Узбек O'zbek
Машарипов Ўзбекистон Сингапурни ниманинг эвазига мағлуб этганини айтди
Чоршанба, 16 Октябр
11717

Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиси Жалолиддин Машарипов ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Сингапурга қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. «Пахтакор» футболчиси Ўзбекистон қийин ўтган бу ўйинда ниманинг эвазига ғалаба қозонганини айтди.

«Майдонга тушишдан олдин ҳар бир рақибни ҳурмат қилиш керак. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон ва Сингапурнинг даражаси бошқача деб ўйлайман. Буни майдонда исботлай олишимизга ишонгандик. Биринчи голни ургандан кейин бироз бўшашдик ва бундан фойдаланган рақиб ҳисобни тенглаштирди.

Танаффус вақтида мураббий қандай ўйнаш кераклигини яна бир бор тушунтирди ва қийин вазиятдан чиқиб кетдик. Шу ўринда гуруҳда биринчи ўринга чиққанимиз билан бутун ўзбекистонлик мухлисларни табриклайман. Худо хоҳласа, бундан буён биринчи ўриндан тушмаймиз.

Танаффус арафасида урилган гол доим футболчига ёмон таъсир қилади. Аммо жамоа бундай ҳолатдан чиқиб кетишни билиши керак. 90-дақиқада гол ўтказиб, қўшимча дақиқаларда ютиб кетган вақтимиз ҳам бўлган. Бу футболчининг иродасини синайдиган ҳолат. Бугунги ўйинда эса ўтказиб юборилган голдан кейин 45 дақиқа вақтимиз бор эди ва хотиржамлик билан имкониятлардан фойдаландик.

Ўзбек футболи бунақа ғалабаларни соғиниб қолганди, шу боис иккинчи голдан кейин ҳам бўшашмадик. Ниманинг эвазига ғалаба қозондик? Менимча, интизомнинг ҳисобига. Мураббий ҳамма ўз ўрнида ўйнаши кераклигини ва албатта имконият бўлишини тушунтирди. Айнан интизомли ўйин ҳисобига ғалаба қозондик.

Абрамов мендан кўпроқ ҳужумга ўтишни, хоҳлаганимдек ўйнашни сўрамоқда. У техникамдан фойдаланишим кераклигини айтади. Мен учун асосийси жамоа манфаати, шу учун орқароққа қайтиб ўйнаган ҳолатлар ҳам бўлади. Муҳими жамоага фойдам тегсин.

Бу ҳали энг яхши мавсумим эмас деб ўйлайман, ҳали бундан яхшироқ мавсумлар бўлади. Энди ҳозиргидан ёмон ўйнашга ҳаққим йўқ. Саудия билан ўйин жуда муҳим. Бу ўйинда ғалаба қозонсак, жаҳон чемпионати томон катта қадам ташлаган бўламиз. Тўғри, ҳали яна битта босқич бор, аммо Саудияни енгишимиз руҳий кўтаринкилик беради.

Саудия билан «Пахтакор»да ўйнашимиз ҳам жуда яхши бўлди. Чунки бу стадион футболчилар учун ҳам қулай. Умид қиламан, бу ўйинда ғалаба қозониб, гуруҳдан чиқиш вазифасини ҳал қиламиз»,— деб Машариповнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз