Узбек O'zbek
Роналду яна Мадридга қайтди. Биринчи турда яна икки гранд тўқнашуви
Чоршанба, 18 Сентябр
6923

Кеча «Боруссия» – «Барселона», «Наполи» – «Ливерпуль», бугун эса, «ПСЖ» – «Реал» ҳамда «Атлетико» – «Ювентус». Билмаганлар Чемпионлар Лигаси чорак финали бўляпти деб ҳам ўйлаши турган гап. Бу ҳолат илк турларданоқ турнир нафасини ҳис қилиш имконини яратса, бошқа тарафдан кейинги турлар ҳам қизиқроқ ўтишини таъминлайди. Зеро бу ўйинларда очко йўқотган топ-клублар бироз босим остида қолишлари ва кейинги ўйинлар янада қийинроқ кечиши турган гап.

ЎЙИН ОЛДИДАН

Ушбу гуруҳда «Атлетико» ва «Ювентус»дан ташқари, «Байер» ва «Локомотив» каби жамоалар ҳам борки, тўлиқ куч билан ўйнамасдан гуруҳдан чиқиш қийин бўлади. Ҳимояда бехато ўйнаши, ўйин услуби билан ўхшаб кетадиган бу рақибларнинг ўйини доим еврокубокларни безаб келган. Ўтган мавсумнинг нимчорак финалида ҳам биз ушбу жамоалар тўқнашуви гувоҳи бўлгандик. Мадридликлар ўз майдонида 2:0 ҳисобида устун келган бўлса-да, жавоб ўйинида Криштиану Роналдунинг ўзи учта гол уриб, туринликларнинг якуний ғалабасини таъминлаганди.

Аммо айтиш керакки, бу сафар биз бироз бошқачароқ, кутилганидан очиқроқ ўйинни гувоҳи бўлишимиз ҳам мумкин. «Ювентус» бош мураббийни ўзгартирди – Маурисио Сарри имкон қадар ҳужумкор ўйнайдиган ва юқори прессингни афзал биладиган мураббийлардан саналади. Бу фактор «Ювентус» ўйинини тубдан ўзгартириш билан биргаликда, мезбонларга ҳам қўшимча имкониятлар тақдим этади. «Атлетико» эса, ҳали ҳам Диего Симеоне қўл остида шуғулланаётган бўлса-да, услуб борасида янги йўналиш танлаётганини айтишга асослар етарли. Бу ўзгаришга, аввало, юқорида тилга олганимиз, «Ювентус»га қарши муваффақиятсиз натижа ҳам туртки берган. Жамоа энди бироз ҳужумкорроқ ва дадилроқ ўйнаш йўлидан бормоқда – ахир ҳужум чизиғидаги асосий ижодкор роли 19 ёшли футболчига ишониб топширилаётганининг ўзи ҳам кўп нарсадан далолат қилмаяптими? Умуман, «Атлетико» сезилмаган равишда авлодлар алмашинувига қўл уриб улгурди. Ўша ЕЧЛ финалларида ўйнаган авлод етакчилари Годин, Филипе Луис, Гризманн, Хуанфран, каби футболчилар энди таркибда йўқ.

Спорт формасига келсак, ҳар икки жамоа ҳам ёмон эмас, ўз лигаларида етакчилар сафида бормоқда. Аммо ҳар икки жамоа ҳам сўнгги турни муваффақиятсиз ўтказиб, илк марта очко йўқотганини таъкидлаш керак. «Ювентус» Флоренцияда голсиз дуранг ўйнаб, «Интер»ни олдинга ўтказиб юборган бўлса, «Атлетико» Сосьедадда мағлубиятга учради. Бундай натижалар қайсидир маънода кутилаётган ЕЧЛ ҳаяжони билан рўй бергани ҳам эҳтимол. Мураббийлар еврокубокларни қониқарли тарзда бошлаб олишни жуда исташмоқда, бу эса, бизга учрашувдан янада кўпроқ нарса кутишимиз кераклигини билдиради.

ТАРКИБЛАР

Мезбонлар таркибида Альваро Мората шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, Шиме Врсалко йил охиригача сафдан чиққан. Меҳмонлардан эса, айниқса, ҳимоя чизиғида йўқотишлар кўп. Камида олти ойгача майдонга қайтмайдиган Жоржио Кьеллинининг ўрни босилиши мумкиндир, лекин Маттиа Де Шильо Сарри системаси учун жуда муҳим футболчи эди. У ҳам катта эҳтимол бу ойда майдонга қайта олмайди. Ўнг қанот ҳужумчиси Дуглас Коста ҳам шунча муддатга сафдан чиққан. 

Тахминий таркиблар:

«Атлетико»: Облак, Триппьер, Савич, Хименес, Лоди, Сауль, Коке, Корреа, Лемар, Фелиш, Коста

«Ювентус»: Шчесни, Данило, Бонучи, Де Лигт, Сандро, Пьянич, Хедира, Матиюди, Бернардески, Роналду, Игуаин.

МУРАББИЙЛАР

Диего Симеоне:

«Криштиану Роналду каби футболчига эга бўлган жамоага қарши тайёрланиш жуда ҳам қийин. У ҳар қандай вазиятда, тўпни қабул қилиб олганда хавф туғдира олади, голли вазиятлар яратади, ундан фойдаланади. Биз доим унга қарши муаммоларга дуч келамиз. Баъзида унинг жамоаларини енгишнинг уддасидан чиққанмиз, баъзида йўқ. Лекин шуниси аниқки, у ҳақиқий гол машинаси».

Маурисио Сарри:

«Босимдан қўрқмаймиз, чунки биз «Ювентус»миз ва турнирда ғолиб чиқишни талаб қилишлари табиий. Шу билан бирга, биз қатори, худди биз каби имкониятларга эга бўлган яна 10-12 жамоа бор. «Атлетико» шундай жамоалардан биридир. Тўғри, улар Антуан Гризманни йўқотишди, лекин яна бир иқтидорли футболчи Фелишни қўлга киритишди. Шунингдек, Саул ҳам ўсишга эришмоқда, мен уни Европанинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири деб биламан. Рақибимизда ҳар қандай жамоани енгишга қодир бўлган куч бор. Бизда ҳам. Бу ерда нафақат ақлли тактика ёки техника, балки баъзида омад ҳам катта рол ўйнайди».

СТАТИСТИКА

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз