Узбек O'zbek
Любинко Друлович: «Осиё чемпионатида жуда мураккаб гуруҳдан ўрин олдик»
Жума, 04 Октябр
4428

Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Любинко Друлович Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёни ва қуръа натижалари тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонликлар мусобақада Хитой, Жанубий Корея ва Эрон билан бир гуруҳдан жой олган. 11 ва 14 октябрь кунлари Друлович шогирдлари сафарда Жанубий Корея билан 2та ўртоқлик ўйинини ўтказишади.

«Осиё чемпионатида жуда мураккаб гуруҳдан ўрин олдик. Зеро гуруҳимиздан жой эгаллаган ҳар бир жамоа қитъада етакчилар сирасига киради. Шу боис олдинда бизни жуда қизиқарли ва шиддатли тўқнашувлар кутаётгани тайин.

Лекин ҳали мусобақага етарлича вақт бор ва биз режа асосида тайёргарлик жараёнини давом эттиряпмиз. Яқинда Эрон олимпия жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказган эдик. Бу рақиб тўғрисида етарлича тасаввурга эгамиз. Энди эса Жанубий Корея билан ҳам баҳс олиб борамиз. Биласизми, биз ушбу рақиблар билан ўртоқлик ўйини ўтказиш масаласини қуръадан анча аввал келишиб олган эдик. Қуръа эса айнан ўртоқлик ўйинларида ҳам тўқнаш келган терма жамоаларни бизга тақдим этди. Нима ҳам дея оламиз, қуръа натижаларини олдиндан тахмин қилиб бўлмайди.

Жамоамиз тайёргарлик жараёнини давом эттирмоқда. Йигитларнинг ҳаракатларидан кўнглим тўлмоқда. Мен ўз шогирдларимга ишонаман. Айни пайтда бир қатор жароҳатланган ўйинчилар сафимизда эмас. Қолаверса, айрим футболчиларимиз миллий жамоага жалб этилган. Осиё чемпионатига қадар ҳали яна йиғинлар ташкил этамиз. Ўйлашимча, декабрь ойидаги йиғинда тўлиқ таркиб билан шуғулланамиз. Секин-аста таркибнинг асоси шаклланиб бормоқда. Жамоага номзод ҳар бир футболчида Осиё чемпионатига бориш имкони мавжуд. Уларнинг ичидан энг саралари қитъа биринчилигига йўл олади», - деб Друлович сўзларини келтирмоқда ЎФА.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз