Узбек O'zbek
«Реванш» олинди. Шомуродовнинг дубли Ўзбекистонни гуруҳ пешқадамига айлантирди
Сешанба, 19 Ноябр
7556

ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи «D» гуруҳи 6-тури доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси Фаластин устидан ғалабага эришди.

 Саудия Арабистонига қарши учрашувдан фарқли равишда Вадим Абрамов Фаластин билан баҳс асосий таркибида Одил Аҳмедовни ҳимоя эмас, яримҳимоя чизиғига кўчирган бўлса, Отабек Шукуров ўрнига марказий ҳимояда Ислом Тўхтахўжаев, чап қанот ҳимоясида Фаррух Сайфиев ўрнига Олег Зотеев майдонга туширилди.

 Учрашувни ҳужумкор бошлаган вакилларимиз, 17-дақиқада Ҳожиакбар Алижоновнинг ўнг қанотдан етказган идеал узатмасини Элдор Шомуродов бош билан йўллаган зарба билан маромига етказди – 1:0.

Танаффусгача вакилларимизда ҳисобдаги фарқни ошириш имконияти бўлса-да, қатор аниқ зарбаларга қарамай, жамоалар биринчи бўлимни минимал ҳисобда якунлашди.

 Иккинчи бўлим ҳам вакилларимиз устунлигида бошланди. 58-дақиқада Одил Аҳмедовнинг етказган узатмасини бу сафар ҳам Элдор Шомуродов ажойиб зарбаси билан Рами Ҳамада дарвозасини иккинчи маротиба ишғол этди – 2:0.

 Ушбу ғалаба билан терма жамоамиз Фаластиндаги мағлубият учун «реванш» олишди. 1-турдаги сафардаги баҳсда миллий жамоамиз Фаластинга айнан 2:0 ҳисобида мағлуб бўлишганди.

 «D» гуруҳи 6-туридаги ғалаба билан Вадим Абрамов шогирдлари гуруҳдаги очколар сонини 9тага етказишди ва бу турда дам олган Саудия Арабистонни қувиб ўтиб, пешқадамга айланишди. Навбатдаги тур баҳорда эканлигини инобатга олсак, камида 26 мартгача гуруҳ пешқадами бўлиб турамиз.

 ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи.
«D» гуруҳи. 6-тур. 19 ноябрь
Ўзбекистон – Фаластин – 2:0

Бош ҳакам: Наваф Шукрулла (Баҳрайн).
Голлар: Элдор Шомуродов (17, 58)
 Ўзбекистон: 1.Элдор Суюнов, 3.Ҳожиакбар Алижонов, 5.Рустам Ашурматов, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 23.Олег Зотеев, 8.Икром Алибоев, 13.Санжар Қодирқулов, 9.Одил Аҳмедов, 10.Жалолиддин Машарипов (22.Жамшид Искандеров, 73), 17.Достонбек Ҳамдамов, (18.Сардор Собирхўжаев, 86) 14.Элдор Шомуродов (11.Темурхўжа Абдухолиқов, 78).
Фаластин: 22.Рами Ҳамада, 3.Муҳаммад Рашид (8.Муҳаммад Ямин, 55), 5.Ёсир Ҳамид, 7.Мусаб Баттат, 11.Ёсир Ислом (19.Маҳмуд Вади, 74), 14.Абдуллоҳ Жобир, 15.Абдуллатиф Баҳдари, 18.Солиҳ Чиҳадеҳ, 20.Назми Ал Бадави, 21.Ислом Батран, 23.Муҳаммад Дарвиш.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз