Узбек O'zbek
Вадим Абрамов: «Рақибнинг голлари мантиқий бўлмади»
Пайшанба, 14 Ноябр
8324

ЖЧ—2022 сарлаши иккинчи босқичи 5-тури доирасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасида кечган ўйиндан сўнг ҳар икки терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда қатнашган Вадим Абрамов мухлислардан узр сўради.

«Футболда баъзан мана шундай омадсизликлар бўлади. Мухлислардан узр сўрайман, бугун ғалаба қозонишни жуда хоҳлагандик. Ҳаёт давом этади, ҳали «жанг қилиш»да давом этамиз.

Элдор ўйинни яхши ўтказди. Уни алмаштирмай балки хато қилгандирман, балки ҳиссиёт билан хато қарор қилгандирман. Биринчи бўлимда хато сабаб гол ўтказиб юбордик. Буни қўпол хато дея олмайман, пенальти бўлган вазиятни кўриш керак.

Одилнинг ҳимояда ўйнагани хато бўлмади. Биз тез тўпни йўқотдик ва ярим ҳимояда кўп хатолар бўлди.

Марказий ҳимояда бўйи паст футболчилар ўйнамоқда? Сиз Кримец ўйнамади демоқчимисиз? Биласизми, унинг бўйи баланд, лекин тезлиги юқори эмас. Биз ўз майдонимизда ҳужум қилишимиз керак эди ва бу тактикада қарши ҳужумлар бўлиши аниқ эди.

Иккинчи бўлимда рақибда айтарли вазиятлар бўлмади, шунчаки улар имкониятдан фойдаланишди. Рақибнинг голлари мантиқий бўлди деб ўйламайман. Ҳисоб тенглашганидан сўнг йигитлар учинчи голни уришни жуда хоҳлашди ва шу боис хато қилдик.

Рақиб 4 нафар ҳимоячи билан ҳимояланаётганди, футболчилар мухлисларнинг олқиши билан олдинга боришди ва кўп хато қилишди. Мен марказни тартибга келтириш учун Ҳамробековни туширдим, аммо йўқ жойдан иккита гол ўтказиб юбордик»,— деб мураббийнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз