Узбек O'zbek
Фаластин билан ўйин арафасида жамоадаги муҳит бузилганмиди? Купернинг таржимони билан суҳбат
Якшанба, 06 Октябр
15997

Эктор Купернинг истеъфосига олиб келган бир ой олдинги муваффақиятсизликлар терма жамоа бошқарувига Вадим Абрамов келиши ортидан кўпчиликнинг ёдидан кўтарилди. Ўзбекистон миллий жамоаси 2 октябрдан Абрамов раҳбарлигида Тошкентда йиғин бошлади.

Миллий жамоанинг ЖЧ-2022 саралашидаги навбатдаги ўйинлари олдидан Kun.uz Купернинг таржимони, Ўзбекистондаги фаолиятининг бошидан охиригача аргентиналик мураббий билан ёнма-ён ишлаган Даврон Аҳмедов билан суҳбат ташкил қилди.

Аҳмедов суҳбат давомида қатор мавзуларга тўхталиб, шулар қаторида Фаластин билан ўйиндаги кутилмаган мағлубиятга (0:2) ҳам изоҳ бериб ўтди.

«Ўйингача бўлган даврда ҳаммаси аъло даражада эди. Жамоадаги кайфият ҳам. Кўпчилик муҳит бузилган бўлган, дея фикр билдиряпти. Жамоанинг ичидаги одам сифатида айтишим мумкинки, бошқалардан ҳам сўрашингиз мумкин, муҳит бузилишидан асар ҳам йўқ эди.

Ўйинчиларнинг тайёргарлиги ҳам яхши эди. Бундай натижани ҳеч ким кутмади. Тўғри, сунъий майдон ҳақида гапирсак, буни баҳона дейишади. Лекин бунинг ҳам роли катта бўлди. Чунки мистер Миср миллий жамоасини бошқарганида ҳам Жаҳон чемпионатининг саралашининг биринчи ўйинида Чад термасига ютқазган. Тасаввур қилинг, Чад терма жамоа борлигини кўпчилик мухлислар билмайди ҳам... Шуларга сунъий майдонда ўша Салоҳ, Элнениси бор Миср мағлуб бўлган. Лекин қолган ўйинларда очко йиғиб, ЖЧга чиқишган.

Фаластин билан ўйинда, эътибор берган бўлсангизлар, иккинчи бўлимда мистер ўз услубидан воз кечиб, таваккалроқ ўйнашга ҳаракат қилди. Чунки гол уриш керак эди. Шунинг учун иккала қанот ҳимоячисини ҳам олдинга жўнатди. Фаластиннинг мураббийи эса мистерни унинг ўз тактикаси билан мағлуб қилди. Яъни ҳимоядан, иккинчи жамоа бўлиб ўйнаб, бизни жазолади.

Гол ўтказиб юборгандан кейин, биласиз, бизда барибир психологик фактор бор. Билмайман, менталитетимиз шунақами, гол ўтказгандан кейин вазиятдан чиқиб кетишимиз қийин. Бунақаси камдан кам бўлган. Фаластин билан ўйиндан кейин ҳам ҳамманинг кайфияти тушиб, ўйинчилар ўйнашни, югуришни хоҳламагандек таассурот қолдирди, деган гап-сўзлар чиқа бошлади.

Лекин муҳит бузилди, деган гапга қўшилмайман. Чунки мистернинг ишдан кетиши маълум бўлганидан кейин ҳам жуда кўплаб, деярли барча футболчилар телефон қилиб, хабар ёзиб: «Нима бўляпти, нега бундай қарорга келинди», деб сўрашди. Шунинг учун ҳам жамоадаги муҳит ёмон эди, деб айта олмайман.

Унда мағлубиятга нима сабаб бўлди? Футболда, масалан, битта машқни ўн марта, юз марта такрорлайсиз, лекин ўйинда бу чиқмай қолиши мумкин. Футболни биз шунинг учун яхши кўрамиз. Зўр ўйнаб туриб ютқазишингиз, ўйинингиз чиқмаган пайтда ютиб кетишингиз мумкин.

Фаластиннинг шу сунъий майдондаги ўйинларига қарасак, Эрон ҳам юта олмаган. Ўтган саралаш ўйинларида БАА мағлуб бўлган. Фаластин шу пайтгача бизга гол ҳам ура олмаганди, дейишяпти. Лекин биз олдин бир марта бўлса ҳам Фаластиннинг сунъий майдонида ўйнаганмизми? Ё ўзимизда ўйнаганмиз, ё нейтрал майдонда ўйнаганмиз. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин, тушунтириш қийин», – дейди Даврон Аҳмедов.

ЎФАдаги фаолиятини давом эттираётган Аҳмедов суҳбат давомида Купер билан танишуви ва унга таржимон этиб тайинланиши қандай рўй бергани, мураббий унда қанақа таассурот қолдиргани, унинг Тошкентдаги кундалик ҳаёт тарзи, характеридаги айрим жиҳатлар, истеъфо қай тариқа рўй бергани каби мавзуларда ҳам сўз юритди.

У, шунингдек, бир йилдан ортиқроқ вақт миллий жамоа ичида бўлган инсон сифатида ўзбекистонлик футболчиларда ватанпарварлик туйғуси етишмаслиги ҳақидаги эътирозли фикрларга ҳам муносабат билдирди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилиш мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз