Узбек O'zbek
Европа футболида янги юлдуз. 19 ёшли норвегиялик паҳлавон «Олтин бутса» сари юришини бошлади
Пайшанба, 19 Сентябр
10863

Европа футболида янги юлдуз порлай бошлади.

Чемпионлар лигасида ҳет-трик қилган «Зальцбург» клуби ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд ҳали шу йилнинг 21 июлида 19 ёшга тўлганди. Ўзбекистон чемпионатида бундан каттароқ ёшдаги футболчиларга «умидли ёш» деб қаралса, у дунёни забт этмоқда.

У аллақачон ўзини кўрсатишни бошлаганди. 15 ёшида Норвегиянинг иккинчи лигасида иштирок этувчи «Брюне» сафида дебют қилиб, мамлакатга донғи кетганди. 16 ёшида эса у Оле Гуннар Сульшер бошқарувидаги «Мольде»да пайдо бўлди. 17 ёшга тўлар-тўлмас юқори дивизиондаги илк голини нишонлади. Ўша мавсумда турнирнинг етакчи жамоаларидан бири бўлган «Бранн» клуби дарвозасига покер йўллади. Ўтган мавсумда чемпионатнинг 25 ўйинида майдонга тушиб, 12 гол муаллифи бўлди, Европа Лигаси саралаш ўйинларида 4та гол урди. «Мольде» саралашда икки учрашув натижасига кўра «Зенит»га ютқазиб (2:1, 1:3) турнирни тарк этганди, аммо ўша ўйинларда норвегларнинг голларидан айнан ушбу вундеркинд урганди. Қишда у «Зальцбург»га 5 миллион евро эвазига трансфер қилинди.

Австрияликлар клуби арзон нарх эвазига «олтин балиқча»ни қўлга киритишди, дейиш мумкин. Май ойига келиб Ҳоланд ҳақида барча спорт сайтлари ёза бошлашди. У ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бир ўйинда 9та (!) гол урди. Ҳа, бу голлар Ҳондурасга урилди, аммо бу натижа ҳам қойилмақом эди. Австрия лигасида янги мавсум бошланди - ушбу форвард 7та ўйинда 11та гол уриб, 4 голга узатма берди. Турли турнирлар доирасида у бир ярим ой ичида рақиб жамоалар дарвозабонларини 17 марта ранжитишга улгурди. Энди у «Олтин бутса»га даъвогарлар қаторида.

3 сентябрь куни transfermarket портали Ҳоланднинг нархини 5 миллион евродан 12 миллион еврога ошириб қўйди. Аммо бу нарх ҳам узоқ турмаса керак, балки бир неча марта ўсишини кутиш мумкин. Бу орада бўйи 190 см, вазни 90 кг бўлган бу скандинав паҳлавони Норвегия терма жамоасида дебют қилишга улгурди, Чемпионлар лигасидаги дебютида эса «Генк» дарвозасини уч бор ишғол қилди. У йиртқич каби тўпга ташланиб, уни куч билан дарвоза томон йўлламоқда. Ўнг оёқда ҳам, чап оёқда ҳам.

Норвегиялик бу иқтидорнинг боши айланиб қолмаса керак. Унинг ишларини отаси юритади ва у ўғли бўшашишига йўл қўймаслиги аниқ. Вундеркинднинг отаси Альф-Инге Ҳоланд 1994 йилги жаҳон чемпионатида Норвегия терма жамоаси сафида ўйнаган, турли йилларда «Ноттингем Форрест», «Лидс» ва «Манчестер Сити» каби клублар сафида тўп сурган. Унинг фаолияти янада муваффақиятли кечиши мумкин эди, аммо 28 ёшида оғир жароҳат олади ва кейин майдонга қайта олмайди. 

Катта Ҳоланднинг бу жароҳатга олиб келган тарихи аввалроқ бошланганди. У 2001 йил  йилнинг апрелида «Лидс» ва «МЮ» учрашуви вақтида рақиб яримҳимоячиси Рой Кинга қўполлик қилиб йиқитади ва уни симуляцияда айблаб, куч билан ўрнидан тургизмоқчи бўлади. Унинг ўша вақтдаги ҳақоратли сўзларини ирландиялик футболчи унутмайди. У ўша тўқнашувда оғир жароҳат олган ва бу жароҳатини даволаш учун 11 ой мобайнида майдондан ташқарида қолади. Майдонга қайтганидан кейин Ҳоланд билан илк тўқнашувидаёқ унинг тиззасига куч билан тепади ва барчаси учун қасос олади. Ройни 8 ўйинга дисквалификация қилишади, Ҳоланд эса бошқа футбол ўйнай олмайди. Рой Кин кейинроқ ёзган автобиографиясида шундай ёзади: «Мен бу лаҳзани жуда узоқ кутгандим. Тўп жуда яқин жойлашганди. Мана, ол ярамас! Мени яна симуляцияда айблаб кўрчи».

Кейинроқ у ўз интервьюларидан бирида унга оғир жароҳат етказиш ниятида бўлмаганини айтади: «Мен Ҳоландга оғир жароҳат етказишни истаганманми? Йўқ. Аммо мен ундан қасдимни олмоқчийдим. У ҳамиша менинг жиғимга тегар, менинг оёғимда бутсасининг изларини қолдиришга уринарди. Мен ҳаётимда жуда кўп ишлар қилганман, аммо унга атайлаб оғир жароҳат етказмаганман».

Англия футболи Альф Ҳоландни қасос қурбони сифатида эслаб қолади.

Кичик Ҳоланд ўша воқеа бўлган вақтда ҳали бир ёшга тўлмаганди. Эрлинг Лидсда туғилган, ўша шаҳар жамоасига мухлислик қилган, аммо ўша клуб сафида тўп сурмаса керак. Тез орада Рой Киннинг собиқ клуби «МЮ»да пайдо бўлса ҳам ажабмас — Манчестерда ушбу вундеркиндга қизиқиш билдирилмоқда. Лекин унинг учун қаттиқ кураш кечади, сўнгги хабарларга кўра «Барселона» ҳам уни жиддий кузатмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз