Узбек O'zbek
ОЧЛ йўлланмаси ва Суперлигада қолиш масаласи. Сўнгги турда қандай ҳолат рўй бериши мумкин?
Пайшанба, 28 Ноябр
6200

Суперлиганинг якуний 26-тури доираси учта ўйин борки, айнан ушбу баҳслар чемпионатда интригани сақлаб турибди. Тошкентда «Бунёдкор» - «Сўғдиёна» баҳсида ОЧЛ-2020 йўлланмаси ўйналса, «Насаф» - «Динамо» ҳамда «Бухоро» - ОКМК ўйинларидан кейин лигани тарк этувчи омадсиз жамоа номи аниқланади.

«Бунёдкор» - «Сўғдиёна»: ОЧЛ йўлланмаси кимга насиб этади?

Келинг, аввало 3-ўрин ва ОЧЛ йўлланмаси учун ўзаро сўнгги турда учрашадиган «Бунёдкор» ва «Сўғдиёна» ўйинида рўй бериши мумкин бўлган ҳолатларга эътибор қаратамиз. 25-турдан кейин Тошкент клуби ҳисобида 42 очко, Жиззах жамоасида эса 39 очко мавжуд.

- «Бунёдкор» - «Сўғдиёна» ўйинидаги мезбонларнинг ғалабаси ёки дуранг натижаси Вадим Абрамов жамоасига 3-ўрин ва ОЧЛ йўлланмасини тақдим этади.

- «Бунёдкор» - «Сўғдиёна» ўйинида меҳмон жамоанинг ғалабаси, Улуғбек Бақоев шогирдларига ОЧЛ йўлланмасини келтиради.

Сабаби, бу вазиятда «Бунёдкор» ва «Сўғдиёна»нинг очколари сони 42тадан тенглашса-да, энг аввало тўплар нисбати эмас, ўзаро ўйинлардаги натижа асосий планга чиқади.

Бу борада «Ўзбекистон Профессионал футбол клублари учун 2019 йилги мавсум мусобақалари регламенти» 9-моддаси «Мусобақа ғолибларини аниқлаш» бўлими, 9.2 бандида қўйидагича келтирилади:

 9.2. Иккита ва ундан кўп жамоалар жамлаган очколар тенг бўлган тақдирда, жамоаларнинг ўрни қуйидагича аниқланади:

- ўзаро учрашув(лар) натижасига кўра (олинган очколар, урилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи, урилган тўплар, ўзга майдонда урилган тўплар), бунда юзма-юз учрашувда техник мағлубиятга учраган жамоа энг қуйи ўринни эгаллайди;

 - барча учрашувларда урилган ва ўтказиб юборилган голларнинг энг яхши фарқига кўра;

 - барча учрашувларда эришилган ғалабалар сонига кўра;

 - барча учрашувларда ўзга майдонда урилган голлар сонига кўра.

 - Мазкур кўрсаткичларнинг ҳаммаси тенг бўлса, жамоаларнинг мусобақалардаги ўрни қуръа ташлаш орқали аниқланади. Агар вазият чемпионни ёки Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини берадиган ўринларни аниқлаб берадиган бўлса, бетараф майдонда «олтин» учрашув ўтказилади.

Демак, «Сўғдиёна» жамоасининг Жиззахдаги биринчи ўйинда «Бунёдкор»ни мағлуб этганини (2:1) ҳисобга олсак, Жиззах клубининг ҳар қандай ҳисобдаги ғалабаси уларга 3-ўринни тақдим этади. Акс ҳолда «Бунёдкор» 3-ўрин эгасига айланади.

«Бухоро» ёки «Динамо». Очколар тенглашса, ким Суперлигада қолади?

Якунловчи турнинг яна бир интригаси лигада қолиш учун бўладиган ўйинлардир. Ҳозирда Суперлигада бир хил – 21 очкодан йиғган «Бухоро» ва «Динамо» клублари сўнгги турда лигада қолиш учун «ҳаёт-мамот жанги»да майдонга тушишади. Агарда, икки жамоа ҳам ғалаба қозонса ва «Қизилқум» мағлубиятга учраган тақдирда очколар сони тенглашса, ўзаро ўйинлардаги устунлик эвазига Навоий клуби ҳар қандай ҳолатда Суперлигада қолиши аниқ.

Ҳал қилувчи турда «Бухоро» ўз майдонида ОКМКни қабул қилса, «Динамо» Қаршида «Насаф» меҳмони бўлади. «Бухоро» ўзаро ўйинлар ҳисобида «Динамо»дан устунликка эга (0:0, 3:0). Шу боис, «Динамо»нинг лигада қолиш масаласи ўз ихтиёрида эмас.

 Агар, 26-турда:

- «Бухоро» ОКМКни мағлуб этса, Суперлигада қолади;

- «Бухоро» мағлубиятга учраса ёки дуранг ўйнаса ва «Динамо» ғалаба қозонса, Самарқанд жамоаси Суперлигада қолади.

- Икки жамоа ҳам дуранг қайд этса, ўзаро ўйинлар бўйича «Бухоро» Суперлигада қолади.

- «Бухоро» ҳам, «Динамо» ҳам мағлубиятга учраса, «Бухоро» лигада қолади.

 Шундай экан, сўнгги турда интригага бой ўйинлар кутиб турибди. Кўрамиз, кузатамиз.

 Усмон Ибодов тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз