Узбек O'zbek
Вадим Абрамов: «Биздаги муаммо «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити»да ҳам бор»
Шанба, 09 Ноябр
4775

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Қирғизистон (3:1) миллий жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинидан кейинги матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Қирғизистон бизга муносиб рақиб бўлди. Ўйин ҳам яхши ўтди, захира футболчиларини синаб кўрдик. Афсуски фақат 6та алмаштиришга рухсат берилган, кўпчиликни синаб кўролмадик. Аммо бу ўйин фойдали бўлди.

Ўтказиб юборилган гол? Ҳар қандай жамоа рақиб имкон берганчалик ўйнайди. Кўп ҳужум қиладиган жамоа эса албатта гол ўтказади. «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити»да ҳам шундай муаммо бор. Бизда ван Дейк йўқ, шу туфайли имкони борича ўйнаяпмиз. Голни стандарт вазиятдан, бурчак зарбасидан ўтказиб юбордик. Буни ҳам таҳлил қилишимиз керак. Аммо рақибда бундан бошқа жиддий вазиятлар бўлмади.

Одил Аҳмедовнинг марказий яримҳимояда ўйнаши Саудия Арабистонига қарши ўйин учун ўйланган режами? Буни сир тутаман, ҳозирча Одилнинг ўйинидан завқ олиб туринг.

Ҳумоюн Муртазоев? Уни майдонга туширишни режалаштирган эдим. Аммо алмаштиришлар сони чеклангани боис, асосан кейинги ўйинда майдонга тушиши мумкин бўлган футболчилар хизматидан фойдаландим. Холмуҳаммедов чарчаб қолганидан сўнг, уни алмаштиришга мажбур бўлдик. Натижада Муртазоевга имкон беролмадик. 

Саудия Арабистонига қарши якуний таркиб? Кўрамиз, ўйин энди тугади. Ҳаммасини таҳлил қиламиз, касаллар, жароҳатланганлар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, баъзи футболчиларни олимпия жамоасига қўйиб юборамиз, бу ҳақда келишув бор. Олимпия жамоасининг олимпиадага йўл олишини ҳаммамиз истаймиз. Бу миллий жамоа учун ҳам фойдали», - деб Абрамов сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз