Узбек O'zbek
«Сити» ва «Ливерпуль» футболчилари терма жамоада жанжаллашди. Ҳодиса тафсилотлари
Сешанба, 12 Ноябр
18557

«Манчестер Сити» яримҳимоячиси Раҳим Стерлинг «Ливерпуль» ҳимоячиси Жо Гомес билан зиддиятга бориб, миллий жамоа қароргоҳида ҳам жанжал чиқарди. Натижада, кейинги ўйиндан четлатилди. Англиядаги сўнгги можаро тафсилотлари.

10 ноябрь куни Англия Премьер-Лигасида нафақат турнинг, балки мавсумнинг ҳам марказий ўйинларидан бири ўтказилди. «Ливерпуль» ўз майдонида «Манчестер Сити»ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада, пешқадамлик қилаётган «қизиллар» ва 4-ўринда бораётган «шаҳарликлар» ўртасидаги фарқ 9 очкога етди.

Аммо жамоатчилик диққат эътиборига голлар, узатмалар, сэйвлар каби ўйин тафсилотлари эмас, балки Жо Гомес билан Раҳим Стерлинг ўртасидаги зиддият тушди.

Сўнгги дақиқаларда Стерлинг жарима зарбаси ишлади ва Гомесдан тўпни тортиб олиб, тезроқ ўйинга киритишга ҳаракат қилди. Бироқ, «Ливерпуль» ҳимоячиси уни итариб юборди. Шундан кейин, ҳар иккаласи бир-бирини гавдаси билан туртиб, «чиройли сўзлар» билан «сийладилар».

Одатда бунақа «тўқнашувлар» деярли ҳар бир ўйинда юз бериб туради ва бу ҳолат ҳам тезда унутиб юбориладигандек туюлди. Аммо воқеалар ривожи бунинг аксини кўрсатди. Душанба куни Гомес ва Стерлинг яна бир бор тўқнаш келишди, бу сафар Англия миллий жамоаси қароргоҳида. Раҳим эса рақибига яна бир бор ташланди.

Sky Sports журналистлари Роб Дорсетт ва Каве Солхекол сўзларига кўра, Стерлинг Гомесга юзланиб: «Ўзингни ҳалиям жуда зўрман деб ҳисоблайсанми?», деган. Атрофдагилар уни ҳазиллашяпти деб ўйлаган. Аммо Раҳим ҳазил қилмаётган эди. У Гомеснинг олдига бориб, бўйнидан бўғган. «Ливерпуль» ҳимоячиси эса тезда орқага қадам ташлаган ва Раҳимга ҳеч нарса демаган.

Миллий жамоа раҳбарияти бу ҳолатга зудлик билан эътибор қаратди. Шу куннинг ўзидаёқ Англия Футбол Ассоциацияси матбуот учун баёнот бериб, Стерлинг 14 ноябрь куни ўтказиладиган Черногорияга қарши ўйиндан четлатилганини эълон қилди.

«Жамоамизнинг энг кучли томонларидан бири –клублар даражасидаги қарама-қаршиликни миллий жамоадаги ўйинлардан ҳар доим ажрата олганимиз бўлган. Афсуски, «Ливерпуль» – «Манчестер Сити» ўйинидаги ҳиссиётлар ҳали сўнмаган экан. Менимча, қилган ишимиз тўғри бўлди. Бу қарорни жамоанинг розилиги асосида қабул қилдик. Биз учун футболчиларни қўллаб-қувватлаганимиз ва эътиборимизни фақат пайшанба кунги ўйинга қаратганимиз муҳим эди», - деди бу ҳақида Англия миллий жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт.

Стерлинг ҳам хатосини тезда тан олди. «Манчестер Сити» яримҳимоячиси миллий жамоадагилардан узр сўради ва инстаграмда мухлисларга мурожаат қилиб: «Мен учун ўйин қанчалик муҳим эканини ҳамма билади. Мен бундай ишларга мойил эмасман. Жо билан гаплашиб, зиддиятга барҳам бердик ва энди олдинга қараб юрамиз. Ҳаммаси тугади, буни бўрттириш шартмас. Келинг эътиборимизни пайшанба кунги ўйинга қаратамиз», - деб ёзди.

Қайд этиш жоизки, Англия миллий жамоаси Черногорияни мағлуб этса, Евро-2020 йўлланмасини қўлга киритади. Раҳим Стерлинг саралаш мусобақасида 8та гол урган ва 5та голга ҳаммуаллифлик қилганини ҳисобга олсак, Англияга унинг хизмати етишмаслиги мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз