Узбек O'zbek
Моуриньо «Арсенал» директори билан тушлик қилди
Якшанба, 03 Ноябр
6441

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ бош мураббийи Жозе Моуриньо «Арсенал» директори Рауль Санльеи билан тушлик қилди. Бу ҳақда The Times манбаси хабар тарқатди.

Газета маълумотига кўра, лондонликлар клуби раҳбарияти жамоа бош мураббийи Унаи Эмери ва футболчилар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашиб бораётганидан, шунингдек мураббий ва футболчилар ўртасида тил муаммоси мавжудлигидан ташвишланишмоқда. Жамоанинг сўнгги ўйинларидаги натижалари испаниялик мутахассисга нисбатан ишончни сўндирмоқда.

Айни вақтда «Арсенал» АПЛни яхши биладиган ва машҳур бўлган, жамоа билан яхши натижаларга эриша оладиган мутахассисни янги бош мураббий этиб тайинлашни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, «канонирлар»га футболчилар билан мулоқотда тил борасида муаммо сезмайдиган мураббий керак.

«Арсенал» директори билан учрашув вақтида португалиялик мутахассис жамоани келгусида қандай ҳолатда кўраётгани ва таркибда қандай ўзгартиришлар қилиниши кераклиги ҳақида фикрларини билдирган. Моуриньонинг режалари Санльеида катта таассурот уйғотгани айтилмоқда. 

Бундан аввалроқ, Жозе Моуриньо «Арсенал» таклифини кўриб чиқишга тайёрлиги, у учта инглиз клуби билан соврин ютишни истаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо унга клубни совринлар учун курашувчи жамоага айлантириш учун директорлар кенгаши томонидан етарли миқдорда маблағ ажратилиши кафолатланган бўлиши керак.

Сўнгги иш жойи «Манчестер Юнайтед» бўлиб қолаётган Моуриньо ушбу жамоа билан Европа Лигасида ва Англия лигаси кубогида ғалаба қозонган. Ундан аввалроқ икки марта «Челси»ни бошқариб жами 8та соврин қўлга киритган (3та — АПЛ, 1та — Англия Кубоги, 3та — Англия Лигаси кубоги ва 1та — Англия Суперкубоги).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз