Узбек O'zbek
Роналдунинг 700-голи: Кўпроқ ўнг оёқда ва бир марта қирмизи формада
Сешанба, 15 Октябр
13178

Евро—2020 саралашининг 8-тури доирасида Португалия терма жамоаси Украина меҳмони бўлди ва мағлубиятга учради (1:2). Лекин бу ўйинда меҳмонлар сардори Криштиану Роналду юбилей голини урди. Украина ўйиннинг 30-дақиқасигача 2та гол уриб олди ва кейин ҳимояга ётди. Ўйиннинг қолган қисмида Роналдунинг ўзи мезбонлар дарвозаси томон 8 бор зарба берди, Португалиянинг барча футболчилари берган зарбаларнинг умумий сони эса 18та бўлди (ўйиннинг 30-дақиқасидан кейин Украина атиги бир зарба билан кифояланди). Роналдунинг 700-голи оддий ва одатий бўлди: у Степанко ўз жамоаси жарима майдонида тўпни қўли билан ўйнагач белгиланган пенальтини аниқ ижро этди.

Португаллар ўйин охирига қадар рақибни кучли босим остида ушлаб туришган бўлсада (ўйининг сўнгги сонияларида сўнгги зарба дарвозанинг юқори бурчагидан қайтди) таслим қила олишмади. Терма жамоа ютқазди, аммо Криштиану барибир қирол.

• Роналду 700та гол уриши учун 973 ўйинда майдонга тушган, бу ўйинларнинг 458тасида гол уришга эришган. Ҳар бир баҳсга ўртача — 0,72 гол!

• Бу голларининг 450тасини у «Реал» сафида урган, 118тасини – «Ман Юнайтед», 95тасини – терма жамоа, 32тасини –  «Ювентус», 5тасини – «Спортинг» клубларининг рақиблари дарвозасига йўллаган.

• У Ла Лигада – 311, ЕЧЛда – 127, АПЛда – 84 голга муаллифлик қилган!

• Роналду ҳаммадан ҳам кўпроқ «Севилья» дарвозасини ишғол этган – 27 гол. Кейинги ўринларда «Атлетико» (25) ва «Хетафе» (23) жойлашган. «Барса» – бу борада бешинчи (18).

• У голларининг 444тасини ўнг оёқда, 126тасини – чап оёқда, 128тасини – боши билан ва яна иккита голини – танасининг бошқа қисмлари билан урган!

• Роналду биринчи голини 17 йил муқаддам – 2002 йил октябрида «Спортинг» сафида «Морейренсе»га қарши ўйинда урган.

• Роналду 700та голли довонни забт этган футбол тарихидаги олтинчи футболчи бўлди. Энди у Пеле, Ромарио, Йозеф Бицан, Герд Мюллер ва Ференц Пушкаш билан бир рўйхатда.

• Яна бир факт: Роналду голларининг 370тасини оқ либосда урган. Шунингдек, 177тасини — қизил, 40тасини — қора, 27тасини — оқ-қора, 20тасини — кўк, 13тасини — яшил, 8тасини — кулранг, 5тасини — сабзиранг, 5тасини — бинафшаранг, 3тасини — оқ-яшил, 2тасини — қора-сариқ (Криш ўйнаган вақтда «Спортинг»нинг меҳмондаги формаси), 2тасини — тўқ кулранг ва биттасини қирмизи рангли форма кийган ҳолда урган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз