Узбек O'zbek
«Хотира машқи». Яманни «ёмон қилганимиз» ҳақида
Жума, 11 Октябр
8800

Абрамов ҳар қанча камтарлик қилиб, хатолар ҳақида гапирмасин, кечаги ўйин ҳар қандай мураббий учун идеал кечди, деб айтиш мумкин ва ишонаманки, аслида Карленич ҳам ўзини зўрға босиб турибди. Йирик ҳисобда ғалаба қозонилди. Дарвоза дахлсизлиги сақланди. Рақиб атиги бир марта аниқ зарба берди. Бирор марта бурчак тўпи тепмади ҳатто.

Тезкор гол урилди. Таркибга янги қўшилган футболчи ҳисобни очди. Захирадан майдонга тушган футболчи ҳам гол урди. Голни бош билан ҳам урдик, стандарт вазиятлардан ҳам урдик, узоқ масофадан зарба билан ҳам, комбинацион ўйин натижасида ҳам рақиб дарвозаси ишғол қилинди. Ҳар қандай мураббий учун идеал сценарий ва натижа. Хўш, Абрамов нимани ўзгартирди ва у нима билан мақтаниши мумкин аслида? Келинг шу ҳақида гаплашамиз.

Футболда «скилл» (skill) деган термин бор. Масалан, бир футболчининг қобилиятлари мажмуасини англатади. У боши билан қандай ўйнайди, зарбаси қанақа, техникаси, жисмоний кўрсаткичлари, бўйи, қайси оёқда қандай тепади, паслари – умуман майдонда керак бўладиган мана шу ҳаракатларни бажара олишига қараб унинг «скилл»ига баҳо бериш мумкин. Ўзбекча қилиб, «маҳорат» деса ҳам бўлади. Мураббийнинг вазифаси майдондаги 11 футболчининг у ёки бу маҳоратидан келиб чиқиб, таркибни ва вазифаларни аниқлаш. Мақсад шуки, 11 футболчининг «скилл»лари жамланмасидан жамоанинг умумий қобилияти максимум даражага чиқиши керак. Хўш, қисқа муддатда, натижа ҳам муҳим бўлиб турган пайтда, мана шу мақсадга эришишнинг энг қисқа йўли қайси? Бу иккинчи савол.

Давид Вильяни эсласангиз керак. Жаҳон ва Европа чемпиони. «Барселона»га ўтгач ҳам, унинг фаолияти ёмон кечмади. Чемпионлар Лигаси финалида гол урганининг ўзиёқ ҳаммасини айтиб турибди. Лекин савол туғилади, Вилья «Барселона»да бор маҳоратини намойиш қила олганми? Нега биз Вилья деганда, аввало Испания терма жамоаси либосини, кейин эса, «Валенсия»ни эслаймиз? Бу ҳақида бир пайтлар рус шарҳловчилари ҳам мунозара қилишганда, Юрий Розанов жуда қизиқ фикр айтганди. У Вильянинг «Барселона»да тўлиқ очилмаганини исботлар экан, шеригига савол берди?

- Хўп, Испания терма жамоасида Вилья зўрми ёки Педро?

- Албатта, Вилья.

- «Барселона»дачи?

Шериги «Педро» деб юборишига сал қолганди. Айтмаса ҳам, ҳаммаси тушунарли эди, албатта, «Барселона»да Педро кучлироқ кўринарди. Хўп, ҳеч бўлмаса айтиш мумкинки, бу саволга жавоб худди Испания терма жамоаси каби аниқ эмас, «Педро яхшироқ» дейдиганлар чиқади «Барселона» учун, тўғрими?

«Скилл» борасида Вилья Педродан кучлироқ, бунга аминман. Лекин Педронинг «Барселона»даги фойдалилик даражасини оширадиган, унинг «скиллари»ни самаралироқ қиладиган муҳим жиҳатлар бор. Биринчидан, Педро – «Ла Масия» тарбияланувчиси, жамоа ўйин услубида ўсган. Иккинчидан, таркибдаги футболчилар билан тушуниш даражаси юқорироқ, боғламлар шаклланган.

Демак шундай хулосага келамизки, бир футболчидан самаралироқ фойдаланиш учун, «скилл»дан ташқари, футболчининг услубга мослиги, шунингдек, жамоадошлар билан боғламлари, тушуниш даражаси ҳам аҳамият касб этар экан.

Энди ўйиндан олдинги Абрамов бўлиб кўрамиз. Футболчилар маълум, уларнинг маҳорат ва тажрибаси ҳақида маълумот бор. Уларнинг «скилл»ларини ошириш учун қилиниши мумкин бўлган машғулотларга вақт йўқ. Улардан фойдаланиш учун мос услуб ва тактика учун ҳам кўп вақт кетади. Нима қилиш мумкин?

Аслида Абрамовнинг Куперга нисбатан ўйинга бўлган қараши, фалсафаси бутунлай тескари бўлса-да, кеча мураббий ҳеч нарсани тубдан ўзгартиришга киришмади. Бу тушунмовчиликларни кўпайтирар, «перезагрузка» ўйинга салбий таъсир қилиб, ҳатто натижа ҳам риск остида қолиши мумкин эди. 

Абрамов бошқа йўл танлади. Самарани ошириш учун тарихдан фойдаланди. Эски, ишланган, балки унутилган, аммо қайта жонлантирса бўладиган ёки шундоғам ишлаб турган боғламларни ўйинга кўчиришга қарор қилди. Алижонов Ҳамдамов билан «Пахтакор»да ўйнаб юрибди, нариги қанотда Сайфиев – Машарипов жуфтлиги ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Олдинги чизиқдаги  Ҳамдамов билан Шомуродов ҳам етарлича вақт мобайнида «Бунёдкор»да шерик бўлишган. Энг асосий позицияга Жамшид Искандеров танланганини ҳам энди тушунгандирсиз? Аҳмедовнинг бироз формада эмаслиги натижасида, жамоанинг асосий боғловчиси сифатида Искандеров танланди, Қувондиқ Рўзиев ёки Одил Ҳамробеков эмас. Чунки Жамшид ҳар икки қанотдаги «пахтакорчилар»га ҳам бегона эмас, унинг деярли барча ёшдаги терма жамоаларида тўп суриб улгургани туфайли, майдондаги ҳар қандай футболчи билан ўз тарихи бор. Қанотларда амалга оширилган «учбурчак»лар айнан Искандеровнинг фаоллиги эвазига яратилганига эътибор беришингиз мумкин.

Айниқса, биринчи бўлимда Шукуровнинг ўйини қовушмаганини ҳам шундай изоҳлаш мумкин. Маълумки, Отабек - тизим футболчиси. Тактикалар, услублар, тизимларнинг пойдевори бўла олади, умуман ўйин унинг устига қурилади. Эсласангиз, Купер жамоасида ҳам Шукуров айнан Осиё Кубогида энг яхши ўйинларини кўрсатган. Сабаби, Осиё Кубоги учун алоҳида тайёрланилган, мураббийнинг кўрсатмалари ва услубининг шаклланиши маромига етган – бундай тизимли футболда Шукуров асосий фигура бўлиши аниқ эди. Тўпни назорат қилиш, паслар, унга узатилган паслар ва яна жуда кўп кўрсаткичларда Шукуров терма жамоа етакчиси эди, ўйин айнан унинг атрофида ва ёрдамида қуриларди. Эртага, жамоа тўлиқ Абрамовники бўлганида, ўйин Абрамовнинг фалсафаси, услуби, тактикаси ва кўрсатмалари асосида қурилиб, тўлиқ шаклланганида, яна Шукуров катта саҳнага чиқиши аниқ. Кеча эса, юқорида айтганимдек, ўйин маълум бир услубга, конкрет бир тизимга таянилмаганди, пойдевор айнан «бэкраунд»дан, эски боғламлардан ташкил этилганди. 

Умуман, кўпинча мураббий алмашганда шундай бўлади. Эски мураббий маълум бир тизимни аллақачон ишлаб чиққан, айнан шу тизимга мос «скилл»га эга бўлган футболчилар танланиб, жамоа қурилган бўлади. Агар тизим ва тактика иш бермасликни бошласа, ҳар бир футболчининг «скилл»и тушиб кетади. Жамоанинг умумий маҳорати, савиясига путур етади. Табиийки, ҳеч қайси мураббий ўз қарашларини тубдан ўзгартиришга қодир эмас, унинг вазиятни ўнглаш учун қўллаган ечимлари ҳам, айнан эски пойдевор устида амалга оширилади. Таркибда кимнидир алмаштириши ёки қандайдир мотивация бериши мумкин, холос. Ва истеъфо.

Янги мураббий учун эса, бу осон вазият аслида. Энг муҳими, у шошилмаслиги, вазиятнинг «оёғини осмондан қилиб» юбормаса бўлди. Бундай вазиятда айнан маҳаллий мураббий танланиши ҳам фойдали, чунки Абрамов ҳар бир ўзбек футболчисининг нафақат қобилияти, балки тарихидан ҳам, ким ким билан яхши тандем бўла олишидан ҳам хабардор. Четдан келганда, қисқа муддатда барча маълумотларга эга бўлиш имконсиздир. Шунинг учун, Европа клубларида ҳам, мураббий истеъфога чиққач, вақтинча ўша штабдан ёки футболчилардан кимдир вазиятни қўлга олади. Қисқа муддатда жамоа муҳитини ва натижаларини ижобий томонга буриш учун энг самарали йўл шу.

Кечаги ўйиндаги ғалаба кўпроқ футболчиларники. Айнан Яманга қарши ёки умуман мана шу палла учун мураббийнинг чизгилари бўлиши имконсиз. Абрамовнинг ютуғи эса, у шу нозик вазиятни жуда тўғри ҳис қила олди. Таркибни тўғри танлади ва футболчиларга ҳалақит қилмасликнинг уддасидан чиқди. Бу ҳам мураббий ғалабаси, аслида.

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз