Узбек O'zbek
Эрве Ренар: «Об-ҳаво совуқ, лекин Ўзбекистон ҳам жавоб баҳсини жуда иссиқ ҳавода ўтказади»
Чоршанба, 13 Ноябр
6933

Эртага, 14 ноябрь куни ЖЧ-2022 саралаши доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонини қабул қилади. Баҳс «Пахтакор» стадионида 17:00да бошланади. 

Ушбу ўйиндан олдинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Эрве Ренар қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

«Ҳаммага хайрли кун. Эртага гуруҳдаги энг муҳим ўйинлардан бирини ўтказамиз. Сўнгги натижалар туфайли бу ўйиннинг қиймати юқори. Фаластин билан ўтган баҳсдаги каби яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистон – қитъамиздаги энг кучли жамоалардан бири. Бизни қийин ўйин кутиб турибди. Бу жамоага қарши ўйинлар осон ўтмаган. Марокаш бош мураббийи сифатида Ўзбекистонга билан ўртоқлик ўйини ўтказганман. Ўшанда ҳам рақиб жиддий қаршилик туғдирган.

Фаластинга қарши сафарда ўйнаш қийин. Менимча, Ўзбекистон Фаластин билан ёмон ўйнамаган. Мен Куперни кучли мураббий деб ҳисоблайман.

Об-ҳаво борасида қийинчилик бор, албатта. Иқлимга мослашиш учун Ўзбекистонга 2 кун аввал келдик. Келганимизда ҳаво ҳарорати +3 даража эди. Ҳавонинг совуқлиги боис ўйинда одатдагидан кўпроқ югуришимиз керак. Унутмаслик керакки, жавоб ўйини июлда, ҳаво жуда иссиқ пайтда бўлади. Бу эса Ўзбекистонга ҳам муаммо туғдириши мумкин.

Осиё ва Африка қитъасидаги жамоаларни солиштириш учун узоққа бориш шарт эмас. Масалан, сўнгги жаҳон чемпионатида Саудия Арабистони Африканинг энг кучли жамоаларидан бири Мисрни мағлуб этди», – деб Ренарнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз