Узбек O'zbek
Ўзбекистон 2020 йилда илк марта U-19 Осиё чемпионатига мезбонлик қилади
Сешанба, 17 Сентябр
2699

Ўзбекистон 2020 йилда бўлиб ўтадиган 19 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритди.

ОФК хабарига кўра, бугун Куала-Лумпурда ОФК Мусобақалар қўмитасининг илк йиғилиш ўтказилди ва унда U-19 Осиё чемпионати баҳсларини қабул қилиш учун ариза берган мамлакатлар ичида Ўзбекистон номзоди маъқулланди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ўз тарихида илк марта мазкур ёш тоифасидаги қитъа биринчилигига мезбонлик қиладиган бўлди. Бунга қадар 2008 ва 2010 йилларда U-16 Осиё чемпионати финал босқичи Тошкентда ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 сентябрь куни ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа Тошкентда бўлиб, куннинг биринчи ярмида ЎФА президенти Абдусалом Азизов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда вазирнинг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов билан учрашган, тушдан сўнг эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган эди.

Ёшлар ўртасидаги 2020 йилги Осиё чемпионати келаси йилнинг 14-31 октябрь кунлари бўлиб ўтади. 16 жамоа қатнашадиган мусобақа ярим финалчилари 2021 йилги жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

Бугун, шунингдек, ўсмирлар ўртасидаги 2020 йилги Осиё чемпионатига Баҳрайн мезбонлик қилиши ҳам маълум бўлди. Ушбу турнирга саралашнинг «B» гуруҳи ўйинлари эртага, 18 сентябрь кунидан Тошкентда бошланади.

Маълумот учун, Ўзбекистон U-16 термасига Азамат Абдураимов, U-19 термасига Отабек Ғуломхўжаев мураббийлик қилмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз