Узбек O'zbek
Ҳафта ўйинлари анонси: «Ювентус» «Интер»га, «Ливерпуль» Рожерс жамоасига қарши, «МЮ»ни яна сафар кутмоқда
Шанба, 05 Октябр
5346

Tribuna.uz ўз анъанасига мувофиқ Европада навбатдаги уик-энднинг энг асосий ўйинлари анонсини тақдим этади.

ЛИВЕРПУЛЬ – ЛЕСТЕР (5 октябрь, 19:00)

“Ливерпуль” АПЛда ҳали очко йўқотмаган, мағлубиятга учрамаган ягона жамоа саналади ва “Лестер” синови ушбу мавсумдаги жиддий синовлардан бўлиши мумкинлигига бир қатор асослар бор. Биринчиси – Брендон Рожерс. Ушбу мураббий ўз вақтида “Ливерпуль”да ишлаган, ҳатто чемпионликка жуда яқин келган, Юрген Клопп келишидан олдин истеъфога чиқарилганди. Рожерс Англияда навбатдаги кучли жамоаси тузиш йўлида муваффақиятли ишламоқда.

Иккинчиси, ростан ҳам “Лестер” жуда сифатли ўйин намойиш этмоқда. Турнир жадвалида учинчи поғонада бораётган “тулкилар” ўйин савияси бўйича мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлдилар ва ҳатто топ-6 ичига киришга дастлабки даъвогар сифатига тилга олиняпти. Шунингдек, “Лестер”нинг Клопп жамоаси учун жуда ноқулай рақиб эканини ҳам унутмаслик керак. “Ливерпуль” юқори прессинг ва ҳимояланишга ўрганган, узун паслар орқали майдон марказини кесиб ўтиш эса, таркибида Варди бор “Лестер” учун асосий қуроллардан биридир.

Яна бир факт – “Ливерпуль” АПЛ доирасидаги ўйинларда охирги марта 30 январь куни “Энфилд”да очко йўқотган. Шундан бери қаторасига 10 ўйиндан бери Клопп шогирдлари уй ўйинларида фақат ғалаба қозониб келмоқдалар. Ўша январдаги 1:1 ҳисобли дурангда эса, рақиб, топдингиз, “Лестер” эди.

Таркиблар борасида мезбонларда муаммо йўқ, дарвозабон Алисон терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан кейин сафга қайтади. “Лестер” етакчиси Жеймс Мэддисоннинг майдонга тушиши ҳам ҳозирча сўроқ остида турибди. Унда енгил жароҳат бор.

Дарвоқе, “Ливерпуль” ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигаси доирасида асосий таркиб билан ўз ўйинини ўтказганини ҳам таъкидлаш керак. Бу эса, жисмоний тарафдан “Лестер” имкониятларини бироз оширади.

ВЕСТ ҲЭМ – КРИСТАЛ ПЭЛАС (5 октябрь, 21:30)

Топ-рақиблар бўлмаса-да, ўйиннинг дерби экани ва учрашув вақти АПЛдаги бошқа ўйинлардан алоҳида вақтда экани ҳам мухлисларни жалб қилса ажаб эмас. Томонлар лиганинг энг тажрибали мураббийлари Мануэл Пеллегрини ва Рой Ҳожсон қўл остида майдонга тушишларини ҳам ҳисобга олсак, ўйин жуда юқори савияда ўтишини тахмин қилса бўлади.

Шунингдек, рақибларнинг спорт формаси ҳам ажойиб даражада. Ҳар иккиси ҳам мавсумни ёмон бошлаган бўлишса-да, кейинги ўйинларда ўнгланиб олишди ва турнир жадвалининг юқори қисмига анча яқинлар. “Кристал Пэлес” сўнгги 5 ўйиндан 3тасини ўз фойдасига ҳал қилди, бу ғалабалар ичида “Олд Траффорд”дагиси ҳам бор. “Вест Ҳэм” эса, дастлабки турдаги йирик мағлубиятдан сўнг, ютқазмаяпти – 3 ғалаба ва 3 дуранг билан “болғачилар” очколар бўйича, Лондоннинг эгалари бўлмиш топ клублардан устун бўлиб турибдилар. “Вест Ҳэм” ҳозирда “Арсенал” билан тенг, “Тоттенҳэм” ва “Челси”дан кўпроқ очко жамғардилар.

Ўзаро ўйинларга қарасак, “Кристал Пэлас” 2015 йилнинг октябри, яъни тўрт йилдан бери рақиби устидан ғалаба қозона олмаган экан. Аммо етарли қаршилик бўлган, масалан, сўнгги 4 ўйиннинг 3таси дуранг билан тугаган бўлса, бир учрашувда 3:2 ҳисобидаги иродали ғалаба “Вест Ҳэм”га уч очко тақдим этган.

Мезбонлар таркибида дарвозабон Лукаш Фабиански камида бир ойга сафдан чиқди. Шунингдек, Майкл Антонио бу йили майдонга туша олмаслиги маълум. “Кристал Пэлас” эса, Лука Миливоевичнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Сербиялик футболчи 7 турда беш маротаба сариқ карточка олиб улгурди ва дисквалификация туфайли ўйнай олмайди.  

ФРАЙБУРГ – БОРУССИЯ Д (5 октябрь, 18:30)

Бундеслигада янги кашфиёт – “Фрайбург”. Одатда аутсайдерлар қаторида тилга олинадиган жамоа олти турдан сўнг 13 очко билан “Боруссия” билан тенг кетмоқда ва ҳатто бу ўйиндаги ғалаба билан турнир жадвалини бошқариши мумкин. “Фрайбург” айниқса, сафар учрашувларида кучли ўйин намойиш этмоқда ва уч ғалаба айнан сафарда қўлга киритилган.

Кристиан Штрайх шогирдларининг мағлубиятсиз серияси 4 ўйинга етди. Жамоа гол ўтказиш бўйича фақат “Вольфбург”дан ёмонроқ натижа кўрсатишган холос. Аммо шу билан бирга, ҳужум чизиғини ҳам ёмон деб бўлмайди – лигада 4-ўрин.

“Боруссия” мавсумни жуда яхши бошлаганди – қаторасига икки ўйинда ғалаба қозониб, бу ўйинларда 8 гол уриб, турнир жадвалининг энг юқорисига чиқиб олганди. Аммо кейин кутилмаганда, “Союз” билан ўйинда мағлубият алами тотиб кўрилди. Бу ҳозирча дортмундликларнинг мавсумдаги ягона мағлубияти бўлса-да, дуранглар гирдоби уларни пастки поғоналарга тушириб юборди. “Айнтрахт” ва “Вердер” билан кутилмаган дуранглар оқибатида “Боруссия” саккизинчи ўринга тушиб кетди.

Аммо айтиш керакки, Бундеслигада бу йил жадвалнинг юқори қисми жуда зич бормоқда. Яъни “Боруссия”ни аслида турнир пешқадами “Бавария”дан атиги 3 очко ажратиб турибди холос.

Ўзаро ўйинларда “Боруссия”нинг устунлиги жуда катта. Охирги 16 ўйинда “Фрайбург” атиги икки марта дурангга эришган холос. Иккинчиси айнан Дортмундда бўлганига эътибор бериш керак. Ўшанда меҳмонлар ҳисобда олдинда боришган, фақат ҳакам қўшиб берилган дақиқаларда мезбонлар мағлубиятдан қутулиб қолишганди – 2:2.

Спорт формаси нуқтайи назаридан мезбонларда муаммолар бор. Биринчиси, жамоанинг асосий ҳужумчиси Пако Алкасер учрашувда қатнаша олмайди. Иккинчиси, дортмундликлар ҳафта ўртасида Прагада ЕЧЛ ўйинида майдонга тушишган. Бу уларга жисмоний томондан бироз муаммо туғдириши мумкин. 

НЬЮКАСЛ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (6 октябрь, 20:30)

Ушбу жамоалар ўйини Англия Премьер-лигасининг классикаларидан бирига айланган, мухлисларда жуда кўп хотиралар қолган, чиройли голлар урилган. Яна бир умумийлик – турнир тарихидаги икки тўпурар ҳам айнан шу жамоаларда тўп суришган – Алан Ширер ва Уэйн Руни.

Аммо ҳозир ҳар икки жамоа ҳам оғир даврни бошдан кечирмоқда. Балки шу сабабли ҳам, ўйин жуда очиқ, ҳужумкор руҳда ўтар? Ахир турнир жадвалининг тубига тушиб олган “Ньюкасл” учун номдор рақиб устидан қозонилган ғалаба яхшигина бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.

Айниқса, ҳозир “Манчестер Юнайтед”ни енгиш учун энг қулай давр. Эсингизда бўлса, Сульшер шогирдлари шу йилнинг март ойида Парижда “ПСЖ” устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган ва ЕЧЛ чорак финалига чиқишганди. Шундан буён барча мусобақаларда манчестерликлар сафар ўйинларида ғалаба нималигини билмай келишмоқда. Ғалабасиз серия 10 учрашувга етди ва сўнгги 35 йиллик учун антирекорд қайд этилди. “МЮ” ўша сўнгги 10 сафар ўйинида атиги 5 гол урди холос. 1984 йилда жамоа мана шундай 10 ўйинда 4 гол урганди.

Бунинг устига таркибдаги муаммолар тугамаяпти. “МЮ” бошқа футболчиларга ишониб, Лукаку, Санчес, Дармиян, Смоллинг, Эррера, Феллайни каби ўйинчилардан воз кечди, лекин таркибда қолганлар ишончни оқлай олишмаяпти. Муҳим футболчилар жароҳатлар гирдобига тушиб қолишган бўлса, баъзилар шунчаки, бундай ишонч учун ёшлик қилишмоқда.

Анчадан бери даволанаётган Шоу, Марсиял, Байи каби футболчилар қаторига Поль Погба яна қўшилди, Европа Лигаси ўйинида Жесси Лингард жароҳатланди – бу футболчилар Ньюкаслда ёрдам бера олмайдилар. Шунингдек, Аарон Ван-Биссака ҳам якшанба кунги ўйинни ўтказиб юборади.

Йўқотишлар мезбонларда ҳам етарлича. Жонжо Шелфи, Гейл ва Уиллемслар ҳали тикланиб улгурмадилар, Исаак Хейден эса дисквалификация қилинган. Аммо сўнгги ўйинларда майдонга туша олмаган Мэтт Ричи ва Роберт Эллиотлар машғулотларга киришдилар. Балки бу ўйинга тайёр бўлишлари мумкин.

Ўзаро ўйинларнинг охирги 16 тасини олсак, 9 бор “Манчестер Юнайтед” устун келган, “Ньюкасл” 3 марта. Ушбу стадиондаги мезбонларнинг охирги ғалабаси 2018 йилнинг февралига тўғри келади. Ўшанда Мэтт Ричининг голи “Ньюкасл”га уч очко тақдим этганди. 

ИНТЕР – ЮВЕНТУС (6 октябрь, 23:45)

Ҳозирдан бемалол айтиш мумкин – А Серияда чемпионлик баҳсига тўғридан тўғри таъсир қиладиган, мавсумнинг марказий ўйинларидан бири. Умуман олганда, ҳар мавсумда қайсидир жамоа жуда яхши бошлаб, пешқадамга айланади, лекин якунда “Ювентус” тажриба ва таркибдаги устунлик эвазига ўз жойига чиқиб оларди. Аммо бу сафар туринликлар хавотир олсалар арзийди.

Тўғри, ҳозир ҳам таркиб салоҳияти, тажриба борасида “Ювентус” анча устун, “Интер” асосан бир таркиб билан ўйинларни ўтказишга мажбур. Лекин миланликлар бошида Антонио Конте турганини унутмаслик керак. Ушбу мутахассис қисқа вақт ичида жамоа тузишни яхши билади. Эсингизда бўлса, Англияда барча Пеп ва Моуриньонинг Манчестер клублари бошида ўзга дуэлини кутаётган бир пайтда, “Челси”га келибоқ, ажойиб мавсум ўтказган ва чемпионга айлантирганди. Ўшанда ҳам “Челси”нинг имкониятлари рақибларидан баланд эмасди. Хуллас, “Ювентус” чемпионлик борасида тажрибага эга бўлса-да, мураббийлар солиштирилганда Конте устунроқ. Сарри ҳали бирор марта лигада соврин қўлга кирита олмаган.

Бундан ташқари, еврокубокларга бўлган эътибор “Ювентус”да баландроқ бўлади ва баҳорда бу ҳам “Интер”га қўл келиши мумкин. Яъни “Ювентус” энди доимгидек, икки турнир учун эътиборни тақсимлай олмайди, ҳар икки фронтда максимум ҳаракат қилишга мажбур. Бундай ҳолатни “Интер” яратишига шубҳа йўқ.

“Интер” ўтказилган олти ўйиннинг барчасини ишончли ғалаба билан якунлади. Энг кам гол ўтказиб юборди. Гол уриш борасида ҳам фақат “Аталанта”дан кейинги ўринда холос. Жамоа нафақат ҳисобда, балки бир қатор статистика кўрсаткичлар бўйича ҳам етакчилик қилмоқда. “Ювентус”га қарши ўйин улар учун ўта муҳим – агар шу ўйиндан кейин ҳам пешқадамлик сақланиб қолинса, яна узоқ вақт Конте жамоасини биринчи ўринда олиб юриши мумкин. Шу томондан, анча прагматик бўлган Конте дурангга ҳам қарши бўлмаслиги тайин.

“Барселона”даги ўйинни ўтказиб юборган Ромелу Лукаку ўйинга тайёр бўлиши айтилмоқда. Аммо бошқа йўқотиш бор – “Сампдория” билан учрашувда майдондан чиқариб юборилган Алексис Санчес дисквалификация туфайли қатнаша олмайди. “МЮ”нинг собиқ футболчиларига “Интер”да биргаликда ўйнаш ҳали насиб қилмай турибди. “Ювентус”да эса, ҳимояда муаммолар бор. Данило, Кьеллини, Де Шильо каби футболчилар ҳали майдонга қайтганлари йўқ. Бошқа тарафдан “Ювентус” ЕЧЛда “Интер”дан бир кун олдин ўйнаганини, яъни тикланиш учун бир кун устунликка эга эканига ҳам эътибор бериш лозим.

БАРСЕЛОНА – СЕВИЛЬЯ (6 октябрь, 23:55)

“Клуб атрофидаги гап-сўзлар жонга тегди. Тўғри, биз мукаммал мавсумолди йиғинларига эга бўлмадик, лекин жамоа ва мураббий ўртасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Гризманн билан ўртамизда ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз “Севилья”ни ҳам енгиб, терма жамоалар йиғинларига яхши кайфият билан чиқиб кетишимиз керак, чунки у ерда турли миш-мишлар яна болалайди”. Ниҳоят, Месси гапиришга мажбур бўлди.

Жароҳатлар, Вальверденинг савияси, Неймар билан боғлиқ жараёнлар, жамоадаги муҳит, йўқотилган очколар сўнгги бир ойда “Барселона” атрофида салбий фикрларни кўпайтириб юборди. Аммо айтиш мумкинки, аста-секин етакчилар қайтмоқда ва “Барселона” вазиятни ўнглашга киришди. Аввал сафарда “Хетафе” устидан ғалаба қозонилди. Чемпионлар Лигасидаги ўйинда эса, қийинчилик билан бўлса-да “Интер” мағлуб этилди. Миланликларнинг шу кунгача ўтказган ўйинларда мағлубият нималигини билмай келганликларини эътиборга олсак, бу жуда яхши силжиш.

“Севилья” қаторасига икки мағлубиятдан сўнг, ўзини сал ўнглаб олди. “Реал Сосьедад” билан ўйиндаги қийин (3:2) ғалабадан сўнг, Европа Лигасида ҳам Кипр клуби мағлуб этилди. Ҳозирда “Севилья” ҳам 7 жамоадан иборат пешқадамлар гуруҳида бўлиб турибди – бу шундай гуруҳки, уларнинг ҳар бири бир ғалаба билан биринчи ўринга чиқиб олиш имкониятига эга. Ҳозир 6-ўринда турган “Севилья”да 13 очко бўлса, турнир пешқадами “Реал” ҳисобида атиги 2 очко кўп холос. “Барселона” ҳам 13 очко тўплаган, тўплар нисбатига кўра 4-ўринда жойлашган.

Ўзаро ўйинларга қарасак, “Севилья” кўпроқ “Реал”дан очко оладиган “жин”, каталонияликларга қарши ўйинларда эса имконияти паст бўлиб келган. Хусусан “Камп Ноу”даги охирги 10 учрашувда мезбонлар ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқишган. Андалусияликлар бу ерда охирги марта 2011 йилнинг октябрида очко олишга муваффақ бўлишганди. Ўша ўйиннинг энг яхши ўйинчиси – меҳмонлар дарвозабони Хави Варас деб топилган. Айнан унинг жонбозлиги натижасида ҳисоб очилмаганди. Ла Лига доирасида “Севилья”нинг охирги ғалабаси 2015 йилда содир бўлган. Ўтган мавсумда эса, аниқроғи, шу йилнинг бошида “Севилья” рақиби устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган, аммо Каталонияда ўтган жавоб ўйинида “Барселона” 6:1 ҳисобида устун келиб, кейинги босқичга ўтганди.

Таркибда фақат “Барселона” йўқотишларга эга, айниқса, ҳимоя чизиғи қандайдир янги вариантларга эхтиёж сезмоқда. Хорди Альба сафдан чиққан, унинг ўрнига “Хетафе”да ҳаракат қилган Хуниор Фирпо гол муаллифи бўлганди, лекин жароҳатланди. “Интер”га қарши ўйинда чап қанотда аслида ўнақай бўлган Семеду майдонга тушишига тўғри келди. Умтити жароҳатланган. Марказда Пикега шерик бўлиб келган Лангле эса, “Хетафе”га қарши ўйинда қизил карточкага лойиқ кўрилганди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

5 октябрь. Брайтон – ТОТТЕНҲЭМ (16:30), БАВАРИЯ – Хоффенхайм (18:30), РЕАЛ – Гранада (19:00), ПСЖ – Анже (20:30), Женоа – МИЛАН (23:45)

6 октябрь. АРСЕНАЛ – Борнмут (18:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Вулверҳэмптон (18:00), Саутҳэмптон – ЧЕЛСИ (18:00), РОМА – Кальяри 18:00, Вальядолид – АТЛЕТИКО (19:00), Торино – НАПОЛИ (21:00)

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз