.

«БАРСЕЛОНА» «ҚАРЗИНИ» ҚАЙТАРАДИМИ?

Ўтган йили «Барселона» қатнашган гуруҳда иккинчи йўлланма учун «Тоттенҳэм» ва «Интер» кураш олиб борган, инглизларнинг бахтига сўнгги турда улар ҳамма нарсани ҳал қилган «Барселона»га тўқнаш келиб, керакли очкони олганди. «Интер» эса сўнгги турда ўз ўйинида ғалаба қозонса ҳам гуруҳда қолиб кетганди.

Бу сафар «Интер» «Тоттенҳэм» ўрнида. Ҳозирда «Интер» ва «Боруссия» бир хил очко тўплашган, ўзаро ўйинлар натижасига кўра, «Интер» юқорида турибди. Фақат Дортмунд жамоаси сўнгги турда «Славия»ни қабул қилса, «Интер» «Барселона» билан Миланда ўйнайди. «Барселона»га ҳам, «Славия»га ҳам очко шарт эмас. Албатта, испанларни енгиш қийинроқ, лекин очко тенг бўлиб қолганда устунлик «Интер» томонда.

«ЗЕНИТ» ЁКИ «ЛИОН»?

Энг чалкаш ҳолат G гуруҳида юзага келган. Бу ерда уч жамоа бир хил – 10тадан очкога эга бўлиши ҳам, ёки уч жамоа 7 тадан очко тўплаб қолиши ҳам мумкин. Ҳар қандай ҳолатда «Лейпциг» гуруҳ масаласини ҳал қилди – сўнгги турда Францияда мағлуб бўлган тақдирда ҳам, агар уч жамоада 10тадан очко бўлиб қолса, немислар ўзаро ўйинлардаги устунлик туфайли гуруҳ ғолиби бўлиб қолаверади.

«Бенфика» эса, аксинча, сўнгги турда «Зенит»ни ютган тақдирда ҳам, 2-ўринга чиқиб ололмайди. Ўзаро ўйинларда португалияликлар «Зенит»дан устун бўлишган тақдирда ҳам, «Лион»ни ҳам ортда қолдириш вазифаси турибди.

Хуллас, иккинчи йўлланма учун асосан «Зенит» ва «Лион» кураш олиб боради. Ўзаро ўйинлардаги устунлик туфайли «Зенит» ҳозир 2-ўринда турибди. Энди руслар кейинги босқичга чиқиши учун сўнгги турда «Лион»дан кам очко жамғаришмаса кифоя.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз