Узбек O'zbek
Олимжон Ҳикматов: «Қуръада омадимиз келмади. Бошқа сеткага тушганимизда учтадан медаль ва лицензия олишимиз мумкин эди»
Душанба, 23 Сентябр
2412

Нур-Султонда ўтган жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Олимжон Ҳикматов мусобақа борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон биринчилигида ўзбекистонлик эркин курашчилар битта бронза ва битта олимпия лицензияси билан чекланишди. Иккала ютуқ ҳам Ҳасанбой Раҳимовга тегишли.

Ҳасанбой Раҳимов (ўнгда)

Очколар бўйича умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон термаси 8-ўринни эгаллаб, 10 йил ичида илк марта Жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритди.

«Албатта, Жаҳон чемпионатидан бироз яхшироқ натижа кутгандик. Битта медаль ва битта лицензия олдик, аммо 1-2та медаль ва 2-3та лицензияга умид қилгандик», – деди терма жамоа устози Олимжон Ҳикматов.

Мураббий жамоа етакчиларидан Бекзод Абдураҳмонов ва Магомед Ибрагимовнинг совринсиз қолганини таъкидлаб ўтди.

«Эркин кураш бўйича асосий спортчиларимиз – -74 ва -97 кг вазн тоифаларидаги вакилларимиз медаль ола олишмади. -125 килограммда эса эллик фоиз ишончимиз комил эди – якунда ягона лицензияни Ҳасанбой Раҳимов қўлга киритди.

Магомед Ибрагимов ҳам жуда яхши жанг қилди. Америкалик рақибга ютқазиб қўйди. Агар америкалик спортчи ярим финалда ғалаба қозонганида эди, Магомед Ибрагимовда лицензия олиш имконияти бўларди. Менимча, у бу имкониятни қўлдан чиқармаган бўларди», – деди Ҳикматов.

Бекзод Абдураҳмонов

Шунга қарамай, эркин курашчиларда ҳали Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш имконияти бор. Улар 2020 йил баҳорида саралаш турнирлари орқали лицензия олишлари мумкин.

«Бекзод Абдураҳмонов ва Магомед Ибрагимов Осиё ёки жаҳон миқёсидаги саралаш турнирлари орқали лицензия олишади, деб умид қиламан. Март ойи охирида Хитойда Осиё бўйича, апрель охирида Болгарияда эса жаҳон бўйича саралаш мусобақаси ўтказилади. Абдураҳмонов ва Ибрагимов – жамоамиз етакчилари, улар бу турнирлар орқали йўлланма олишларига ишонаман.

Шунда бизда лицензия олишимиз мумкин бўлган яна учта вазн тоифаси қолади: -57, -65, -86 кг. -57 килограммда Жаҳонгир Туробов ўзини кўрсата олмади. Бу тоифада бизда яна Маҳмуджон Шавкатов ва Ғуломжон Абдуллаев ҳам бор. Саралаш турнирларида ким қатнашишини мусобақаларга яқин қолганда аниқлаймиз.

-65 кг вазн тоифасига келсак, -70 килограммдаги Ихтиёр Наврўзов вазн йўқотиб, лицензия қўлга киритишига умид қиламиз. -86 килограммда эса Жавраил Шапиев ва Умиджон Усмонов йўлланма учун ҳаракат қилади», – деди терма жамоа устози.

Олимжон Ҳикматов спорт курашлари бўйича ўзбекистонлик спортчиларнинг натижалари пасайиб боряпти, деган фикрга қўшилмаслигини билдирди.

«Спорт курашлари бўйича ишларимиз орқага кетяпти, деб айтмаган бўлардим. Аксинча, секин-аста ўсиш бўляпти. Масалан, август бошида Минскда Медведя соврини учун кечган халқаро турнирда жамоамиз иккинчи ўринни эгаллади. Иккита олтин, иккита кумуш ва учта бронза олдик – бу мусобақада жуда яхши қатнашгандик. Магомед Ибрагимов медаль ола олмаганди, қолганлар олишган.

Магомед Ибрагимов / Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Шундай экан, бу спорт турида ортга кетяпмиз, деган фикрга қўшилмайман. Шунчаки, ҳозир қуръада бироз омадимиз келмади. Йигитларимиз кучли рақиблардан ютқазишди. Агар курашчиларимиз қуръада турнир сеткасининг нариги томонида бўлганида тахминан учтадан медаль ва лицензия олган бўлардик», – деб қайд этди Ҳикматов.

Олимжон Ҳикматов эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё ва жаҳондаги ўрни ҳақида қуйидагича фикр билдирди.

«Осиёда биринчи ўринда турган пайтимиз ҳам бўлган. Бу йил асосий таркибда қатнашмаганимиз учун юқори учликка кира олмадик. Асосан мана шу жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрдик. Жамоавий ҳисобда 8-ўринни эгалладик ва Жаҳон кубогида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Ўзбекистон жаҳон кубогида охирги марта 10 йил олдин қатнашган.

Умуман, спорт курашлари бўйича жаҳонда юқори ўнликда, Осиё миқёсида эса кучли учликдамиз, деб айта оламиз», – таъкидлади мураббий.

Ҳасанбой Раҳимов

Ҳикматовга кўра, шу йил баҳорида Миллий олимпия қўмитаси бошқарувида ўзгариш бўлгач, терма жамоага нисбатан раҳбариятнинг муносабати ўзгаргани яққол сезилган.

«Миллий олимпия қўмитасида раҳбарият алмашганидан кейин вазият ижобий томонга ўзгарди. Лицензия олишимиз учун нима хоҳласак, ҳаммасини қилиб беришяпти. Бундай шароитлар учун Миллий олимпия қўмитасига раҳмат айтаман», – деди эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Олимжон Ҳикматов.

Юнон-рум курашчилари ЖЧда битта ҳам олтин олмасдан иккинчи бўлишди. Иккитадан олтин олган японлар ва грузинлар қандай қилиб ортда қолдирилди?

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз