Узбек O'zbek
Алишер Никимбаев: «Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳеч қачон футбол ўйнамайди, демаганман»
Шанба, 16 Ноябр
6061

Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев қозоғистонлик журналист Ойдин Кожахметнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари ўртасидаги 2007 йилда ўтказилган можароли ўйин ҳақидаги фикрларига муносабат билдирди.

Кожахмет ўз телеграм саҳифасида яқин орада Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари ўртоқлик баҳсини ўтказиши, натижада иккала мамлакатнинг футбол алоқалари тикланиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.

Бундан ташқари, 2007 йилда бу жамоаларнинг Чимкентдаги халқаро турнирда ўтказган ўзаро сўнгги ўйинини эслаб: «Ҳал қилувчи баҳсда Қозоғистон ва Ўзбекистон миллий жамоалари тўқнаш келди. Ҳисоб 1:1 бўлиб турганда Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Анвар Солиев дарвозабон билан юзма-юз чиқди. Аммо рақиб посбони уни жарима майдони ичида йиқитди. Қирғизистонлик бош ҳакам Дмитрий Машенцев ҳуштаги эса янграмади. Натижада, бутун ўйин давомида мезбонларга ён босиб турган ҳакамдан норози бўлиб турган ўзбекистонликлар делегациясининг асаби дош бермади. Улар қирғизистонлик ҳакамни ўртага олиб, қўпол тарзда эътироз билдиришди. Массажчи эса кўз ўнгимда қанот ҳакамига мушт туширди. Хуллас, жуда катта тўполон бўлди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманига меҳмонлардан фақат Ўзбекистон миллий жамоаси матбуот котиби Алишер Никимбаев келди. У юз берган тартибсизликлар тўғрисида ғазабланиб гапирди ва Ўзбекистон бундан кейин ҳеч қачон Қозоғистон билан футбол ўйнамаслигини эълон қилди. Яъни икки мамлакат ўртасидаги футбол алоқалари узилди», - деб ёзди.

Алишер Никимбаев матбуот анжуманидаги айтган гаплари бошқачароқ бўлганини таъкидлади.

«Ўзбекистон бундан кейин ҳеч қачон Қозоғистон билан футбол ўйнамайди, демадим. Балки, муносабат ўзгармаса, шундай бўлади, дедим. Чунки Чимкентдаги воқеалардан олдинги ўйинларда ҳам шундай ҳолатлар бўлиб турган. Умуман олганда, бу баҳсни озарбойжонлик ҳакамлар бошқариши керак эди. Бироқ, ташкилотчилар ўйинга қирғизистонлик ҳакамларни тайинлашди. Бу ҳолат озарбойжонликларни ҳам, қирғизистонликларни ҳам (Машенцевдан ташқари) жаҳлини чиқарди. Бу можаро учун шахсан ўзим ҳам мукофотдан маҳрум қилинганман», - деб ёзди Никимбаев «Футболиум» телеграм каналида.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз