Узбек O'zbek
Вальверде декабрдаёқ алмаштирилиши мумкин. Унинг ўрнига Аргентинадан мураббий келиши кутилмоқда
Пайшанба, 07 Ноябр
6781

Аргентиналик собиқ футболчи, ҳозирда мураббийлик фаолияти билан шуғулланаётган Клаудио Борги «Барселона»нинг кейинги мураббийи ким бўлишини айтди. Унинг сўзларига кўра, айни вақтда «Ривер Плейт»ни бошқараётган Марсело Гальярдо декабрь ойида «Барселона»да Эрнесто Вальверде ўрнига иш бошлайди.

«Гальярдо декабрь ойида «Барселона» бош мураббийи этиб тайинланади. Эрнесто Вальверденинг иши юришмаяпти, Гальярдо эса – жаҳоннинг энг кучли мураббийларидан биридир.

Мендаги маълумот ишончли манбадан», – дея Боргининг сўзларини келтирмоқда TNT Sports.

Айни вақтда 43 ёшда бўлган Гальярдо «Ривер Плейт», «Монако», «ПСЖ», «Ди Си Юнайтед» ва Уругвайнинг «Насьонал» клубларида тўп сурган.

У 2014 йилда «Ривер Плейт» бошқарувига келиб, клуб билан икки марта Либертадорес кубогида ғолиб чиққан. Унинг клуб билан шартномаси 2021 йилгача тузилган.

Бундан аввалроқ ОАВда агар каталонияликлар қониқарсиз натижалар кўрсатишда давом этса, Эрнесто Вальверде ишини йўқотиши ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Кейинроқ клуб президенти Хосеп Бартомеу Вальверде мавсум якунига қадар ўз жойида қолишини маълум қилди.

Айни дамда «Барселона» 22 очко тўплаган ҳолда Испания чемпионати турнир жадвалини бошқариб турибди. Аммо жамоа чемпионатнинг 12-турида «Леванте»га мағлуб бўлди (1:3), ЕЧЛнинг 4-турида эса «Славия» клуби дарвозасига гол ура олмади (0:0).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз