Узбек O'zbek
«Ливерпуль» чемпионми? Англиядаги асосий рақобатга назар
Пайшанба, 17 Октябр
15678

Германияда ишлаб юрганида Пеп Гвардиола шундай деганди: «Совринлар сўнгги саккиз турда ютилади, аммо дастлабки саккиз турда ютқазилади». Бу мантиқдан келиб чиқсак, Англия Премьер Лигасининг саккиз туридан сўнг, «Ливерпуль»дан саккиз очко ортда бораётаган «Манчестер Сити» совринни бой бердими? Ўртадаги бу фарқ ҳаққонийми? Нега «Манчестер Сити» муваффақиятсизликка учради? Bombardir.ru журналистлари шу мавзуга тўхталишди.

Мавсум бошида «Ливерпуль» кучли, лекин бу даражада эмас.

Дарҳол xG жадвалига юзланамиз. Бу ҳисоб-китобнинг бир тури бўлиб, жамоаларнинг яратган хавфли вазиятлари ва ўз дарвозаси олдида рақибларга берилган имкониятлардан келиб чиқиб, коэффициентлар ҳисобланади ва шу тариқа асл картинани кўриш имконияти ошади.

xG – жамоа яратган хавфли вазиятлар коэффициенти, xGA – рақибга берилган имкониятлар, xPTS – ушбу ҳисоб-китоб бўйича қўлга киритиши керак бўлган очколар сони.

Хуллас, бу жадвал бўйича, «Манчестер Сити» «Ливерпуль»дан олдинда турибди. Бўлмаган гап, дейишингиз мумкин, лекин бу ҳақиқат. «Шаҳарликлар» рақиб дарвозаси олдида «Ливерпуль»дан саккиз бирлик кўп вазият яратган, аммо шу билан бирга, ҳимояда ўйнаш бобида рақибдан ёмонроқ натижа қайд этган.

Бу устунликни изоҳлаш қийин эмас. «Манчестер Сити» ғалаба қозонган ўйинларда ҳужумкорликни тўхтатмаган ва янада кўпроқ гол уришга уринган. «Уотфорд» билан 8:0, «Вест Ҳэм» билан 5:0 ва «Брайтон» билан 4:0 ўйинлари бунга мисол бўлиши мумкин. «Ливерпуль»да эса, йирик ғалаба фақат битта – «Норвич», 4:1.

Алоҳида эътибор бериш керакки, аксарият ҳолларда «Сити»нинг очко йўқотиши ўйин мантиғидан келиб чиқмаган. Масалан, «Тоттенҳэм» билан ўйинда «Манчестер Сити» рақиб дарвозасига 30 марта зарба берган, улардан 10таси аниқ йўналтирилган. «Тоттенҳэм» эса, икки зарба бериб, икки гол урган ва ўйин дуранг билан тугаган. «Вулверҳэмптон» билан учрашувда ҳам жамоа рақибдан кўп вазият яратди, камида дурангга мос ўйин эди, аммо мағлубиятга учради. Фақат «Норвич» билан ўйинда ҳаммаси ўйинга мос эди.

«Ливерпуль» эса, аксинча, озгина омадли бўляпти. «Челси» билан ўйин дурангга мос эди, ҳатто лондонликлар кўпроқ вазият яратишганди, аммо яхши реализация ёрдамида «Ливерпуль» ғалаба қозонди. «Саутҳэмптон» билан ўйинда ҳам шундай дейиш мумкин. «Шеффилд»га қарши ўйинда рақиб дарвозабонининг ягона хатоси голга сабаб бўлганди.

Хулоса қилиш мумкинки, «Ливерпуль»нинг турнир жадвалида пешқадамлик қилиши ҳаққоний ҳолат, аммо бироз омад ҳам сабаб бўлаётганини инкор қилиш қийин.

«Ливерпуль» кучайдими?

Унчалик эмас. Клопп жамоаси тўпни яхшироқ назорат қиляпти ва реализация томонидан ижобий ўсиш кузатилди. Ҳатто асосий дарвобон Алисоннинг жароҳати ҳам жамоа ўйинига сезиларли таъсир ўтказмади. Клопп системаси ўйинчиларнинг йўқлиги ёки уларнинг камчилигини ажойиб шаклда ёпа оляпти. Фабиньо-Ҳендерсон-Милнер учлигини масалан, Родри – Сильва – Де Брюйне билан солиштиринг. Савия жиҳатидан манчестерликларнинг устунлигини тан олиш мумикн, аммо айнан ўйин системаси ўртадаги фарқни йўқотиб, жамоалар кучини тенглаштирмоқда.

Умуман олганда, «Ливерпуль» ўтган йили ҳам худди шундай бошлаганди. Саккиз ўйиндан кейин олти ғалаба ва икки дуранг. Дуранглар ҳам «Манчестер Сити» ва «Челси» билан ўйинларда қайд этилган. Бу сафар ҳам худди шундай бўлиши мумкин эди, аммо «Челси» билан ўйинда реализация ёрдам берди, «Манчестер Сити»га қарши ўйин ҳали бўлиб ўтгани йўқ.

«Манчестер Сити»га нима халақит беряпти?

Ҳаммаси оддий – жароҳатлар. Айниқса, ҳимоя чизиғида аҳвол яхши эмас. Ляпортнинг сафдан чиқиши жамоага жуда кучли таъсир этди. У «Сити»да энг ишончли, системага мос ва тўпни олдинги чизиққа етказишда энг муҳим фигуралардан эди. Стоунзнинг жароҳати у қадар оғриқлимасдир, аммо унинг кетиши ҳимоя марказида Фернандиньо – Отаменди жуфтлиги қолишига сабаб бўлди. Стоунз ва Ляпортнинг йўқлигини балки Компани билдирмаслиги мумкин эди, аммо у ёзда жамоани тарк этди, «Манчестер Сити» эса, янги марказий ҳимоячи қидириб ўтирмади.

Бундан ташқари, Де Брюйненинг бир неча ҳафтада сафдан чиқиши ҳам аҳамиятли. У -жамоанинг энг яхши ўйинчиси ва мияси. Шунингдек, Санени ҳам унутмаслик керак. Тўғри, Риёз Маҳрез унинг ўрнини босмоқда, аммо барибир, жамоа яна бир кучдан маҳрум бўлди ва керак бўлганда, захирадан тушириб бўлса ҳам, фойдалана олмайди.

Гвардиола учун Англиядаги энг ёмон старт, «Манчестер Сити» эса, сўнгги марта 2013 йилда 8 турдан кейин бундан камроқ очко тўплаганди.

«Ливерпуль» чемпионми?

Яхшигина фарқ ва «Ливерпуль»нинг барқарор ўйини таҳсинга лойиқ, аммо ҳозирдан бир нима дейиш қийин. Ўтган мавсумда январда «Ливерпуль» рақобатчисини 7 очко ортда қолдирганди. Аммо ўзаро ўйинлардаги мағлубият ва тўрт дуранг устунликни йўққа чиқарди, чемпионлик қўлдан кетди.

Ҳозир эса, эндигина 8 турда ўтди ва яна 30 тур бор. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Айниқса, ўзаро ўйинлар катта рол ўйнайди – ўтган йили айнан ўша ўйинлар ҳал қилувчи бўлганди, дейиш ҳам мумкин.

Жамоалар 10 ноябрда тўқнаш келади ва балки ўшанда янада аниқроқ хулосалар чиқариш мумкин. Бу икки жамоанинг ўйини ҳозирги кунда бошқалардан шу даражада устун-ки, ўзаро ўйинлар ҳаммасини ҳал қила дея оламиз. Англияда бундай ҳолат доим ҳам бўлавермайди.

Яна шуни унутмаслик керакки, Гвардиола Манчестерда уч йил ишлаб улгурди, аммо Чемпионлар Лигасини юта олгани йўқ. Дунёнинг энг яхши клуби сифатида эътироф этилиши учун АПЛ ғолиблиги етарли эмас, демак, баҳорда кўпроқ эътибор ЕЧЛга ҳам оғиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик керак. Бу эса, ўтган мавсумда ЕЧЛда ғолиб чиққан ва айнан АПЛ ғолиблиги жуда муҳим саналаётган «Ливерпуль»га қўл келиши мумкин. Ахир жамоа сўнгги марта Англияда чемпионликни нишонлаганига ҳам ўттиз йил бўлди. 

Омад мавзусига қайтиб, яна шуни айтиш мумкин. Ўтган йилги ҳал қилувчи ўйинда «Манчестер Сити» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Дуранг учун «Ливерпуль»га 11 миллиметр етмаганди, яъни агар тўп дарвозага яна шунча кирганида, ўша ўйинда ҳисоб тенглашиши мумкин эди. Балки чемпионлик учун ҳам «Ливерпуль»га мана шунча масофа етмагандир. Ўша ўйин «Ливерпуль»нинг мавсумдаги ягона мағлубияти бўлганди.

Балки бу сафар омад «Ливерпуль»га кулиб боқар?

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз