Узбек O'zbek
«Наполи» — «Ливерпуль». Клопп ва Анчелотти ўзаро ҳисоб-китоб қилади
Сешанба, 17 Сентябр
2766

Бу жамоалар ўтган мавсумда ҳам бир гуруҳда жой олишганди. «ПСЖ» ва «Црвена Звезда» клублари ҳам бўлган ўша гуруҳда сўнгги тургача интрига сақланиб турган, якунда «Наполи» кейинги босқичга чиқа олмаганди. Бу сафар гуруҳдаги бошқа рақиблар бироз содда – «Генк» ва «Зальцбург», шу томондан жамоаларнинг фаворит эканини олдиндан айтсак бўлади. Лекин ҳар қандай клуб «сюрприз» кўрсатишга қодирлиги, шунингдек, гуруҳда биринчи ўринни олиш ҳам кейинги босқичда озгина устунлик бериши инобатга олинса, илк турданоқ рақиблар жуда кескин ва шиддатли баҳс тақдим этишларига умид қилса бўлади.

Ўтган йили Неаполда ўтган ўйинда Анчелотти шогирдлари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

ЎЙИН ОЛДИДАН

«Ливерпуль» янги мавсумни янада кучлироқ бошлади ва ўтказилган беш учрашувнинг барчасида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. «Наполи»нинг спорт формасини ҳам ажойиб ҳолатда десак бўлади. Жамоа илк турнинг сўнгги дақиқаларида «Ювентус»га имкониятни бой берган бўлса-да, кейинги икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қила олди.

Табиийки, «Ливерпуль», турнирнинг сўнгги ғолиби сифатида, ушбу ўйинда ҳам фаворит сифатида баҳоланиши мумкин. Лекин «Ньюкасл», «Бёрнли», «Норвич» ва ҳатто «Арсенал»га ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, «қизиллар»ни мавсумда илк бор ҳақиқатан ҳам жиддий синов кутиб турибди. Карло Анчелотти «Ливерпуль»ни қандай қуролсизлантириш мумкинлигини ўтган йили ҳам намойиш қилган, ўша юқорида эсланган ўйинда «Ливерпуль» мезбонлар дарвозасига бирор марта ҳам аниқ зарба бера олмаганди. 

Бундан ташқари, «Ливерпуль» Чемпионлар Лигасида, айнан сафар ўйинларида ишончсиз кўринганини ҳам таъкидлаш жоиз. Мусобақа ғолиби гуруҳ босқичидаги барча сафар ўйинларини бой берган, умуман ЕЧЛ доирасидаги сўнгги 8 сафар ўйинининг 6тасида мағлубият аламини тотиб кўрган.

«Наполи» эса, ушбу турнирдаги сўнгги беш ўйинни ғалаба билан якунлаган. Карло Анчелотти бошчилигида жамоа янада ўсгани, тактик жиҳатдан анча салобатли жамоага айланганини эътироф қилиш керак.

ТАРКИБЛАР

Жамоаларда жиддий йўқотишлар йўқ. Бугун майдонга туша олмайдиган футболчилар шундоқ ҳам анчадан бери шерикларига ёрдам бера олишмаяпти, яъни жамоалар бемалол уларсиз ҳам оптимал кўринишда бўла олади. Мезбонлар таркибида Хюсай мушак жароҳати туфайли майдонга тушмаса, Клопп дарвозабон Алиссон Бекер, шунингдек, Наби Кейта, Дивок Оригиларнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Рақибларнинг тахминий таркиби қуйидагича:

НАПОЛИ: Мерет, Ди Лоренцо, Максимович, Кулибали, Ғулом, Элмас, Зелински, Кальехон, Инсинье, Лосано, Мертенс;

ЛИВЕРПУЛЬ: Адриан, Александр-Арнолд, Матип, Ван Дейк, Робертсон, Фабиньо, Вейналдум, Мане, Фирмино, Салоҳ.

МУРАББИЙЛАР

Карло Анчелотти:

«Мақсадимиз – кейинги босқичга ўтиш, бунинг учун эса, Европанинг энг кучли жамоаси қаршилигини синдиришимизга тўғри келади. Ўтган йили жуда яхши ҳимоялана олгандик, агар ғалаба қозонишни истасак, жуда савияли ўйин кўрсатишимиз шарт. «Ливерпуль» сўнгги ойларда янада ўсди, бу уларга катта ишонч бергани табиий. Лекин «Наполи» ҳам яхшигина кучайди. Худди ўтган йилдаги каби жуда шиддатли қаршилик бўлишига шубҳам йўқ. Шогирдларим қандай ҳимояланиш ва қарши ҳужум қилишни биладилар – биз ўз ўйинимизни қилишимиз керак. Рақибга ҳаддан ташқари урғу қаратмасдан, услубимизга содиқ қолишга ҳаракат қиламиз».

Юрген Клопп:

«Мен шу пайтгача еврокубокларда амалдаги чемпион сифатида қатнашмаганман, буни илк бор ҳис қиляпман, лекин ишонаманки, «Наполи» жуда кучли иштиёқ билан майдонга тушади. Улар жуда кучли жамоа, уларнинг савиясини яхши биламиз ва бизга бу ўйинда осон бўлмайди. Биз бу ўйинда натижага эришиш учун энг яхши ўйинимизни кўрсатишимиз керак – бор хавотирим шундан. Анчелотти бизни Европанинг энг кучли жамоаси деб атабди. Йўқ, ундай эмас. Дунёнинг энг кучли жамоаси бу – «Манчестер Сити». Биз эса, ўйлайманки, улар билан бир планетадамиз.

СТАТИСТИКА

Бу ўйин жамоаларнинг еврокубоклардаги бешинчи тўқнашуви бўлади. Бунгача икки марта Европа Лигаси гуруҳ (2010/11) босқичида ва ўтган йили Чемпионлар Лигасида рақиб бўлишган.

ҚАЧОН?

Учрашув бугун, 17 сентябрь куни, Тошкент вақти билан соат 23:55да бошланади. Ушбу гуруҳдаги иккинчи ўйин ҳам шу пайтда, «Зальцбург» ва «Генк» ўртасида бўлиб ўтади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз