Узбек O'zbek
Жануб бўлинмай қолди. «Буқалар» ирода кўрсатган супер дербидан фотогалерея
Душанба, 04 Ноябр
1938

Россия чемпионати 15-туридан ўрин олган «Краснодар» — «Ростов» ўйини чинакам дербига мос драматик тарзда ўтди. Россия жанубининг энг зўри ким деган саволга жавоб излаган «Краснодар» ва «Ростов» мухлисларга супер ўйинни тақдим этишди.

Ўйинга бўлган қизиқиш жуда катта эди. Буни Ростовдан Краснодарга 4 мингдан кўпроқ мухлис келганидан ҳам билиш мумкин эди. Ўйин бошланиши олдидан «Краснодар» стадиони атрофидаги кўркам боғ ростовлик мухлислар билан гавжум бўлди. Шу ўринда ЖЧ-2018 олдидан очилган Краснодардаги стадион жуда чиройли эканини ҳам таъкидлаш керак.

Тўрт томони ҳар хил боғ ва хиёбонлар билан ўралган стадионга ўйиндан 3-4 соат олдин келсангиз ҳам, ачинмаймиз. Чунки стадион атрофида хиёбонлар жуда кўп ва кўркам. Стадион атрофида минглаб одамлар ўтириши мумкин бўлган ҳар хил дизайндаги ўриндиқлар ҳақида алоҳида гапирса бўлади. «Краснодар» стадиони чиндан Россиядаги энг кўркам ареналардан бири эканига гувоҳ бўлдик.

Энди ўйинга келсак. Карпин «Спартак»га қарши кубок баҳсида асосий таркиб футболчиларига дам бериб, «Краснодар»га қарши ўйинга яхшироқ ҳолатда етиб келишни мақсад қилганди. Бир қарашда шундай бўлди ҳам...

Бир-бирини жуда яхши тушунадиган Элдор Шомуродов ва Алексей Ионов 34-дақиқада чиройли голни уюштиришди. Элдор қанотга қараб кетаётгандек ҳаракат қилиб, тўпни орқасидан очилаётган Ионовга ташлаб берди ва Лёша узоқ бурчакни аниқ нишонга олди — 0:1.

41-дақиқага келиб «Ростов» яна битта гол урди. Ҳимоячилар жарима майдончасига узатилган тўпни қайтаришда хатога йўл қўйишди ва тўп Ионовга келиб тушди. Алексей бу гал чап оёқда дарвозани ишғол қилди — 0:2.

Иккинчи бўлимда ҳам бир қарашда Карпин жамоаси ўйинни назорат қилаётгандек эди, аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда ҳаммаси ўзгариб кетди. 90+3-дақиқада Иван Игнатев дарвозабон билан яккама-якка чиқиб бориб, гол урди. Бу гол ВАР кўрилгач ҳам бекор қилинмади. 90+5-дақиқада эса Урош Спайич бош билан гол уриб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди.

Шу тариқа бутун ўйинни қаҳрамонларча ўтказган ва хотиржам ғалаба сари одимлаётгандек кўринган «Ростов» қандайдир икки дақиқа ичида йил камбэки «қурбонига айланди». Kun.uz мухбири ўйинни стадиондан кузатди ва қуйида «Краснодар» ва «Ростов» ўртасидаги супер ўйиндан тайёрланган катта фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз