Узбек O'zbek
Чемпион ҳикоялари: Неманья Матич. Қабристондан «Олд Траффорд»гача...
Душанба, 04 Ноябр
11186

Мухлисларга «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»даги ўйинлари орқали таниш бўлган, сербиялик яримҳимоячи Неманья Матич «МЮ» расмий сайти учун ўз болалиги, ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

Тўп девордан ошиб кетаётганини кўриб, бир зум қотиб қоласан. «Тош, қайчи, қоғоз»дан бошқа умид қолмади. Тўпни олиб келиш учун фақат шундан фойдаланиш мумкин, чунки ҳеч ким нарёққа ўтишни истамайди. Ахир ким ҳам қабристон ҳовлисига тушишга рози бўларди? Ўзим катта бўлган серб қишлоғидаги илк футбол майдоним ўша бўлган. Қабристонга туташган лойқа ер.

У ерда ўт ўсмасди, шунинг учун майдон об ҳавога қараб, ё жуда лой ёки жуда қаттиқ бўларди. Шу даражада дўнг, ўнқир-чўнқир эдики, тўп айтилган жойга етиб бормасди, ёки кутилмаганда сенинг олдинга келиб қолиши мумкин эди. Доим тўпни кузатиб, ҳамма нарсага тайёр туриш шарт эди.

Мен аҳолиси 1500 киши бўлган кичик қишлоқда катта бўлганман. Дўстларим кўп эди, бутун ёшлигим футбол билан ўтган, шунинг учун майдон танлаш имконияти йўқ эди – шунчаки, ўша ерга бориб ўйнардик, шу. Уйга қайтганимда эса, ота-онам фақат кўзларимдан таниб олишар, чунки бутун вужудим лойга ботган бўларди. 

Аммо бу ҳаёт менга ёқарди. Футбол оиламиз учун ҳам муҳим эди. Отам футболчи бўлган. Акам ҳам футболчи, ҳозир у «АПОЭЛ»да ўйнайди, табиийки, мен ҳам уларнинг йўлидан кетдим. Отам менинг биринчи мураббийим бўлган, лекин унинг қўл остида шуғулланишни ёмон кўрардим. Ҳатто бир ўйинда бешта гол урсам ҳам, у ёмон ўйнаганимни айтар, доим нимадандир камчилик топарди. Бошқа болаларга, ҳатто акамга нисбатан ҳам бунчалик қаттиққўл эмасди, лекин мендан нуқул кўпроғини кутарди. Доим.

Бир куни ниҳоят у менга яхши ўйнаганимни айтди. Албатта, буни жуда яхши эслайман. Европа Лигаси ярим финалидаги «Бенфика» – «Фанербаҳче» учрашув эди. «Сен яхши ўйнадинг» – деди у ўйин тугагач. Бу биринчи ва охирги марта эди. Мен ҳеч қачон нега у менга бу қадар талабчан эканини тушунмасдим, аммо кейинчалик, ортга қараганимда, ҳаммаси менинг фойдамга бўлганини тушундим. Лекин етти ёшли Неманья, албатта, отаси қўл остида шуғулланишни ёмон кўрарди.

Ёзги таътилларда бирор ерга саёҳатга боришга қурбимиз етмасди, лекин бу мен учун яхши ҳам эди. У пайтларда мамлакатимиз оғир иқтисодий аҳволда бўлган, шундай бўлса-да, ўз уйимда ўтказган таътилларим менга жуда ёқарди. Биз футбол, волейбол, баскетбол ўйнардик, қўшни қишлоқлар билан биргаликда ҳар хил турнирлар уюштириш билан вақт ўтказардик. Бутун ёз мана шундай мусобақалар билан ўтарди. Айниқса, бошқа қишлоқлардан жамоалар келганида, турнир янаям қизир, кўнглимизда худди «Партизан» ва «Црвена Звезда» қарама-қаршилиги каби, жуди шиддатли олов ёнарди. Биз ўз қишлоғимиз учун ўйнар эканмиз, бошқа жойдан келиб, мағлуб этишларига чидай олмасдик.

Ўн ёшимда, мана шундай турнирларнинг бирида, уйимизга яқин бўлган бир стадионда ўз ўйинларини ўтказадиган клубнинг тренери мени пайқаб қолди. Олдимга келиб, ёшимни сўради. Мен 1988 йилда туғилганимни айтдим.

«Йўғ-е, сен аниқ ёшингни билмасанг керак», - деди у. Менимча, ёшимни каттароқ деб ўйлади. У отамнинг танишларини топиб, телефон қилди. Отам ҳам айтгач, менинг 1988 йилда туғилганимга ишонди. Унинг жамоаси Югославиянинг энг кучли клубларидан бири эди. Отамга менинг мамлакатнинг энг кучли 16 жамоаси қатнашадиган мусобақада синаб кўрмоқчи эканини айтди.  

Биз ўша турнирда ғолиб чиқдик, мен эса, энг яхши ўйинчи деб топилдим. Сўнг, «Црвена Звезда» ва «Партизан» менга таклиф билан чиқишди. «Црвена Звезда»ни танладим.

У ерда тўрт йил ўйнагач, мен у қадар яхши ўйнай олмаётгаимни ва жамоани тарк этишим мумкинлигини айтишди. Мен Белградга жойлашиб олган ва шу ердаги мактабга қатнашим боис, шу шаҳардан ўзимга бошқа клуб излай бошладим. Бўш эканимни билган «Партизан» мураббийи ҳам мени ўзига чақирди. Бир йил ўтиб эса, у ерда ҳам кетишим мумкинлигини айтишди. Бундай пайтларда нима қилишинг мумкин? Албатта, уларнинг ноҳақ эканликларини исботлашинг керак.

Кейин, илк бошлаган клубимга қайтдим. Орадан бироз вақт ўтиб, 18 ёшга кирганимда, Сербиянинг учинчи дивизионига бордим. Ярим йилни ўтказиб, Словакиянинг биринчи лигасидаги «Кошице»га жойлашдим.

Икки ярим йил ўтиб «Челси», кейин «Бенфика», сўнгра Лондонга қайтиб, ниҳоят «Манчестер Юнайтед» ўйинчисига айландим. 

Мен айниқса, онамдан миннатдорман. У доим яхши ўқишимни истарди, дарслардан кўра футболга эътибор беришимни ёқтирмасди. Эсимда, клубда ўйнай бошлаганимда, ўқитувчимга баъзи дарсларга кела олмаслигимни, ўйинлар борлигини айтганимда у, «Яхши, лекин бу ҳақида ота-онанг менга айтишлари керак. Сан ҳали боласан», деди.

Бу ҳақида онамга айтишим осонмасди. Унинг мактабимга бориб, футбол учун бир нечта дарс қолдиришимни сўраши, ақл бовар қилмас иш эди. У йиғлаб юбораёзди. Қароримни қабул қилиши, мени қувватлаши осон эмасди. Лекин онам ўз орзуларига қарши борди ва айтганимни қилди. Айнан у туфайли мен футболда қолдим.

Ушбу мавсум олдидан мен таътилни ўз ватаним – Убеда ўтказдим. Бу мен учун энг узоқ таътил эди. Убедаги энг яхши нарса – у ернинг одамлари. Сингапур, Хитой ёки бошқа жойларда турнелар қилганимизда учратган одамларимиз бошқача, улар учун бизни кўриб қолишнинг ўзи катта воқеа бўларди. Убеда эса, ҳаммаси оддий. Ҳамқишлоқларим олдимга келишади ва «Неманья, қалайсан, ишлар жойидами?» деб сўраб, ўтиб кетишади. Бундай муомала мени хурсанд қилади. Ўзимни уйдагидек ҳис қиламан. Эрталаб туриб, болалар билан бассейнга борамиз, кейин мен ўғлимни футбол ўйнашга олиб бораман. Рафиқам билан яқинроқдаги кафеда ўтириб, кузатамиз. Бу ерда ҳамма қатори оддий инсонга айланаман.

Мен ҳали ҳам болаликдаги дўстларим билан алоқадаман. Биргаликда футбол клубига асос солдик. Бир куни кечки овқатда бирга ўтириб, шунақа қарорга келдик – «келинглар, бир клуб ташкил қиламиз ва энг қуйи лигадан юқорида олиб чиқамиз».

Дастлабки икки йилда биз ҳамма ўйинда ғолиб чиқдик. 47 ғалаба бизни бирданига уч лига юқорига, тўртинчи дивизионга олиб чиқди. Ўтган йили у ерда саккизинчи ўринни олдик. Уёғи нима бўлади, ҳали кўрамиз. 

Сербияда кўпчилик хориж клубларига мухлислик қилишади, асосан серб футболчилари тўп сурадиган жамоаларни танлашади. Шунинг учун кўп серблар «Юнайтед»га ишқибоз. Битта мен учун эмас, бир пайтлар Неманья Видич ҳам тўп сургани учун. Бранислав Иванович туфайли «Челси» мухлислари ҳам кўпайган. Илгари Деян Станкович ўйнаб юрганда «Интер»га ҳам мухлислик қилишарди ва ҳоказо.

Болалигимда мен ҳам шунга қараб ўзимга клуб танлардим. Сербияда «Црвена Звезда»га, Европада эса, кўпроқ «Валенсия»га мухлис эдим. Чунки Валенсияда отамнинг дўсти Мирослав Жукич тўп сурарди. Жукичнинг ўғли ҳозир Манчестерда яшайди ва биз дўстмиз. Дунё қанчалар тор, шундай эмасми?

Менга Сербияда бўлиш ёқади, лекин Убедаги кўчалардан бирига менинг номимни беришганида чинданам ҳайрон қолдим. Аввалига, илк эшитганимда ишонмагандим, лекин кейинроқ, ўша кўчадан ўтиб бораётганимда бироз ғалати кўринди. Ҳалигача тушунмайман. Балки 20-30 йилдан кейин, ўз ўтмишимга қараб, ҳа, нимадир яхши ишлар қилганман, дерман, лекин ҳозир ҳаммаси бироз бошқача. Албатта, ҳамқишлоқларим мени қадрлашидан, улар учун нимадир қилгандек ҳисоблашларидан фахрланаман ҳам.

Ўша қабристон деворидан ошиб, анча узоқ йўл босишимга тўғри келди.

Неманья Матич

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз