Узбек O'zbek
Ҳафта ўйинлари: Англияда «Ливерпуль» - «Манчестер Сити», Германияда «йил ўйини», Италияда азалий рақиблар тўқнашуви
Жума, 08 Ноябр
11234

Ҳафта ўртасидаги Еврокубоклардаги ўйинлардан кейин дам олиш кунларида ҳам мухлисларни бир қатор марказий ўйинлар, азалий рақиблар ўртасидаги қарама-қаршиликлар кутиб турибди. “Уик-энд”да қуйидаги учрашувларни томоша қилишни тавсия қиламиз.

 «ЛЕСТЕР» – «АРСЕНАЛ»
Англия Премьер-лигаси. 12-тур
9 ноябрь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти:
22:30
ТВ-трансляция: «Futbol TV»/«UzReport TV»

Брендан Рожерс қўл остида Клаудио Раньери даврини эслаётган “Лестер” ушбу турда Лондоннинг “Арсенал” клубига қарши майдонга тушади. “Тулкилар”нинг сўнгги 8 та ўйиндан фақатгина “Энфилд”да “Ливерпул”га сўнгги сониялардаги пенальти эвазига мағлуб бўлганлигини айтмаса, қолган 7 та учрашувда ғалабага эришишди. Бунинг эвазига Рожерс жамоаси Премьер-лигада 3-ўринга чиқиб олган бўлса, клуб етакчиси Жейми Варди энг яхши тўпурар бўлиб турибди. Қизиғи, йил бошида “Лестер” етакчи ҳимоячиси Харри Магуйрни рекорд суммада “МЮ”га трансфер қилган бўлса-да, ҳозирга келиб айнан “Тулкилар” ҳимоя қўрғони Премьер-лигада энг яхшиcи бўлиб турибди – 11 ўйинда 8 та гол ўтказишган.

“Лестер”дан икки поғонада пастда бораётган “Арсенал” эса сўнгги учта ўйинда юта олмади – сафарда “Шеффилд”га мағлубият, Лондонда эса “Кристал Пэлас” ва “Вулверхэмптон” билан дуранг. Эмери жамоаси ўтган 11 тур давомида фақат 1-турда сафардан ғалаба билан қайта олишган, холос (“Ньюкасл”, 0:1). Орадан 10 тур ўтиб, “Тўпчилар” бу муваффақиятни такрорлашга уринишади.

 Факт: «Лестер» жорий мавсумда ҳали уйида мағлубиятга учрагани йўқ.

 Лестердаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:
2018/19. Лестер – Арсенал 3:0
2017/18. Лестер – Арсенал 3:1
2016/17. Лестер – Арсенал 0:0

«БАВАРИЯ» – «БОРУССИЯ» Д
Германия Бундеслигаси. 11-тур
9 ноябрь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти:
22:30
ТВ-трансляция: «Sport TV»

Ушбу ҳафтада мухлисларни Германияда сўнгги йилларда “йил ўйини” мақомини олган “Бавария” – “Боруссия” учрашуви кутиб турибди. Ўтган 10 турдан буён пешқадамлар жуда кўп алмашаётган Бундеслигада ҳозирча камида 9 жамоа совринли ўринлар учун кураш олиб бораётган бўлса-да, мутахассислар мавсумнинг ярмига келиб айнан “Бавария” ва “Боруссия” Дортмунд рақобатчиларидан ўзишини тахмин қилишаётганди. Аммо, сўнгги турда “Айнтрахт”дан қабул қилиб олинган 5:1 ҳисобидаги қақшатқич зарбадан сўнг бош мураббий Нико Ковач истеъфога чиқарилгач, «Мюнхен клуби аввалги гегемонлигини сақлаб қола оладими?» қабилидаги саволлар янграмоқда. “Бавария” айнан Дортмунд клубига қарши ўйиндаёқ юқоридаги саволларга чек қўйиш имкониятига эга.

Люсьен Фавр бошчилигидаги “Боруссия” 2-ўринда бораётган бўлса-да, Бундеслига доирасида сўнгги ва сафардаги ягона ғалабасига август ойида эришганди. Ўшандан буён сафарда ғалаба қозона олмаяпти. “Асал арилар” Мюнхен клубидаги мураббийлар алмашинуви ва “нокаут” таъсиридан фойдаланиб қолишса, пешқадамлик учун катта қадам ташлаган ва беш йиллик нохуш анъанага чек қўйган бўлишади.

 Факт: “Боруссия” Дортмунд Бундеслига доирасида сўнгги марта 5 йил аввал - 2014 йилда “Бавария”ни Мюнхенда мағлуб эта олган - 0:3.

 Мюнхендаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:
2018/19. Бавария – Боруссия Д – 5:0
2017/18. Бавария – Боруссия Д – 6:0
2016/17. Бавария – Боруссия Д – 4:1

 «ЮВЕНТУС» – «МИЛАН»
Италия А Серияси. 12-тур
10 ноябрь (якшанба)
Ўйин бошланиш вақти:
00:45
ТВ-трансляция: «Futbol TV»/«UzReport TV»

 Италия А Сериясининг ушбу азалий рақиблари ўртасидаги учрашув жарангдор янграса-да, бугунга келиб жамоалар ўртасидаги фарқ катталашиб кетган. Апенин ярим оролида гегемонликни ўрнатган Турин клубига “Милан”дан кўра, Миланнинг ҳамшаҳри – “Интер” кўпроқ рақобат уйғотмоқда. “Ювентус” турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган бўлса-да, бирорта учрашувда осонлик билан ғалаба қозона олмаяпти. Сарри шогирдлари минимал ғалабалар эвазига “Интер”ни ортда қолдиришмоқда. “Кекса синьоралар” сўнгги марта А Серия доирасидаги ўз майдонларида 2017-18 йилги мавсумда “Наполи”га (0:1) мағлуб бўлишган. Ўшандан буён А Серияда бу ишни такрорлайдиган жамоа топилаётгани йўқ.

“Милан” эса Пиоли бош мураббийга айлангач, ўтказилган 4 учрашувдан фақат биттасида “СПАЛ”ни мағлуб этган бўлса, “Рома” ва “Лацио”га мағлуб бўлди, “Леччи” билан дуранг қайд этди. Туриндаги ғалаба “Юве” пешқадамлигини мустаҳкамласа, “Милан”ни янада қуйироқ ўринларга “улоқтириши” мумкин.

 Факт: “Ювентус” сўнгги марта Туринда “Милан”га 8 йил аввал, 2011 йилда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган.

 Туриндаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:
2018/19. Ювентус – Милан - 2:1
2017/18. Ювентус – Милан - 3:1
2016/17. Ювентус – Милан - 2:1

«ЛИВЕРПУЛЬ» - «МАНЧЕСТЕР СИТИ»
Англия Премьер-лигаси. 12-тур
10 ноябрь (якшанба)
Ўйин бошланиш вақти:
21:30
ТВ-трансляция: «Futbol TV»/«UzReport TV»

Англия Премьер-Лигасида нафақат ушбу ҳафтанинг, балки мавсумнинг энг муҳим ўйинларидан бири якшанба куни ўтказилади. Мағлубият нималигини билмаётган Юрген Клопп жамоаси Пеп Гвардиоланинг “Манчестер Сити”сига қарши саф тортишади. Икки мавсумдан буён чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида гавдаланаётган бу клублар ўртасидаги “жанг” икки томон учун ҳам жуда муҳим. “Энфилд”да “Қизиллар” ғалаба қозонган тақдирда, 12-турдаёқ энг яқин таъқибчиларидан 9 очколик масофани таъминлашади. Ўтган мавсум якунида бу жамоалар ўртасидаги чемпионлик фарқи 1 очкони ташкил этганлигини инобатга олсак, бу мерсисайдларга катта устунлик бериши мумкин. “Шаҳарликлар”нинг ғалабаси эса ҳозирги 6 очколик фарқни 3 тагача қисқартириши мумкин. Шундай экан, Гвардиола чемпионлик интригаси давом этиши учун ҳам уч очкодан бошқа натижани кўзламаса керак. Айниқса, Клоппни ўзидан бошқа мураббийлар мағлуб эта олмаётган бир пайтда. Кўрамиз, Гвардиола “Ливерпул”нинг мағлубиятсиз сериясини буза олармикан?

 Факт: “Ливерпуль” сўнгги марта Премьер-Лига доирасида “Энфилд Роад”да “Манчестер Сити”га 2002/03 йилги мавсумда мағлуб бўлган. 16 йилдирки, “Манчестер Сити” “Ливерпул”ни сафарда мағлуб эта олмаяпти.

 Ливерпулдаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:
2018/19. Ливерпуль – Манчестер Сити – 0:0
2017/18. Ливерпуль – Манчестер Сити – 4:3
2016/17. Ливерпуль – Манчестер Сити – 1:0

Усмон Ибодов тайёрлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз