Узбек O'zbek
«Эдегор дегани бормиди?». Эскирган савол ва янги юлдуз ҳақида
Жума, 04 Октябр
12328

«Эдегор дегани бормиди, қаерда ўша?». Мабодо «Реал»да қандайдир ёш юлдуз порлай бошласа ёки келажаги порлоқ дейилаётган бирор иқтидорга мадридликлар клуби катта пул сарфлашга тайёр экани эълон қилинса, мана шундай истеҳзолар пайдо бўлади.

Эсингизда бўлса, норвегиялик Мартин Эдегор 16 ёшида бутун Европанинг оғзига тушган, ёш футболчи барча топ-клубларда навбати билан шуғулланиб, улар ўртасида қандайдир маънода «тендер» ўтказганди. Якунда Эдегор «Реал»ни танлаб, мадридликлар билан шартнома имзолаши Флорентино Перес учун «пиар»га айланиб кетганди. Шу билан бирга, 16 ёшли футболчи учун йилига 2 миллион евродан ортиқ маош, шунингдек, футболчининг отасига клуб структурасидан иш кафолатланиши футбол жамоатчилигида шов-шув ҳам бўлди – янги Пеле топилдими?

Оловга Карло Анчелоттининг сўзлари ҳам мой сепди. У ўзининг «Сокин етакчилик» номли автобиографиясида тан олишича, «Эдегорнинг трансфери «Реал» ва унинг президенти Флорентино Перес учун шунчаки пиар эди ва клуб брендини Норвегияда ҳам машҳур қилишга қаратилганди. Мартин – жуда яхши ўйинчи, аммо ўшанда жамоага керак эмасди».

Аввалига, Эдегор асосий таркиб билан машғулотларда қатнашиб, асосан Зидан шуғуллантирадиган «Кастилья»да ўйнаб юрди. Норвегия терма жамоаси футболчиси Зизу билан тил топишиб кетмади, лекин бу «Реал»нинг асосий жамоасида дебют қилишга халақит бермади. 2015 йилда, Испания чемпионатининг сўнгги турида, «Хетафе» билан ўйинда Мартин захирадан майдонга тушди. У Криштиану Роналду ўрнини эгаллаганди.

Шу билан Мартинни «Реал»да кўрмадик. Ҳозир Эдегорни ҳатто «Реал»нинг мухлислари ҳам унута бошлаган, аҳён-аҳёнда ўтмишда умид қилинган, лекин порламаган юлдуз сифатида эслаб қўйишади. Аслида ҳам шунақами? Қуйида шу ҳақида баъзи маълумотларни келтирамиз. Баъзи мутахассисларнинг кузатишича, Эдегорнинг кейинги фаолияти шамолда учиб юрган баргни эмас, жуда чуқур ишлаб чиқилган режанинг бир бўлаги экан.

«Кастилья» даражаси Эдегорга торлик қилаётгани маълум эди, шунинг учун Мадрид клуби футболчи учун махсус дастур ишлаб чиқди. Режага кўра, футболчи бир қатор мавсумларни ижарада ўтказиб, катта футболга мослашиши керак эди. «Ҳеренвен» ва «Витесс»даги мавсумлар ортидан «Аякс» томонидан қизиқиш билдирилгани шуни кўрсатардики, «Стрёмсгодсет» тарбияланувчиси тўғри йўлда.

2020 йилнинг ёзигача «Реал Сосьедад»га ижара асосида ўтиш эса, тортнинг безаги бўлди, дейиш мумкин. Сан-Себастяндаги мавсум Эдегор учун сўнгги синов бўлиши ва шундан кейин у Мадридга қайтиши кутилмоқда. Ҳали эрта деб ўйлайсизми? Ундай эмас, сўнгги йилларда эришилган фантастик ўсишни пайқаш қийин эмас ва Эдегорнинг ўзи ҳам, ҳали унинг вақти келишига тўлиқ ишонмоқда.

Агар «Реал Сосьедад»нинг ўйинларини кузатаётган бўлсангиз, ортиқча сўзлар ҳам шарт эмас. Масалан, айнан Мартин Эдегор «Атлетико»ни тўхтатиш ва мавсумда илк мағлубиятини қабул қилдиришда энг муҳим ролни ижро этди. Нафақат WhoScored статистика ресурси, балки AS, Marca каби Испаниянинг кўзга кўринган нашрлари ҳам футболчини учрашув қаҳрамони деб эълон қилишди. «Мен Мартиннинг нималарга қодир эканини билардим» – деб бир четда қараб турмади басклар бош мураббийи.

Аввалига, унинг зарбасини Стефан Савич дарвозага тўғрилаб юборди, бироз ўтгач эса, айнан Эдегорнинг стандарт вазиятдан амалга оширган узатмасини Начо Монреал голга айлантирди. Гап фақат Облак дарвозасига киритилган ҳар икки голда ҳам Мартиннинг иштирок этганида эмас. Эдегор 6,3 фоиз даражасида тўпни назорат қилди – бу фақат Саул (6,5 фоиз), Коке (6,6 фоиз) ва Диего Льорентеникидан (8 фоиз) камроқ эди, холос.

Ўзига ишончи ошган футболчи кейинги ўйинларда ҳам асосий фигурага айланмоқда. «Эспаньол»даги ўйинда жамоа ғалабасига катта ҳисса қўшди ва таркибда фақат ушбу ўйинда дубль қайд этган Виллиан Жозедан пастроқ баҳо олди, холос. «Алавес» билан ўйинда унинг деярли бутун ҳимоячи кесиб ўтган голли узатмаси бутун интернет тармоғида айланиб юрди.

Бу энди ёш иқтидорнинг «ютуб»да оммалашган финтлари эмас, катталар футболида, кучли чемпионатда амалга ошираётган ҳаракатлари эди. Бу ўйинда ҳам фақат гол муаллифлари Мартиндан юқорироқ баҳо олишган, холос. «Севилья»га қарши ўйинда басклар мағлубиятга учраган бўлишса-да, яна Эдегорга эътироз йўқ – битта голли пас ва сосьедадликлар таркибида учрашувнинг энг яхши футболчиси.

Натижада 20 ёшли норвегиялик футболчи «Реал» ҳужумчиси Карим Бензема ва «Вильярреал» ҳужумчиси Жерар Моренони ортда қолдирган ҳолда Испания чемпионатининг сентябрь ойидаги энг яхши футболчиси деб топилди.

Қизиғи, юқорида айтилганидек, агар сўнгги йилларда «Реал» катта харидларни амалга оширганда, жамоа мухлислари ёки «душманлари» томонидан «Винисиус? Янги Эдегор бўлади» ёки «Кубо? Ҳа, яхши техникаси бор экан, лекин Эдегор қани?» ёки «Родриго? 45 миллион евро бир ёш футболчи учунми? Айтганча, Эдегор нима бўлди?» қабилидаги истеҳзоли изоҳлар қолдирилади. Бундай стереотипларни камроқ ишлатиш вақти келди шекилли.

Аслида Эдегорга ўхшатилиши Винисиус, Кубо ёки Родриго учун мақтов сифатида янграши лозим. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз