Узбек O'zbek
«Барселона» Неймар билан келишган ҳолда суд мажлисини кейинги йилга қолдирди
Жума, 27 Сентябр
2324

Неймар ва «Барселона» ўртасидаги ҳуқуқий низо бўйича 27 сентябрга белгиланган суд мажлиси ўтказилмайдиган бўлди.

ESPN хабарига кўра, «ПСЖ» ҳужумчиси мажлис санасини ўзгартириш юзасидан собиқ клуби билан келишиб олган. Кеча у «Барса» вакиллари, хусусан клуб президенти Жозеп Бартомеу билан кўришган. Учрашувда томонлар келишмовчиликни судгача ҳал этиш масаласида бир тўхтамга кела олишмаган, шунга қарамай музокаралар ижобий руҳда якун топган – эндиликда томонлар низони тинч йўл билан ҳал этишни хоҳлашяпти.

Қайд этилишича, «Барселона» суд кодексига асосан суд мажлисини кейинги йилга қолдиришга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, Неймар Каталония клубидан 18 млн евро миқдоридаги тўланмай қолган бонуслар ва бу пулларнинг кечикиши учун компенсация ундиришга даъво қиляпти. Унинг иддаосича, 2016 йилда муддати узайтирилган шартномага асосан, клуб унга бир йилдан сўнг 40 млн евро бонус тўлаши керак бўлган, аммо бунинг ўрнига 22 миллион олган. Эндиликда у юқоридаги сумманинг қолган қисми – 18 млн еврони ундиришга ҳаракат қиляпти.

Ўз навбатида, «Барселона» раҳбарияти шартномани узайтирганлик учун бонус шартномада белгиланган муддат давомида тўлиқ жамоа сафида ўйнаган тақдирдагина тўланиши керак бўлгани, Неймар 40 млн евро олиши учун у битим амал қилишининг якуний санаси – 2022 йил июнига қадар клубда қолган бўлиши кераклигини айтмоқда. Шунингдек, «кўк-анорранглилар» футболчидан дастлабки тўловнинг пропорционал қисмини қайтаришни талаб қилишяпти.

Қўшимча қилиш жоиз, ОАВ маълумотига кўра, Неймарнинг отаси 2017 йил ёзида бонуснинг иккинчи қисмини ҳам қўлга киритиш мақсадида «ПСЖ» билан музокараларни атайин кечиктириб турган бўлиши мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз