Узбек O'zbek
Бугун жаҳон чемпионатида финал. Ҳал қилувчи баҳсларда Ўзбекистондан энг кўп вакил
Шанба, 21 Сентябр
7964

Бугун, 21 сентябрь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етади ва мусобақа ғолиблари аниқланади.

20 сентябрь куни бўлиб ўтган ярим финал жангларидан сўнг Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар вакили финал йўлланмасини қўлга киритган эди. Эътиборлиси, финалда энг кўп вакил Ўзбекистондан, мезбон Россиядан 3, Кубадан 2, Қозоғистондан 2, шунингдек, Ҳиндистон, АҚШ, Англия, Филиппин ва Эквадордан 1 нафардан спортчи финалгача етиб келган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси бу турнирга 8 нафар спортчи билан ташриф буюрганди. Элнур Абдураимов (-63 кг) ва Санжар Турсунов (-91 кг) саралашнинг иккинчи босқичида, Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) нимчорак финалда курашдан чиққан эди. -69 кг вазн тоифасидаги Бобоусмон Батуров эса ярим финалда буюк британиялик тажрибали боксчи Пэт Маккормакка ютқазиб, бронза медал билан кифояланди. 

Маълумот учун, 2017 йили Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар вакили (Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов, Иқболжон Холдоров ва Шаҳрам Ғиёсов) финалга йўлланма олганди. Ўшанда фақатгина Шаҳрам Ғиёсов олтин медал олганди.

Финал жанглари:

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров (Ўзбекистон) – Амит (Ҳиндистон)
-57 кг: Миразизбек Мирзахалилов (Ўзбекистон) – Лазаро Альварес Эстрада (Куба)
-63 кг: Энди Круз (Куба) – Кейшовн Девис (АҚШ)
-69 кг: Андрей Замковой (Россия) – Пат МакКормак (Англия)
-75 кг: Глеб Бакши (Россия) – Эумир Марсиаль (Филиппин)
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов (Ўзбекистон) – Бекзад Нурдаулетов (Қозоғистон)
-91 кг: Муслим Гаджимагомедов (Россия) – Хулио Сезар Кастильо (Эквадор)
+91 кг: Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон) – Камшибек Конкабаев (Қозоғистон)

Жанглар соат 19:00дан сўнг бошланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз