Узбек O'zbek
«Барса»да футболчилар ва раҳбарият ўртасида низо. Пике ва Бартомеу учрашуви бу урушга якун ясайдими?
Сешанба, 01 Октябр
8484

Испания нашрларида «Барселона» клуби футболчилари, журналистлар ва клуб босслари алоқадор бўлган можароли зиддият ҳақида ёзилмоқда.

«Барса»га Испанияда оддий клуб сифатида эмас, каталонларнинг мустақиллик учун кураши рамзи сифатида қарашади. Кўпчилик бундай клубларнинг футболчилари оддий футболчилардан юқорироқ бўлиши керак деб ҳисоблайди. Mundo Deportivo нашрининг испан журналистлари каталонлар гранди футболчилари «футболчи даражаси»дан ўтиб, клуб ишларига фаол равишда аралаша бошлагани ҳақида ёзишмоқда. «Барселона»да жиддий можаро етилди, клубда сўнгги йилларда бунақаси кузатилмаганди.

Пике ОАВдан норози

Шу кунларда Mundo Deportivo нашрида «Барселона» футболчилари клуб ишларига меъёридан ортиқ даражада аралашиши ҳақидаги мақола эълон қилинди. Унда айтилишича, клубнинг бир гуруҳ футболчилари клубнинг трансфер сиёсатига ва бошқарувига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилишади. Хусусан, гап Месси Неймарнинг қайтишини исташи, Маттейс де Лигт Пике билан суҳбатдан кейин (бу суҳбат дўстона кечмаган, Пике клубга ўзига рақобатчи футболчи келишини истамаган) «Ювентус»ни танлагани ҳақида кетади. Жерарга бу мақола шу қадар ёқмаганки, у «Хетафе»га қарши кечган ғалабали ўйиндан кейин микст-ҳудудда берган интервьюсида ўз норозилигини билдирди.

Mundo Deportivo нашри журналистлари «Барселона» клуби раҳбарияти билан тўғридан-тўғри алоқадор экани, уларга маълумотлар сиздириб турилиши ҳақидаги гаплар эса «оловга мой сепади». Буни билган Пике «Барселона» раҳбариятини футболчиларни ранжитувчи мақолаларни буюртма қилишда айбламоқда. Жамоага бу ҳолат ёқмади ва етакчи футболчилар «Вильярреал»га қарши ўйиндан кейин кечки овқатга йиғилишди. Албатта, бу йиғилишни Пике уюштирди.

Раҳбарият Пикедан норози

Дарҳол реакция билдирилди: Хосеп Бартомеу Жерар билан шахсан учрашиб, у билдирган айбловлар бўйчича гаплашиб олишга ҳозирланди. Клуб президенти ичкаридаги гап ташқарига чиқишини истамасди, аммо Пике ўз баёнотлари билан жараённи аллақачон бошлаб юборди. Унинг ҳисоблашича, раҳбариятда футболчилар билан тўғридан-тўғри гаплашиб олиш учун жасурлик етишмаяпти ва клуб футболчиларга матбуот орқали таъсир қилишга уриняпти. Агар у ҳақ бўлса, клубдаги вазият янада чигаллашади. Футболчилар клуб бошқарувига аралашмоқда - президент фош этувчи мақолаларни буюртма қилмоқда - футболчилар клуб раҳбарияти бошқарувидан норози. Худдики, соғлом ақл-идрокка жой бўлмаган абсурд театри.

Аслида ҳам «Барса» футболчилари клубни бошқаришадими?

Пике яқин келажакда клуб президенти бўлиш ниятини ҳеч қачон яширмаган. Каталониялик мухлислар Жерарни жуда ардоқлашади ва ҳозирнинг ўзида унга овоз беришга тайёрлар. Реаллик шундаки, Пике «Барселона» тарихидаги иккинчи ўйновчи президент бўлиши мумкин (биринчиси клуб асосчиси Жоан Гампер бўлган). Каталонлар клубининг учинчи рақамли футболкада тўп сурувчи бу футболчиси «Барселона» клуби ҳомийлари вакиллари билан тушликлар ташкил этади, бошқа клублар футболчилари билан мулоқот ўрнатади ва уларни кўк-анорранглилар клубига ўтишга ундайди. Энди Жерар жамоадошларини тушликка йиғиб, уларни журналистлардан ҳимоя қилиб, клуб раҳбарияти билан очиқ тўқнашувига киришишидан ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. 

«Ким бошқа номлар остида мақолаларни ёзаётганини биз биламиз» — Пике бу сўзлари орқали Бартомеуга уруш очди. У шунингдек, клубнинг АҚШда ўтказган мавсумолди йиғини графиги бўйича эътирозларини билдирди, унинг сўзларига кўра, йиғин нотўғри ташкил этилгани туфайли футболчилар янги мавсумдаги расмий ўйинларга толиққан ҳолда кириб келишди.

Журналистларнинг бошқа айбловлари Мессига қаратилган. Леодан яқиндагина «Барселона» Неймарни қўлга киритиш учун бор имкониятлари даражасида курашдими, дея сўрашганди. «Ишончим комил эмас» — дея жавоб берганди ўшанда кўк-анорранглилар сардори. Клуб раҳбарияти бундай жавобни яширин даъво сифатида қабул қилди. Бунгача ҳам «Барселона» Неймарни қайтаришни истамагани, шунчаки Лео ва бошқа етакчилар унинг қайтишини исташгани учун ёлғондакам шовқин кўтарилгани ҳақида миш-мишлар юрарди. Месси бразилиялик футболчиси қайтишини истаганини тан олган, аммо клубга босим қилмаганини қўшимча қилганди.

Месси унгача матбуот орқали фақат бир марта чиқиш қилганди: ўшанда у Аргентинанинг Америка Кубогидаги муваффақиятсиз иштирокидан кейин Жанубий Америка футбол конфедерациясини коррупцияда айблаганди. Натижада футболчини жаримага тортишган, дисквалификация қилишган, узр сўратишганди, шундан сўнг Месси «шамол тегирмони»га қарши курашишни бас қилганди.

«Барселона»да инқилоб: бўладими ёки бўлмайдими

Агар клубнинг ҳозирги ва келажакдаги президенти шахсий учрашувда келишувга эриша олмаса, уруш газеталар саҳифаларида давом этаверади. Испанияда матбуот истаса футболчини яксон этиши мумкин. Аммо «Барса» футболчилари «футболчидан юқорироқ» туради. Улар раҳбариятга қарши ҳам, журналистларга қарши ҳам урушаверишади, Лео Месси эса биратўла барчага уруш очиши мумкин — барча биладики бундай урушда у ғолиб бўлади. Аммо Месси футбол майдонидан ташқарида жанг қилишни истамайди. Гарчи ҳозирда аргентиналик футболчининг тушунарсиз жароҳати унинг клуб раҳбариятига яширин исёни экани, у ўз ҳаракатсизлиги билан клуб раҳбариятини обрўсизлантиришга уринаётгани ҳақида миш-мишлар юрибди. У яна қачон майдонга қайтиши ҳақида аниқ муддат йўқлиги эса бу назарияни далиллайди.

Футболчилар ва раҳбарият ўртасидаги бу тушунмовчиликлар, унга журналистлар ҳам аралашиши «Барса»нинг ўйинлари ва натижаларига таъсир қилмай қолмайди. Жамоа Чемпионлар лигаси доирасидаги «Интер»га қарши ўйинга асабий ҳолатда тайёрланмоқда. Агар яқин кунлар ичида зиддият тинчимаса, кўк-анорранглилар лагерида икки фронтда узоқ вақт давом этадиган уруш тарзидаги қийин даврлар бошланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз