Узбек O'zbek
«Мени ўзбек деб чақиришади» — сиз соғинган Николай Ширшов билан суҳбат
Пайшанба, 28 Ноябр
5383

Kun.uz Ростовга сафар қилганидан хабарингиз бор. Сафар давомида кўплаб қизиқарли суҳбатдошларни учратдик. Улардан бирини ҳеч бир футбол мухлиси унутмаган бўлса керак. Шахсан мен Николай Ширшов номини эшитган барча мухлисларнинг юзида табассум югуришига шубҳа қилмайман. Бутун жамоани руҳлантириб туриши билан ёдда қолган Ширшов айни дамда Ростовда истиқомат қилади.

Николай Ширшов билан «Ростов» машғулотларини суратга олиб бўлгандан сўнг Олимп-2 стадиони олдида учрашдик. Бир кун аввал Элдор Шомуродовдан Ширшовнинг рақамини олиб у билан қерда кўриша олишимиз мумкинлигини сўраганимизда, Коля ака «Ватанимдан келиб, мени қидириб юрасизларми, ўзим сизларни топиб бораман», деб жавоб берганди.

Стадион олдида кўришгач, Ширшов жуда яхши жисмоний ҳолатда эканини кўриб, унинг ҳамон футбол ўйнаётганини сездик. Камера қаршисида гаплашганга қадар мухлислар яхши эслайдиган собиқ футболчи билан анча нарсаларни эслашга улгурдик. Шу боис видеода айтилмаган гапларни сизларга сўзда етказамиз.

«Алматов йиғлаганди...»

Ширшов ўзи ўйнаган вақтдаги миллий жамоадаги футболчиларни эслар экан ўша вақтдаги футбол раҳбари бўлган Зокир Алматов ҳақида ҳам гапириб қолди. Собиқ ички ишлар вазири узоқ вақт ЎФФ раҳбари бўлганини эсласангиз керак. Ширшов Алматов ҳақидаги иккита хотираси билан ўртоқлашди: «Алматов футболни яхши кўрадиган одам эди. У қайсидир ўйиндан сўнг биз билан бирга йиғлаганди. Зокир ака менга битта антиквар совға қилган. Уни уйимда эҳтиётлаб қўйганман. Дарвоқе, энди менинг ҳам Ростовда уйим бор. Буни доим орзу қилардим. Хуллас Алматов совға қилган қилични жуда эҳтиётлайман, ҳатто хотинимга қўлинини теккизгани қўймайман».

«Онам бу қишлоқда қандай яшайсан дейди»

Ширшовнинг айтишича, ҳар йил декабрда Тошкентга бориб, байрамни ўтказишга ҳаракат қилади: «Таътилни декабрда олишга ҳаракат қиламан, чунки декабрда Тошкентга боришга одатланганман. Онам Чилонзорда яшайди. Уни Ростовга олиб келганман, аммо негадир мен яшаётган ерлар унга маъқул келмаган. Бу қишлоқда қандай яшаяпсан, дейди онам менга. У Чилонзорда метрога яқин жойда яшайди, бозор яқин, шу учун унга Тошкентдан яхши шаҳар йўқ.

Мен ҳам Тошкентга борганимда бозорларга бориб тураман. Бир куни бозорчилардан бири мени таниб қолди ва барча сотиб олган нарсаларим учун пул олмаслигини айтди. Ҳижолат бўлдим очиғи, аммо мени ҳамон эслашларидан хурсанд ҳам бўлдим. Одамларимиз жуда ажойиб мен сизга айтсам».

«Учқудуқ», музлатилган палов, чарвили кабоб

Ширшов айни дамда Ростовдан 50 километр узоқликдаги Новошахтинск шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган клубда мураббий бўлиб ишлайди. Унинг айтишича, жамоасини жуда яхши кўради: «Биз ўтган мавсум маҳаллий лигада иккинчи бўлдик ва бу клуб учун жуда яхши натижа. Биласизми, менинг жамоам ўйинларга «Учқудуқ» қўшиғи билан чиқиб келади. Буни албатта, мен жорий қилганман. Маҳаллий мухлислар ҳатто бу қўшиқни телефонларидаги мусиқа ўрнига ўрнатиб олишган. Бундан ташқари клубда тушликка тез-тез палов тайёрлаймиз. Ҳақиқий ўзбекча палов.

Ош тайёрлашни бошида билмасдим, кейин ажойиб кунларнинг бирида буни ўрганмасам бўлмаслигини англаб етдим. Бир куни ош егани ўзбекча кафега бордим. У ерда менга эски паловни иситиб беришди, чунки унинг орасидан муз чиқди. Музлатилган паловни иситиб беришганидан жаҳлим чиқиб, ошпазни чақиртирдим. У эса мени бу ҳақиқий ўзбекча палов эканига ишонтиришга тушди. Менга ўзбекча палов қандай бўлишини ўргатишнинг керакги йўқ, деб чиқиб кетдим ва ўзим ош тайёрлашни ўрганишга киришдим. Ахир ҳақиқий ўзбекча паловни мен билмасам, ким билиши мумкин? Мени бу ерда ўзбек деб чақиришади-ку. Бошида кўп маҳсулотни увол қилганим рост, аммо ўзимизнинг паловни тайёрлашни ўрганиб олдим.

Уйдагиларга кабобни ҳам ўзбекча тайёрлаб бераман. Бу ерда кабоб жуда катта ва бизники каби мазали бўлмайди. Мен гўштнинг орасига чарви қўшиб, кичкина, ихчам қилиб кабоб тайёрлашни яхши кўраман. Худди ўзимиздаги каби».

«Элдор Қосимовдан кейинги Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси»

Ширшов «Ростов» сафида ёрқин ўйин кўрсатаётган Элдор Шомуродов била қандай танишганини айтиб берар экан уни жуда яхши футболчи эканини айтиб, мақтади: «Элдор майдонда нималар қилаётганини кўряпсизми? Унда ҳужумчи учун керак ҳамма нарса бор: бўй, тезлик, бош билан ўйнаш. Элдор Қосимовдан кейин Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб ўйлайман. Ҳозирча бизда Қосимов даражасидаги футболчи чиқмади».

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтажчи Муҳаммаджон Ғаниев.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз