Узбек O'zbek
Аҳмедов – ҳимоячи? Бу футболимиздаги камчиликми ёки авантюра?
Сешанба, 12 Ноябр
8287

2011 йилги Осиё Кубогида Вадим Абрамов Одил Аҳмедовни ҳимоя марказида ўйнатганида бу кўпчилик учун авантюра бўлиб туюлганди. Ўша турнирга таркиб танланганда 23 нафар футболчининг қарийб ярми яримҳимоячилар эди ва ҳимоячилар етишмовчилиги юзага келганди.

Аммо кейинчалик бу ҳолат футболда трендга айланди. Марказий ҳимоячи жароҳатланганда «Манчестер Юнайтед» сафида бошқа ҳимоячи эмас Майкл Каррик ҳаракат қилди. «Рома» бир муддат де Россини марказий ҳимоячига айлантирди. Маскерано Аргентина терма жамоасида яримҳимоячи бўлса-да, «Барселона»да йиллар давомида тўлақонли марказий ҳимоячи сифатида тўп сурди. Бундай мисоллар жуда кўп.  

Вадим Абрамовдан нега Одил Аҳмедовни ҳимояга қўйилгани ҳақида сўралганида, шундай жавоб қайтарди: «Одил Аҳмедовнинг марказий яримҳимояда ўйнаши Саудия Арабистонига қарши ўйин учун ўйланган режами? Буни сир тутаман, ҳозирча Одилнинг ўйинидан завқ олиб туринг».

Шунингдек, бош мураббий ўз вақтида Франц Баккенбауэр, Лотар Маттеус каби футболчиларнинг яримҳимоядан марказий ҳимояга ўтказилишлари оқибатида, Германия терма жамоаси чемпион бўлгани ҳақида мисоллар ҳам келтирган.

Келинг, бироз тарихга мурожаат қиламиз. Нолинчи йиллар бошигача, жамоа ўйинини бошқариш, ҳужумларни ташкил қилиш учун «ўнлик» футболчилардан фойдаланар эдилар. Зидан, Баджо, Стоичков, Хаджи каби футболчилар ана шундай плеймейкер футболчилар саналишар, футболда бундайларнинг қадри жуда юқори эди.

Кейинроқ эса, футбол янада универсаллашиб борди ва таянч яримҳимоячилари елкасига кўпроқ масъулият туша бошлади. Бу ерда гап тўп назорати орқага сурилганидан эмас, аксинча, футболчилар жойлашуви олдинга қараб силжиганида эди. Авваллари, таянч яримҳимоячилари деганда, Гаттузо, Рой Кин каби яккакураш қироллари тушунилган бўлса, аста-секинлик билан Клод Макелеле, Маркус Сенна каби янада универсалроқ, тўпни назорат қила оладиган таянч яримҳимоячилари урфга кира бошлашди. Ҳозирга келиб, тўп билан муомала қилишда камчиликлари бўлган, техникаси яхши бўлмаган таянч яримҳимоячисини топиш қийин.

Бу бир бошланиш эди. Замонавий футболда ҳимоя чизиғи анча юқорида жойлаша бошлади, прессинг билан бир қаторда, тўпни ҳимояда назорат қилиш ва аниқ паслар билан ҳужумни бошлаш энг муҳим жиҳатга айланди. Пеп Гвардиола, Юрген Клопп каби мураббийлар ҳимоя блокини анча юқорига силжита олишди.

Марказий ҳимоячиларга бўлган талаблар ортди – энди у яхши позиция танлаш, бош билан яхши ўйнаш, курашувчанлик хусусиятларидан ташқари, тўп билан яхши муомала қилиши, ўзига яраша диспетчерлик қобилиятига эга бўлиши керак. Хуллас, ҳимоянинг бир неча метрга олдинга чиқиши оқибатида, энди жамоаларда марказий ҳимоячилар плеймекерга айланишди.

Аввалига, бу услубнинг ишлаши учун яримҳимоячиларга мурожаат қилинган бўлса, эндиликда ҳақиқий топ-ҳимоячи бу хислатларга ҳам эга бўлиши шарт. Серхио Рамос, Пике, Виржийл ван Дейк, Матс Ҳуммелс каби ҳимоячилар яқин ўтмишдаги Жейми Каррагер, Фабио Каннаваро ва Неманья Видич каби футболчилардан анча фарқ қилади.

Бу тушунарли. Лекин Абрамов яна 8 йил олдинги қарорга қайтганида бироз хавотирим бор.

Биринчидан, юқорида айтганимдек, бу тренд эскирди, эндиликда марказий ҳимоячилар шунга яраша тарбияланмоқдалар. Бу дегани, Ўзбекистонда мана шундай талабларга жавоб берувчи ҳимоячиларнинг йўқлигини англатадими? Яъни, Абрамов услубига мос равишда тўпни назорат қилиш, ҳужумларни аниқ паслар билан бошлаб бериш бўйича керакли хусусиятларни ўзида жамлаган марказий ҳимоячилар йўқми? Клубларда ҳозир ҳам таянч яримҳимоячиларнинг ҳимояда тўп сураётганини кўриб келмоқдамиз, масалан, Фернандиньо ҳозирда «Манчестер Сити»да ҳимояда ўйнаяпти. Лекин бу мажбурий характерга эга, Ляпорт, Отаменди каби футболчиларнинг жароҳати мана шу йўлни танлашга мажбур қилди. Лекин бирор терма жамоа мураббийининг ўз ўйинини мана шундай қарор устига қураётганини кўрмаяпман. Бу ҳолатнинг изоҳи янада кўпроқ қўрқитади – демак, биз замонавий талабларга мос бўлган марказий ҳимоячиларни тарбиялай олмаяпмиз. Клубларимиз бугунги трендлардан анча ортда қолиб кетишмоқда. Агар 2011 йилда Аҳмедовнинг марказий ҳимояга кўчирилиши хос воқеа бўлиб, Абрамов шу орқали, жамоани ўз услубига мослаштирган бўлса, эндиликда, шунчаки, замонавий, дунёда ҳамма ўйнаб турган футболга яқинлаштириш учун Аҳмедов ҳимояга қайтариляптими, деган хулоса пайдо бўлади.

Иккинчидан эса, Аҳмедов 8 йилга қариди, унинг тезлиги, жисмоний ҳолати ҳам шунга яраша ўзгаргани шубҳасиз. Масъулиятли ўйинларда бундай қарор энди ростан ҳам авантюра бўлиб қолмайдими?

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз