Узбек O'zbek
Шомуродов кеч қўшилган ва Хенрик Ларссоннинг ўғли қаҳрамон бўлган «Спартак» — «Ростов» ўйинидан фотогалерея
Жума, 01 Ноябр
2042

Россия Кубоги нимчорак финалидан ўрин олган «Спартак» ҳамда «Ростов» жамоалари ўртасидаги ўйин 2:1 ҳисобида москваликлар фойдасига ҳал бўлди. «Ростов» шу куни иккинчи таркиб билан ўйнади, чунки Карпин 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган «Краснодар»га қарши дербига тайёрланишга мажбур эди.

Ўйиндан сўнг Карпиндан нега иккинчи таркибни туширганини, «Зенит» каби ҳар икки мусобақада ҳам асосий таркибда ўйнаш имкони бор-йўқлиги ҳақида сўрашди. Ростовликлар мураббийи эса «Зенит»нинг молиявий имконияти катта эканини, «Ростов» эса доим асосий таркиб билан ўйнай олмаслигини айтди.

Ўйинда «Спартак»нинг швециялик ҳужумчиси Йордан Ларссон иккита гол урди ва жамоасига ғалаба келтирди. Дарвоқе, бу швециялик машҳур ҳужумчи Хенрик Ларссоннинг ўғли. Карпин ҳисоб 0:2 кўринишига келгач, асосий таркибнинг икки вакили Хорен Байрамян ва Элдор Шомуродовни майдонга туширишга мажбур бўлди. Бу эса ўз самарасини берди.

Элдор Шомуродовнинг феноменал ҳаракатларидан сўнг яна бир захирадан ўйинга қўшилган Александр Долгов гол урди. Бу Сашанинг мавсумдаги илк голи бўлди. Голдан сўнг Шомуродов ва Байрамян натижани ўзгартириш учун яна ҳаракат қилишди, аммо уларга вақт етмади. Шу тариқа «Спартак» 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга чиқди ва ЦСКА билан ярим финал йўлланмаси учун ўйнайдиган бўлди.

«Спартак» бош мураббийи Доминико Тедеско ўйиндан сўнг ростовликларни мақтаб, айниқса ҳужум чизиғининг кучли эканини, жамоа худди машина каби тартибли ўйин кўрсатишини айтди. Kun.uz мухбири ўйинни стадиондан кузатди ва қуйида «Спартак» — «Ростов» ўйинидан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз