Узбек O'zbek
«ПСЖ» ва «Реал» йўқотишлар ўрнини қандай тўлдиради? Куннинг асосий ўйини анонси
Чоршанба, 18 Сентябр
5063

Гуруҳлардаги топ клубларнинг ўзаро ўйинлари айнан биринчи турга тўғри келишининг фойдали томонлари бор. Биринчидан, ҳали жамоалар ҳисобида очко бўлмайди ва илк ўйинларда максимал ҳаракат қилиш эҳтиёжи бўлади. Иккинчидан, 1-турдаги рақиблар сўнгги турда эмас, 5-турда рўбару келадилар. Яъни ўша пайтда ҳам барчаси ҳал қилинмаган бўлиш эҳтимоли юқорироқ. Бугун мана шундай тўқнашувлардан яна бири Париждаги учрашувдир.

ЎЙИН ОЛДИДАН

Европа Чемпионлар Лигасининг сўнгги пайтлардаги энг муваффақиятли ва омадсиз жамоалари тўқнашувини кузатишимиз мумкин. «ПСЖ» бир неча йилдан бери айнан шу турнир учун катта трансферларни амалга ошириб, турли сабаблар билан панд емоқда. Қизиғи, трансфер сиёсати борасида парижликларга ўхшаш бўлган «Реал» рекорд харидларни камайтирди ҳамки, омади юришиб кетди. Беш йилда тўрт марта Европанинг энг кучли жамоасига айланди.

Клубларнинг ҳолатлари ҳам қайсидир маънода ўхшаш. Ҳар икки жамоанинг бугунги ҳолати, таркиб нуқтаи назаридан оптималдан узоқда, яъни асосий юлдузлар ва янги трансфер қилинган бир қатор футболчилар турли сабабларга кўра, ҳали мавсумга киришиб кетганлари йўқ. Миллий чемпионатда жамоалар турли эскпериментал таркибларда майдонга тушишмоқда. «Реал»нинг мавсумда асосий юлдузи бўлиши кутилаётган Азар эндигина дебют қилди, «ПСЖ»да ҳам ҳали масалан Мауро Икардини кўрганимиз йўқ.

«Реал» ҳозирча жуда беқарор кўринмоқда, ҳатто жуда ҳужумкор ва енгил ҳаракат қилган охирги ўйинда ҳам очко йўқотишига сал қолди. Вазиятлардан фойдаланмаслик ва диққатни йўқотганликлари сабабли, «Леванте» жазолаши мумкин эди. Парижликлар одатдагидек, Францияда турнир жадвали бошида кетишмоқда. Тухель шогирдлари «Ренн»даги кутилмаган мағлубиятдан ташқари, 4 ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилишган ва айниқса, бу ўйинларда жамоа дарвозаси дахлсиз сақланган. Бу Неймар, Кавани, Мбеппе каби ҳужумчилар йўқлиги учун ўзига хос прагматик ёндашувми ёки ниҳоят клуб ҳимояга ҳам кўпроқ эътибор қаратишни ўрганмоқчими, буни кейинроқ билиб оламиз.

Бу «Реал» ва «ПСЖ» ўртасидаги 9-расмий ўйин бўлади. Ўзаро ўйинларнинг сўнгги тўрттасида «Реал» устун келган. Уч йил олдинги гуруҳ босқичида рақиблар Парижда 0:0 ўйнаб, Мадридда мезбонларнинг кичик ғалабасини таъминлашган бўлишса, 2017/18 йилги мавсумда плей-офф рақибларни тўқнаштирганди. Ҳар икки ўйинда ҳам «Реал» ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. Биз тилга олган ҳар икки мавсумда ҳам, якунда «Реал» турнир ғолиби бўлган.

Яна бир қизиқ ҳолат, жамоалар таркибига қараб туриб, Испания ва Франция тўқнашуви, дейишга ҳам тил бормайди. Франциялик мураббий бошқарадиган «Реал» таркибида бугун уч нафар француз майдонга тушади – «ПСЖ»даги французлар сони ўйинда камроқ бўлиши эҳтимоли бор. Аксинча, мезбонлар таркибида Бернат, Эррера, Сарабия каби испанлар борки, испан жамоасида Карвахалдан бошқа испан футболчиси асосий таркибда бугун кўрмасак керак.

Дарвоқе, «Реал» таркибида жуда кўп совринларни ютган Кейлор Навас бугун мезбнлар либосида собиқ жамоасига қарши майдонга тушади.

ТАРКИБЛАР

Юқорида айтилганидек, ҳар икки жамоада ҳам таркибда муаммолар катта. Мадридликлар таркибига ниҳоят Азар қайтгани билан, ўнг қанотда унга ёрдам бериши керак бўлган Марсело бўйнидан жароҳат олди ва ўйинда қатнашиши сўроқ остида. Лука Модрич ва Иско ҳам ҳали таркибга қайтгани йўқ. Серхио Рамоснинг эса, ўтган йили плей-оффдаги «Аякс»га қарши ўйинда атайлаб сариқ карточка олгани эсингизда бўлса керак. Рамос икки ўйинга дисквалификация қилинганди. «Реал» жавоб ўйинида Рамоссиз «Аякс»га ютқазганди, ҳимоячи эса, иккинчи ўйинини Парижда ўтказиб юборади.

«ПСЖ»да ҳам муаммо етарли. Тўғри, йўқларнинг ўрнига тушадиган футболчиларни муаммо деб аташ ҳам бироз ғалати, лекин биратўла Дракслер, Кавани, Мбаппе ва Неймарнинг майдонга тушмаслиги парижликларни умуман бошқа жамоага айлантириб қўяди, тан олинг. Неймар жароҳатидан тикланиб, ҳатто сўнгги ўйинда жамоасига ғалаба олиб келган бўлса-да, ЕЧЛда у ҳам дисквалификация қилинган. «МЮ»га қарши ўйиндан сўнг, ҳакам ҳақида айтган гаплари учун УЕФА уни жазолаганди.

Жамоаларнинг тахминий таркиблари қўйидагича:

«ПСЖ»: Навас, Маркиньос, Сильва, Кимпембе, Бернат, Вератти, Гейе, Эррера, Ди Мария, Сарабия, Икарди

«Реал»: Куртуа, Карвахал, Варан, Милитао, Менди, Каземиро, Кроос, Хамес, Бэйл, Азар, Бензема

МУРАББИЙЛАР:

Томас Тухел:

«Биз жуда фаол бўлишимиз ва ҳужум қилишимиз керак, акс ҳолда «Реал» тўпни кўпроқ назорат қилишни бошлайди. Ҳа, бу ўйин жуда қийин ва муҳим ўйин, лекин барчаси шу учрашувга боғлиқ деб ҳам ўйламайман. Менинг Чемпионлар Лигасидаги мақсадим – ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш, бошқачароқ йўли бор деб ҳам ўйламайман.

Майдонга Икарди тушиши мумкин. Ёки Шупо Мотинг, балки икковини бирга синаб кўришимиз ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бизда ҳам, «Реал»да ҳам бир қатор йўқотишлар бор, лекин таркибимиздаги қолган футболчиларга ҳам ишонамиз».

Зинедин Зидан:

«Бизни мавсум бошиданоқ катта ўйин кутиб турибди. Биз ёмон бошламадик, тўғри, чемпионатда икки марта дуранг ўйнаб ҳам улгурдик, лекин жамоамиз анча яхшироқ ўйнай олишига ишонаман. Азарга келсак, у тўқсон дақиқа ҳаракат қилишга тайёр. Биз яна бир қатор машғулотлар ўтказдик ва ўйлайманки, у бизга ёрдам бера олади. Кўрамиз».

СТАТИСТИКА

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз