Узбек O'zbek
Элдор Шомуродов: «Танаффус арафасида урилган гол бироз қийинчилик туғдирди»
Чоршанба, 16 Октябр
4059

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Сингапурга қарши ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди.

«Бу ўйинни ютишимизни билгандик. Рақиб кўп ҳужум қилмади, аммо танаффус арафасида урилган гол бизга бироз қийинчилик туғдирди. Жаҳон чемпионатига чиқишни мақсад қилган жамоа эса бундай ҳолатлардан чиқиб кетишни билиши керак.

Миллий жамоа сафидаги энг яхши тўпурар бўлиш? Албатта, буни хоҳлайман, ҳужумчи бўлгандан кейин ўз олдимга бундай мақсад қўймасам, тўғри бўлмайди»,— деб Шомуродовнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Сингапур дарвозасига иккита гол урган Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоаси тўпурарлари қаторида 7-ўринга кўтарилди. Айни дамда унинг ҳисобида 16 та гол бор. Фаолиятини якунламаган футболчилар орасида фақатгина Одил Аҳмедов (20 та) ва Сервер Жепаровлар (25 та) Шомуродовдан кўп гол урган.

Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳамон Максим Шацких бўлиб турибди. Унинг ҳисобида 34 та гол бор. Рўйхатнинг кейинги поғоналарида Александр Гейнрих (31 та), Миржалол Қосимов (30 та) ва Игорь Шквирин (20 та) бормоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз