Узбек O'zbek
Ҳасанбой Дўсматов профессионал боксдаги фаолиятини нокаут билан бошлади (видео)
Якшанба, 17 Ноябр
15319

2016 йилги Рио олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов профессионал боксдаги фаолиятини муваффақиятли бошлади.

Профессионал бокснинг биринчи ўта енгил (-48,99 кг) вазн тоифасида мексикалик Хесус Сервантес Вильянуэвага (9-8, 5 KO) қарши дебют жангини ўтказган Ҳасанбой Дўсматов (1-0, 1 КО) муддатидан олдин ғалаба қозонди.

Мексикада бўлиб ўтган бокс оқшоми доирасида рингга чиққан Дўсматов 6 раундга мўлжалланган жангнинг иккинчи раундида кучли зарба билан мезбон боксчини полга қулатди ва ҳакам жангни тўхтатди.

Ҳасанбой Дўсматов профессионал рингга ўтиши ҳақида хабарлар шу йилнинг июлида тарқалганди. У бошқа кўплаб ўзбекистонлик боксчилар қатори «Мир бокса» промоутерлик компанияси билан келишув тузган (Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов ва Бектемир Мелиқўзиев).

Аввалига у 30 ноябрь куни Монакодаги бокс оқшомида дебют қилиши хабар қилинганди, кейинроқ у 10 ноябрь куни Хитойнинг Фужоу шаҳрида бўлиб ўтадиган бокс оқшомида ўзининг дебют жангини ўтказиши, унга хитойлик Де Бин Жу (3-1-1, 2 КО) рақиб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалганди. 16 ноябрь оқшомида ҳам у мексикалик бошқа бир боксчи Давид Мартинезга (8-3, 1 КО) қарши рингга кўтарилиши кутилганди, аммо сўнгги паллада унинг рақиби ўзгарди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз