Узбек O'zbek
Ван Дейкни ҳам болаларча алдаш мумкин. «Энфилд»даги «телбалик» ва ЕЧЛнинг бошқа ўйинлари 
Пайшанба, 03 Октябр
7403

3 октябрга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 2-тури доирасида яна 4та гуруҳда 8та ўйин бўлиб ўтди.

H гуруҳи
Лэмпард болаларининг муваффақияти

Лилль — Челси — 1:2 (Осимхен, 33 — Абраҳам, 22. Виллиан, 77).

Фрэнк Лэмпард ишонч билдираётган ёшлар натижа келтиришда давом этмоқда. У ўзи билан бирга «Дерби»дан олиб келган Томори ўтган мавсумда бекорга чемпионшипнинг энг яхши футболчиси бўлмаганини исботламоқда. У ЕЧЛ ўйинида ўтган мавсумда чемпионшипнинг энг яхшиларидан бири бўлган яна бир футболчи Абраҳамни дарвозабон билан яккама-якаа вазиятга чиқарди. Бу 22 ёшли тўпурар ҳужумчининг туғилган кунига совға бўлди, дейиш ҳам мумкин.

Ўз навбатида «Лилль» ҳам янги талантларни кашф этишдан тўхтамаяпти. Французларнинг янги иқтидори Луиз Араужунинг зарбаси фақатгина Кепанинг маҳорати туфайли голга айланмай қолган бўлса, дарвозабон мезбонларнинг бошқа бир ҳужумчиси, Франция чемпионатининг жорий мавсумдаги энг яхши тўпурари бўлиб турган Осимхеннинг зарбаси қаршисида ожиз қолди. Лэмпард жамоасининг заиф нуқтаси - ҳимоя чизиғи бўлиб қолмоқда: унинг бошқарувидаги ўйинларнинг атиги 22 фоизидагина жамоа дарвоза дахлсизлигини сақлай олган.

Аммо иккинчи бўлимда тажриба ёшликдан афзаллиги ўз исботини топди. Шу куни «Челси» сафида юбилей - 300-ўйинини ўтказган Виллиан узоқ масофадан ҳаводаги тўпни тўхтатмасдан берган зарбаси билан ўйин тақдирини ҳал қилди. Газонга сапчиб йўналишини ўзгартирган бу зарбага қарши тажрибали дарвозабон Маньяма ҳеч нарса қила олмади. Ўйиннинг қолган дақиқаларида Кепа яна бир неча бор маҳоратини намойиш этишига тўғри келди, вазиятлардан бирида у Осимхеннинг оёқлари остидаги тўпни олиб қўйди, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса ўз хатоси туфайли хавфли тус олган ҳужумни тўхтатдию Лэмпардда турнирдаги илк ғалаба!

Валенсия — Аякс — 0:3 (Зиёш, 8. Промес, 34. ван де Бек, 67).

Мезбонлар мураббийи Денис Черишев ёки Ли Кан Инни эмас, Гонсалу Гедешни ўйиннинг илк дақиқаларидан майдонга туширди. Лекин айнан унинг қанотидан уюштирилган ҳужум гол билан якунланди. «Кўршапалаклар» ҳимоячилари Зиёш узоқ масофадан қандай зарба бера олишини унутган кўринишади.

Гедеш кейинроқ рақиб жарима майдонида Альваресни ўзига нисбатан фол ишлатишга мажбур қилди, аммо жамоа пенальтисти Дани Парехо 11-метрли жарима зарбасини шундай ижро этдики, қаршисида футбол эмас, регби дарвозаси тургандек. Жавоб ўзини кўп куттирмади, сафга қайтган ван де Бек Испаниядаги муваффақиятсиз мавсумдан кейин ўз ватанида яна ёрқин ўйин кўрсата бошлаган Куинси Промесни голли пас билан таъминлади. «Аякс»даги дебют мавсумида ЕЧЛ стартида қаторасига икки ўйинда гол урган бу футболчи Рафаэл ван дер Варт ва Яри Литманеннинг рекордини такрорлади.

«Валенсия» эса ўз имкониятларини кўкка совуришда давом этди. Родриго бир неча матр масофадан туриб дарвоза устунини нишонга олди, кейинги вазиятда Зиёшнинг зарбаси ҳам дарвоза тўсинидан қайтгани унга таскин бермагани аниқ. Испанлар танаффусдан кейин ҳам омад қушини ўз бошларига қўндира олишмади. Онана рикошетлардан кейин икки марта тўпни қайтарди ва ҳафта дарвозабонлари ҳафталигида ўзига жой кафолатлади. Кейин эса Тадич ҳеч ким кутмаган вазиятда орқача туриб ван де Бекни рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқарди - 3:0.

Н гуруҳи турнир жадвали

G гуруҳи
Сильвиньо Нагельсманни доғда қолдирди

Лейпциг — Лион — 0:2 (Депай, 11. Террье, 65).
Сўнгги бир ярим ой давомида ғалаба нелигини билмаган «Лион» Лейпцигда уйғонди. Депай рақиб ҳимоячилари жарима майдони ичида йўл қўйган хатодан унумли фойдаланди. Рақибнинг ишонган ҳужумчиси Тимо Вернер эса яккама-якка вазиятда дарвозабонни алдаб ўта олмади, кейин Марсело Поульсеннинг такрорий зарбасини дарвоза чизиғи устидан қайтариб юборди.

Юлиан Нагельсманн жамоаси вазият кетидан вазият яратишди, лекин ҳимояда жуда қўпол хатоларга йўл қўйишди. Мукиеле Террьега тўпни совға қилгач, меҳмонлар ҳисобдаги устунлигини оширишди. Умуман олганда, Франция чемпионатидаги натижалар туфайли танқид остида қолган Сильвиньо германиялик ҳамкасбини тузоққа туширди. У ўйин олдидан Денайер йўқлиги туфайли уч нафар ҳимоячи билан ўйнаш иложсиз эканини айтганди, аммо меҳмонлар айнан шу схемада майдонга тушишди ва рақибнинг майдондаги жойлашувини айнан такрорлашди.

Зенит — Бенфика — 3:1 (1:0)
Голлар: Дзюба, 22 (1:0). Рубен Диаш, 70 — автогол (2:0). Озмун, 78 (3:0). Рауль де Томас, 85 (3:1).

Инқироздан чиқиб кета олмаётган «Бенфика» кутилганидек «Газпром Арена»да ютқазди. Фақат ўйин охирида мезбон ҳимоячиларнинг қўпол хатоси португалларни йирик мағлубиятдан қутқариб қолди. Эндиликда питерликлар гуруҳ пешқадамлигини қўлга олишган.

G гуруҳи турнир жадвали

F гуруҳи
Дортмундда тўпурар ҳимоячи

«Барселона» — «Интер» (2:1) ўйини ҳақида — бу ерда

Славия Пр — Боруссия Д — 0:2 (Ҳакими, 36, 89).

Прагаликлар ҳозирча мавсум кашфиёти бўлиб туришибди. Биринчи турда улар «Сан-Сиро»да «Интер»ни мағлуб этишларига бир бахя қолганди (1:1). Энди эса Германиянинг энг яхши икки жамоасидан бирига қарши тенгма-тенг ўйин кўрсатишди. Бу ўйин давомида «асаларилар» ўз жарима майдонларига қамалиб олган вақтлар ҳам бўлди, чехлар икки бор бирга-бир вазиятдан фойдалана олишмади.

Аммо Дортмунд шундай жамоаки, унда ҳатто ҳимоячилар ҳам кичик шедеврлар қилишга қодир. Ҳакими рақибга босим ўтказиб, тўпни эгаллаб олгач рақиб жарима майдонига ёриб кириб, ҳимоячилардан бирини бир ҳаракат билан йўлдан олиб, дарвозабонни эмаклатиб алдаб гол уришига шундай таъриф берса бўлади.

Бунга қадар «Боруссия» Чемпионлар лигасида 307 дақиқа давомида гол ура олмай келаётганди ва марокашлик легионер «асаларилар»нинг голсиз сериясига нуқта қўйди. Люсьен Фавр Ашраф Ҳакимининг имкониятларига тўғри баҳо берган ҳолда уни олдинроққа чиқарди, у иккинчи бўлимда яна Брандтнинг узатмасини қабул қилиб олиб олдинга югурди ва тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказиб дублни расмийлаштирди.

F гуруҳи турнир жадвали

Е гуруҳи
Клоппни асабийлашишга мажбур қилишди

Ливерпуль — Зальцбург — 4:3 (Мане, 9. Робертсон, 25. Салоҳ, 36, 69 — Хван Хи Чхан, 39. Минамино, 56. Ҳоланд, 60).

«Энфилд»даги ўйин кутилганидек бошланганди: Мане шу куни туғилган кунини нишонлаётган Роберто Фирмино билан девор услубида ҳаракат қилиб, собиқ жамоаси дарвозасини ишғол этди. Бу голдан кейин мерсисайдликлар еврокубоклардаги қаторасига 12-уй ғалабасига осонгина эришиши аниқдек эди.

Иккинчи голли комбинация янада чиройли чиқди. Робертсон ҳужумни ўзи бошлаб, ўзи якунлади, иккинчи қанот ҳимоячиси Александр-Арнолд голли пас муаллифи. Кўп ўтмай Салоҳ ҳисобни йирик кўринишга келтирди ва Чемпионлар лигасидаги голлари сони бўйича Манени яна ортда қолдира бошлади (17-15). Олдинда фақат мазкур еврокубокда 21 бор рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олган афсонавий Стивен Жеррард қолди.

«Зальцбург» танаффусга қадар битта жавоб голини урди ва «Энфилд»да турнирнинг ўтган мавсуми бошидан буён гол урган илк жамоа бўлди. Меҳмонларнинг жанубий кореялик форварди Хван Хи Чан битта чалғитувчи ҳаракат билан худди ўсмир болани алдагандек жаҳоннинг энг яхши ҳимоячиси ван Дейкни газонга йиқитди ва кейин тўпни осонлик билан дарвоза тўрига жойлади.

Иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқалигида австрияликлар жамоаси «Ливерпуль»ни ҳисобда қувиб етишга улгурди. Биринчи гол муаллифи бошқа бир осиёлик ҳужумчи Такуми Минаминони голли пас билан таъминлади. Беш дақиқа ўтиб япониялик футболчининг ўзи энди асситент ролида - у қанотдан ташлаб берган тўпни ўтган тур қаҳрамони, «Генк» дарвозасини уч бор ишғол қилган норвегиялик Эрвинг Ҳоланд бош қолган дарвозага киритиб қўйди. Чемпионлар лигасида тўртта зарба ва тўртта гол - ақл бовар қилмас статистика! «Ливерпуль» ўз майдонида бу даражадаги жамоадан учта гол ўтказиши эса ҳақиқий фантастика!

Учинчи голни нишонлаш чоғида меҳмон мухлислар трибунаси қаршисига меҳмонлар мураббийи Жесса Марш ҳам етиб келди. Бу вақтда камералар Клопп ва унинг шогирдларининг бўзарган қиёфаларини ҳам кўрсатишга улгурди.

Ўйинда мезбонлар сафида Матипнинг йўқлиги билиниб қолди, унинг ўрнида ҳаракат қилган Гомез эса шу куни жамоанинг энг кучсиз нуқтаси эди. 

«Ливерпуль» майдонида сўнгги марта бундай сурбетликка 2014 йили «Реал» футболчилари қодир бўлишганди. Ундан олдинроқ «Барселона» ва «Челси» «Энфилд»да учтадан гол ура олган. Лекин бу топ-клублар қаердаю, «Зальцбург» қаерда?! Ўйиннинг сўнгги қисмида ҳимоячилар тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўйишганидан кейин Муҳаммад Салоҳ ўйин тақдирини ҳал қилган голни урган бўлсада, Жесси Марш ўз жамоаси билан фахрланиши мумкин. Австрия чемпионлари иштирокидаги икки ўйинда жами 15та гол урилди, бу жамоа ўйинларини энди ҳеч ким ўтказиб юбормаса керак.

Генк — Наполи — 0:0.

Генкдаги ўйин натижаси — тур сенсацияси бўлди. Турнирни Зальцбургда 2:6 ҳисобида мағлуб бўлиш билан бошлаган бельгияликлар фаворит жамоага қарши тура олишди. Умуман олганда, «Генк» учун бу юксак натижа ҳам эмас. Бу жамоа сўнгги бор ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида 8 йил муқаддам иштирок этган, ўшанда бу жамоа сафар ўйинларида курашсиз таслим бўлган бўлсада, ўз майдонида «Валенсия», «Байер» ва «Челси» билан кечган ўйинларда ютқазмаганди. Неаполитанликлар эса қаторасига учинчи мавсумда Чемпионлар лигасида сафар ўйинларида зафар қуча олишмаяпти (=3-4).

Е гуруҳи турнир жадвали

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз