Узбек O'zbek
Франциялик вазир УЕФАдан Туркияни жазолашни сўради
Сешанба, 15 Октябр
11604

Франция ёшлар ва спорт вазири Роксана Марасиняню УЕФАдан Туркия терма жамоасини турк футболчилари Евро-2020 саралаши доирасида Францияга қарши кечган ўйинда намойиш этган ҳарбийчасига саломлашиш ҳаракати учун жазолашни сўради.

«Франция футбол федерацияси ва полиция саъй-ҳаракатлари туфайли ўйин вақтида хавфсизлик таъминланди. Туркиялик футболчилар спортга хос бўлмаган ҳолда ҳарбийча саломлашиб вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилишди. Мен УЕФАдан санкция қўллашни сўрайман.

Евро-2020 саралаши ўз якунига етмаган, аммо Франция тўғри йўлда кетмоқда. Оливье Жируни ажойиб гол билан табриклайман, бу гол уни Платинига яқинлаштирди», — дея ёзган Марасиняню твиттердаги саҳифасида.

Туркиялик футболчилар Сурия ҳудудида курдларга қарши ҳарбий амалиёт ўтказаётган Туркия армиясини қўллаб-қувватлаш мақсадида терма жамоа ўйинлари вақтида ҳарбийча саломлашишмоқда. Аввалига Евро-2020 саралашида Албанияга қарши ўйиндан (1:0) кейин шундай ҳаракат содир этган футболчилар Францияга қарши ўйиндан кейин ҳам бу ҳаракатни такрорлашди.

Бу ҳаракат Туркия мухлислари жойлашган фан-секторда ҳам кузатилди. 

УЕФА бундай ҳолатларга танқидий ёндашади. Катта эҳтимол билан, УЕФА Туркия терма жамоасига нисбатан ахлоқий санкциялар қўллайди.

Туркия терма жамоаси айни вақтда 19 очко тўплаган ҳолда H гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб турибди, шунча очкога эга, фақат тўплар нисбати кўрсаткичи ёмонроқ бўлган Франция иккинчи ўринда бормоқда.

Албанияга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалаба голи урилгач, турк футболчилари трибунадаги мухлисларга қарата ҳарбийча салом йўллашди.

Ўйиндан кейин кийим алмаштириш хонасида ҳам футболчилар ва терма жамоанинг бошқа ходимлари бу ҳаракатни такрорлашди. Бу сурат терма жамоанинг твиттердаги саҳифасида жойлаштирилди.

Расмий аккаунтдаги твитда «ғалаба бизнинг жасур жангчиларимиз ва биродарларимизга бағишланади», дея ёзилганди.

Жасури жангчилар – 9 октябрь куни Сурия шимоли-шарқига бостириб кирган туркиялик ҳарбийлардир. Бу ҳудуддаги қуролли низо туфайли 190 мингдан ортиқ киши бошпанасиз қолган.

Бу ҳужумдан мақсад – курдларни жануброққа суриб ташлашдир. Туркия курдларни терроризмда айблайди ва улар ўзининг жанубий чегараларидан узоқроқда бўлишини хоҳлайди, турклар улар яшаб келаётган жойларда – Сурия ичкарисига қараб 30 километрлик ҳудудда «хавфсиз ҳудуд» ташкил қилишни мўлжаллашган.

Туркия ва курдлар қарама-қаршилиги тарихи узоққа бориб тақалади. Курдлар – ўз давлатига эга бўлмаган энг йирик халқ. 1920 йилда Туркия ва Антанта иттифоқи ўртасида тузилган Севр тинчлик келишувига кўра мустақил Курдистон давлати тузилиши кўзда тутилганди. Аммо ҳужжат кучга киришга улгурмади ва 1923 йилда Лозанна келишуви имзоланиши билан йўққа чиқди.

Курдлар Туркия таркибидаги мухториятга эришиш учун 1984 йилдан буён курашиб келмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз