Узбек O'zbek
Неймар: «Камгапликдан қутулмоқчиман»
Сешанба, 24 Сентябр
3861

«ПСЖ» ҳужумчиси Неймар Daily Mail мухбири билан суҳбатда руҳий саломатлиги ва хатолардан холи бўлиш имконсизлиги ҳақида гапириб ўтди.

«Табиатан жуда камгапман, кўп ҳам гапиравермасликка ҳаракат қиламан. Оқибатда эса бу хафсалам пир бўлишига, жаҳлим йиғилиб қолишига, портлашимга ва одамлар билан тўғри муомалада бўла олмаслигимга сабаб бўляпти.

Буни яхшилашга ҳаракат қиляпман. Ким биландир суҳбатда бўлишимга тўғри келиб қолса, кўпроқ гапиришга уриняпман. Ўйлашимча, бу самара беряпти.

Руҳан тетик бўлсанг, ҳаммаси табиий равишда кетаверади, кўпроқ тўғри қарорлар қабул қила оласан. Ўзингни яхши ҳис этмаётган бўлсанг, воқеалар сен ўйлаганчалик бўлиб чиқавермайди.

Сендан доим мукаммал шахс бўлишни кутишади. Лекин инсон бундай бўла олмайди.

Бир неча марта хатога йўл қўйдим. Бу хатоларимдан кейин ўзимга ишончимни тиклаб олишим осон бўлмади. Лекин менимча, муваффақиятсизликка учраш нормал ҳолат. Бу ҳам ҳаётнинг бир қисми. Хатолар орқали ўсиб, ўрганиб борасан киши.

Ота-онам, синглим, оилам ва дўстларим – мен улар учун футбол ўйнайман, улар учун ҳар куни машқ қиламан. Чунки улар доим ёнимда бўлишларини биламан. Ҳеч вақом йўқлигида менга ёрдам берганлар шулар бўлади. Мени руҳлантириб туришади.

Ҳар битта ўйин олдидан мусиқа тинглайман. Доим ибодат қиламан, баъзида отам билан бирга. Ибодат ўзимни яхши ҳис этишимга ёрдам беради, деб ўйлайман», – деди Неймар.

Эслатиб ўтамиз, ҳужумчи Ла Лигага қайтиши эҳтимоли борлиги сабаб мавсумнинг дастлабки ўйинларини ўтказиб юборган, Париж клуби бош мураббийи Томас Тухель клубдаги келажаги масаласи ҳал бўлгунига қадар уни майдонга туширмаслигини айтган эди.

У «ПСЖ»нинг Франция чемпионатидаги сўнгги икки ўйинида сўнгги дақиқаларда ғалаба голлари муаллифи бўлди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз