Узбек O'zbek
Гризманн трансферидаги қинғирлик исботланса, «Барселона» арзимас жарима билан қутулади – ОАВ
Сешанба, 17 Сентябр
3804

Испанияда Антуан Гризманнинг «Атлетико»дан «Барселона»га трансфери бўйича текширув давом этмоқда.

El Mundo хабарига кўра, «Барса» Гризманн билан 1 июлга қадар келишиб олгани исботланган тақдирда клуб 300 евро жарима билан қутулиши мумкин.

Шу билан бирга, Испания футбол федерациясининг Мусобақалар қўмитаси бундай вазиятда «Барселона»га Ла Лига доирасидаги уй ўйинларидан бирини мухлисларсиз ўтказиш жазосини ҳам тайинлаши мумкин. Аммо, AS`нинг ёзишича, федерация вакиллари мамлакат чемпиони мутасаддиларига бундай жазо чораси қўлланиши эҳтимоли камлигини маълум қилишган.

Демак, «кўк-анорранглилар» Гризманн трансферини амалга оширишда Испания футбол федерацияси Интизом кодексининг 88- ва 126-моддаларига риоя этмаган бўлиб чиқса, бор-йўғи 300 евро тўлаш билан кифояланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Антуаннинг «Атлетико» билан шартномасидаги 200 млн евро товон пули 2019 йил 1 июлидан кейин 120 млн еврога тушиши белгиланган эди. «Барса» уни 12 июлда сотиб олди. Лекин Мадрид жамоаси эътироз билан чиқиб, харидор клуб футболчи билан июлга қадар келишиб олгани, шу боис яна 80 млн тўлаши кераклигини билдирганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз