Узбек O'zbek
Гнабри «Тоттенҳэм»ни Лондонда «кўмди». ЕЧЛда биринчи кун ўйинлари
Чоршанба, 02 Октябр
2345

1 октябрдан 2 октябрга ўтар кечаси Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 2-тури доирасида 4та гуруҳда 8та ўйин бўлиб ўтди.

А гуруҳи
Ўтда ёнмас парижликлар

«Галатасарой» — «ПСЖ» — 0:1 (Икарди, 52).

«Реал» — «Брюгге» — 2:2 (Серхио Рамос, 55. Каземиру, 85 — Деннис, 9, 39). Четлатиш: Формер («Брюгге»), 84.

«Реал»нинг «Брюгге» билан қийин дуранги ҳақида аввалроқ ёзилганди. Европанинг яна бир гранди «ПСЖ» ҳам сешанба куни қийин ўйин ўтказди — парижликлар «Галатасарой» меҳмони бўлишди. Неймар ҳамон баҳордаги қилиғи учун дисквалификация ўтамоқда ва жамоа бразилиялик етакчисисиз қийналмоқда. Бу ўйинда «ПСЖ»нинг ҳужум учлиги Ди Мария, Сарабия ва Икардидан таркиб топди — ўйиннинг 52-дақиқасида Сарабиянинг пасини Икарди голга айлантирди. Бу ёзнинг асосий трансферларидан бири сифатида Парижга келган аргентиналик ҳужумчининг янги клуби сафидаги биринчи голи бўлди.

Бу голдан кейин меҳмонлар ҳисобни сақлаб қолиш учун ўйнашди ва бунга эришишди. Икки ўйинда икки ғалаба ва А гуруҳида ким биринчи ўринни эгаллашига ҳеч кимда шубҳа йўқ.

В гуруҳи
«Шпорлар»: «Арсенал»дан ҳам ёмонроқ

«Тоттенҳэм» — «Бавария» — 2:7 (Сон Хин Мин, 12. Кейн, 61, пенальти — Киммих, 15. Левандовски, 45, 87. Гнабри, 53, 55, 83, 88).

Европа вице-чемпионлари қийин дамларни бошдан кечиришмоқда. «Тоттенҳэм» ички чемпионатда ҳам яхши иштирок эта олмаяпти, жамоа тез-тез очко йўқотмоқда, Англия Лигаси Кубогини тўртинчи дивизион вакилига ютқазган ҳолда тарк этди, энди эса ўз уйида «Бавария» томонидан яксон этилди. Гарчи ўйин Сон Хин Мин меҳмонлар ҳимоясидаги хатодан унумли фойдаланиши билан бошланган бўлсада.

Немислар гранди танаффусга қадар нафақат ҳисобни тенглаштирди, балки ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олди. Дастлаб Киммих узоқ масофадан дарвозани ишғол қилган бўлса, бўлим охирида Левандовски ўзи бошлаган ҳужумни ажойиб якунлаб, навбатдаги голини урди. Гол машинаси тўхтовсиз ишламоқда: у бу мавсумда фақат битта ўйинда гол урмаган («Боруссия»га қарши август ойи бошидаги Германия Суперкубоги ўйинида), у ўтган вақт мобайнида 14 марта рақиб жамоа дарвозабонларини хафа қилган.

Иккинчи бўлимда эса «Арсенал»нинг собиқ яримҳимоячиси Серж Гнабри ўйин тақдирини ҳал қилди. «Тоттенҳэм» стадионидаги тўртта гол — нафақат мюнхенликлар учун, балки «канонирлар» учун ҳам экстаз.

«Шпорлар» иккинчи бўлимда, тўртинчи голдан кейин битта жавоб голи қайтаришганди, Кейн пенальтини аниқ ижро этди, аммо бу гол жамоани таҳқирланишдан қутқара олмади. Гнабри покер, Левандовски — дубль расмийлаштирди, «Бавария» — сафардан йирик ғалаба билан қайтди. Лондон шимоли мюнхенликлар клуби учун ҳамиша меҳмондўст бўлган. 2017 йил бошида «Арсенал» немислар клубига икки ўйин натижасига кўра 2:10 ҳисобида мағлуб бўлганди. Аммо «Тоттенҳэм» қўшниларининг натижасидан ўтиб кетадиган кўринади. Бундай бир ўйиндаги ҳалокатли натижани ҳатто «Арсенал» ҳам қайд этмаган.

«Црвена Звезда» — «Олимпиакос» П — 3:1 (Вулич, 62. Милунович, 87. Боакье, 90 — Семеду, 37). Четлатиш: Бензья («Олимпиакос»), 57.

«Црвена Звезда» ва «Олимпиакос» тез-тез тўқнашиб туради. Бу сафарги учрашув эса дўстона тугамади. Биринчи бўлимда серблар жамоаси дарвозабони Боряннинг қўпол хатоси меҳмонларга гол тақдим этди.

Аммо иккинчи бўлимда «Олимпиакос» яримҳимоячиси Бензиянинг четлатилишидан кейин грекларнинг ўйини бузилиб кетди. Аввалига Вулич ҳисобни тенглаштирди, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида «Црвена Звезда» рақибни таслим қилди — 3:1.

С гуруҳи
Хорватларнинг мустаҳкам қўрғони

«Манчестер Сити» — «Динамо» З — 2:0 (Стерлинг, 66. Фоуден, 90+5).
«Аталанта» — «Шахтёр» — 1:2 (Сапата, 28 — Мораэс, 41. Соломон, 90+5). Аниқ ижро этилмаган пенальти: Иличич («Аталанта»), 16.

Пеп Гвардиола ўйиндан аввалги матбуот анжуманида рақиб билан ҳисоблашиш кераклигини айтиб, биринчи турда хорватлар «Аталанта»га ҳеч қандай имконият қолдирмагани (4:0) ҳақида эслатиб ўтганди. Бу мураббийларнинг матбуот анжуманларида айтадиган одатий гапига ўхшаб кўринган, «Манчестер Сити» майдонда «Динамо»ни осонлик билан енгиши кутилганди. Аммо мезбонлар майдонга рақибни менсимай тушгани кўриниб қолди.

Англия чемпионларида биринчи бўлимда бир неча хавфли вазиятлар бўлди. Ҳужумлардан бирида мезбонлар рақиб дарвозаси томон кетма-кет уч бор зарба берди, аммо гол бўлмади. Бошқа эпизодда Гундўған дарвоза тўсинини нишонга олди, учинчи бир вазиятда эса Давид Сильва беш метр масофадан тўпни дарвозага жойлаб қўя олмади — дарвозабон тўпни тўсиб қолишга улгурди.

Афтидан бу оқшомнинг голсиз ягона учрашуви Манчестерда бўладигандек эди. Лекин 66-дақиқага келиб захирадан ўйинга қўшилган Стерлинг хорватлар қўрғонини очишга эришди. Ўйин охирида эса захирадан ўйинга қўшилган яна бир футболчи Фоуден иккинчи голни урди.

Гуруҳнинг иккинчи учрашувида эса «Аталанта» қаторасига иккинчи ўйинда мағлуб бўлди — ўз уйида «Шахтёр»га.

D гуруҳи
Сёмин ҳаммасини ҳисобга олганди. Жоау Фелишдан ташқари

«Локомотив» — «Атлетико» — 0:2 (0:0)
Голлар: Жоау Фелиш, 48 (0:1). Партей, 58 (0:2).

«Ювентус» (Италия) — «Байер» (Германия) — 3:0 (1:0)
Голлар: Игуаин, 17 (1:0). Бернардески, 62 (2:0). Криштиану Роналду, 89 (3:0).

«Ювентус»нинг осон ғалабаси ва Роналдунинг навбатдаги рекордлари ҳақида аввалроқ ёзилди. «Локо» эса «Байер» ва «Зенит» устидан қозонилган ғалабалардан кейин Москвада «Атлетико»га мағлуб бўлди. Ўйин тақдирини мадридликларнинг янги футболчиси, португалиялик вундеркин Жоау Фелишнинг индивидуал ҳаракатлари ҳал қилди.

Қолаверса, меҳмонлар дарвозабони Ян Облак ҳам жамоаси ғалабасига ҳисса қўшди. У ўйин охирида Криховякнинг 100 фоизлик голли вазиятда туриб йўллаган зарбасини ақлбовар қилмас сейв амалга ошириб бартараф этди. 

Москваликлар бу 2 йил олдин Европа Лигаси нимчорак финалидаги шармандали натижалар (0:3, 1:5) учун қасос ололмаган бўлсада, бу сафар ҳисоб йириклашиб ҳам кетмади. Ўйиндан кейин мезбонлар устози Юрий Сёмин рақиб мураббийи Диего Симеонени мақтади ва у жамоаси билан ЕЧЛ ғолиби бўлишини айтиб ўтди. Энди москваликлар «Байер» билан учинчи ўрин ва Европа Лигаси йўлланмаси учун курашиш ҳақида ўйласа ҳам бўлаверади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз