Узбек O'zbek
Месси Германияда. «Барселона» учун биринчи турдаёқ ҳал қилувчи ўйин
Сешанба, 17 Сентябр
4094

«Барселона» қуръада доим биринчи саватчада жой олиб келаётган бўлса-да, икки йилдирки, анчагина мураккаб гуруҳга тушиб қолмоқда. Ўтган мавсумда «Интер», «Тоттенҳэм» ва «ПСВ» каталонияликлар билан икки йўлланма учун баҳс олиб борган бўлишса, бу сафар «Интер»га энди Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси шерик бўлади. Қизиғи, ўтган йили «Боруссия» гуруҳ босқичини кучли ўтказиб, плей-оффга чиққан, аммо у ерда «Барселона»нинг гуруҳдоши «Тоттенҳэм»га ютқазиб қўйганди. Тўртликдаги тўртинчи жамоа эса – «Славия».

ЎЙИН ОЛДИДАН

Баҳорнинг сўнгги ойларини ёмон ўтказиб, ҳам Чемпионлар Лигасидан, ҳам Қироллик кубогидан қуруқ қолган «Барселона»ни Эрнесто Вальверде бошқаришда давом этмоқда. Гризманн, Де Йонг каби йирик трансферлар каталонияликларнинг бу сафар янада жиддий ва юқори амбицияларга эга эканини, ўтган йилги каби фақат Испания чемпионати билан кифояланишга рози эмасликларини пайқаш мумкин. Акс ҳолда катта эҳтимол билан Вальверде даври тугайди.

Натижалар ҳақида аниқ хулосалар бериш қийин, чунки жароҳатлар гирдобига тушиб қолган жамоа Мессисиз, бундан ташқари аксарият ўйинларда Суарессиз ҳам ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Шунинг учун жамоа ўйинлари бироз беқарор, «Барселона» «Камп Ноу»даги сўнгги икки ўйинда рақиб дарвозасига бештадан гол ураётган бўлса-да, сафар ўйинларида ишончсиз кўринди. Дортмунднинг ўз майдонида қандай муҳит ҳосил қилишини эса, ҳамма яхши билади – «Барселона»га жуда қийин бўлиши табиий. Яхшиямки, Луис Суарес сафга қайтди ва «Валенсия»га қарши ўйинда жуда яхши спорт формасида эканини намойиш қилди.

Қарши томонда эса, яна бир шундай ҳужумчи – Пако Алькасер тўп суради. Унинг ўз вақтида «Барселона»нинг асосий таркибига кира олмагани алоҳида мотивация сифатида аҳамият касб этса керак. Алькасер собиқ жамоасига ўзининг қандай ҳужумчи эканини кўрсатиши мумкин. Унга ёрдам берадиган Жейдон Санчо ва Марко Ройс ҳам жуда яхши спорт формасига кириб олишди. Санчо мавсум бошидан бери ҳар ўйинда голли вазиятлар иштирокчисига айланаётган бўлса, Марко Ройс ҳам бомбардирлик хислатларини йўқотмаганини ўтган ўйинда исботлади ва дубль қайд этди.   

Лекин баъзи статистик маълумотлар мезбонларнинг зарарига ишлайди: жамоа ўз майдонидаги сўнгги саккиз ўйиндан атиги иккитасини ўз фойдаларига ҳал қилишган. Шунингдек, Чемпионлар Лигасидаги сўнгги беш ўйиннинг тўрттасида «Боруссия» рақиб дарвозасини ишғол қила олмаган. «Барселона» эса, турнирдаги сўнгги 12 учрашувнинг фақат биттасида мағлубиятга учраган, холос.

ТАРКИБЛАР

Меҳмонлар таркибида асосий савол Мессининг майдонга тушиши ва учрашувга қанчалик тайёр эканидир. Мана шу фактор кучлар нисбатида кўп нарсани ўзгартириб юборади. Месси ўйин қайдномасига киритилган, аммо асосий таркибда тушиши ёки тушмаслиги бўйича қарор ўйин олдидан қабул қилиниши айтилди. Шунингдек, Вальверде матбуот анжуманида сўнгги икки ўйинда ўзини кўрсатаётган 16 ёшли Фати ҳақида ҳам фикр билдирди. Ёш футболчи агар майдонга тушадиган бўлса, «Барселона»нинг ЕЧЛ тарихидаги энг ёш футболчиси сифатида тарихга киради. Меҳмонлар таркибида, худди Алькасер сингари, собиқ жамоасига қарши майдонга тушиш имконияти Усмон Дембеледа бор эди. Аммо у ҳам тикланиб улгургани йўқ.

«Боруссия» мураббийи Фавр эса, жароҳатланганлар ичида Лукас Пишчек борасида аниқ фикр айтмади. У таркибда пайдо бўлиши мумкин. Нико Шулц эса, аниқ ўйнай олмайди. Рақибларнинг тахминий таркиби қўйидагича:

Боруссия: Бюрки, Ҳакими, Аканджи, Ҳуммелс, Геррейру, Витцел, Дилэйни, Азар, Санчо, Ройс, Алькасер;

Барселона: Тер Стеген, Семеду, Пике, Лангле, Алба, Роберто, Бускетс, Де Йонг, Гризманн, Перес, Суарес

МУРАББИЙЛАР

Люсьен Фавр:

«Албатта, биз «Барселона» билан ўйинни сабрсизлик билан кутяпмиз. Мен 1991 йилда у ерда, Кройф қўл остида амалиёт ўтаганман – таассуротларни ифодалаб бериш қийин. Биз бутун ўйин давомида диққатни йўқотмаслигимиз керак. Қўрқмасдан олдинга боришга тайёрмиз, шу билан бирга, ҳар қандай сценарийга тайёр туриб, ўйинда қолиш жуда катта аҳамиятга эга».

Эрнесто Вальверде:

«Менга «Боруссия»нинг айниқса, мухлислар билан муносабати жудаям ёқади. Санчо, Ройс – ажойиб футболчилар, шунингдек, Алькасер ҳам «Боруссия» унинг жамоаси эканини исботламоқда. Дортмундликлар тўпни яхши назорат қила олишади, жамоанинг қарши ҳужумлари хавфли тус олади. Гуруҳимиз жуда хавфли, битта омадсиз учрашув кубок учун курашдан чиқариб юбориши ҳам мумкин. Масалан, ўтган йили финалга чиққан ҳар икки жамоа ҳам биздан кўпроқ ўйинларда мағлуб бўлишганди, лекин финалда улар тўп суришди».

СТАТИСТИКА

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз