Узбек O'zbek
Валерий Карпин: «Молиявий тўсиқлар «Ростов»ни ўлдириши мумкин, бундай таркибни йўқотиш аламли бўлади»
Чоршанба, 13 Ноябр
8981

«Ростов» клуби бош мураббийи Валерий Карпин жамоада молиявий муаммолар юзага келганлигини тасдиқлади. Россиялик мутахассис бу ҳақда «Спорт Экспресс» нашрига интервью берди.

- Вазият қанчалик жиддий?

- Жуда ҳам. Айримлар «Ростов»нинг чемпионлик учун нега кураша олмаслиги, Европа лигаси, Россия Кубоги ғолиблиги ҳақидаги берган саволларига энди жавобимни эслашади, деб умид қиламан. Ҳозирги ҳолатимизда юқори мақсадлар ҳақида гапиришнинг ўзи нотўғри. Биз аввало ҳолатимиздан келиб чиқиб гапиришимиз керак.

- Жамоанинг ойлик маошлардан қарздорлиги қанча?

- Уч ойлик. Афсуски, бу биринчи марта бўлаётгани йўқ. Бундай ҳолат ўтган йили ҳам, бу мавсум ҳам такрорланмоқда. Йигитларга раҳмат, барчасини тушуниб, сабр билан виждонан ишлашда давом этишмоқда. Аммо сабрнинг ҳам чегараси бор. Йигитларга фақат миннатдорчилик билдиришим мумкин, бироқ ҳозирги ҳолатимизда қанақадир жиддий мақсад ҳақида гапириш қийин.

— Жамоанинг сабр косаси тўлдими?

- Билмадим. Шу пайтга қадар мен бу ҳақда оғиз очмадим, оғир вазият клуб ичидан ташқарига чиқмаганди. Ҳозирда эса бундан барча хабар топди, энди сукут сақлашдан маъно йўқ. Бу ҳақда гапириш керак.

- Бундай вазиятда жамоани қандай бошқараяпсиз?

- Бунгача қандай бўлса, шундай.

- Футболчилар машғулотларга чиқмасликлари мумкинми?

- Ҳозирча барчасини ўз назоратимда сақлаб турибман. Ҳаммаси қачон, қаерда қулашини ҳозирча билмайман.

- Қарздорлик ҳолатини футболчилар сотувидан бартараф этилиши эҳтимоли қай даражада?

- Бунинг қанчалик эҳтимоллигини баҳолай олмайман. Барча маълумотлардан хабардор эмасман.

- Клуб президенти Арташес Арутюнянц ва спорт директори Алексей Рискин жамоани тарк этса, сиз ҳам клубдан кетасизми?

- Ҳа, бошқа бир қатор футболчилардек. Тўғри, менга клубда барчаси ёқади – ажойиб шаҳар, ажойиб мухлислар. Аммо клубни шу даражага етказган, асосий устунлардан бири бўлган Арташес Владимирович жамоани тарк этса, мен ҳам қолмайман.

- Жамоани тарк этсангиз нима билан шуғулланмоқчисиз?

- Уйга бораман, қизимнинг тарбияси билан шуғулланаман.

- Маълумотларга кўра, молиявий муаммолар клубнинг молиялаштирилиши тўсиб қўйилганига тақалмоқда...

- Бу клубни шунчаки ўлдириши мумкин. Билишимча ва эшитишимча ҳам шундай. Аслида ҳеч ким улардан ваъда қилинганидан ортиғини сўрагани йўқ. 

- Кимдан?

- Масалан, яқин вақтгача клуб бошқарувида бўлган вилоят вице-губернатори Гусковдан. Унинг бошқаруви давридан миллиардлаб қарзлар қолган. Ҳозирги клуб президенти эса жамоани барқарор ҳолатда сақлаб қолиш учун шунча вақтдан буён, ўша қарздорликни узиш билан банд. Бироқ, «Ростов» клуби эгаси саналмиш вилоят раҳбариятининг ёрдамисиз клубдаги оғир вазиятни бартараф этиш иложсиз. Ваъда қилинган гаплар амалда бажарилмаяпти.

- Масалан?

- Айтайлик, икки йил аввал вилоят раҳбарлари билан учрашувда ваъда қилинган янги база қурилиши қуруқ гаплигича қолди. Стадионнинг клуб ихтиёрига топширилиши айтилганди. Арена якунда кимнинг қўлига ўтиши ва у ерда ким ўйнашини кўришни истардим. Спорт вазири шахсан ўзимга стадион «Ростов» клубига берилишини ваъда қилган бўлса-да, бунга шубҳам бор.

Ҳамма ваъдалар ҳавода қолмоқда. Жамоа Арутюнянц ва Рискиннинг катта меҳнатлари эвазига йиғилганди. Бундай таркибни йўқотиш жуда аламли бўлади.

- Барчаси қандай якунланишини тахмин қилаяпсиз?

- Бу савол кўпроқ - «Ростов» клуби кимга керак, умуман олганда, жамоа қандай ҳолатда керак, дея берилган саволнинг жавобига боғлиқ. Бу муҳим.

Усмон Ибодов таржимаси.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз