Узбек O'zbek
Чемпионлар лигаси қайтди, Лэмпард ҳам. Кун ўйинлари анонси
Сешанба, 17 Сентябр
4338

Чемпионлар лигасининг янги мавсуми старт олмоқда. 17 сентябрь куни гуруҳ босқичининг 1-тури доирасида 8та учрашув бўлиб ўтади.

E гуруҳи

Чемпион мақомини қандай ҳимоя қилади?

Наполи — Ливерпуль
17 сентябрь. Неаполь. «Сан-Паоло» стадиони 23.55.
Йўқотишлар
«Наполи»: Милик, Хюсай (иккиси — сўроқ остида)
«Ливерпуль»: Алиссон (жароҳат), Кейта, Ориги (иккиси — сўроқ остида)
Ҳакам: Брих (Германия).

Зальцбург — Генк
17 сентябрь. Зальцбург. «Ред Булл Арена» стадиони. 23.55.
Йўқотишлар
«Зальцбург»: Вальке (жароҳат), Понграчич (сўроқ остида)
«Генк»: Пэйнтсил (сўроқ остида)
Ҳакам: Цвайер (Германия).

Одатда фаворитлар плей-офф учун куч тежаб ўйнашади, аммо гуруҳ босқичида ҳам плей-офф даражасидаги ўйинлар бўлиб қолиши мумкин. Бу мавсумнинг биринчи туридаёқ 4та «топ» ўйин бор (бугун «Наполи» - «Ливерпуль», «Боруссия» - «Барселона», эртага «ПСЖ» - «Реал», «Атлетико» - «Бавария») — мухлислар учун кўҳна қитъадаги асосий турнир стартида ҳақиқий совға. Неаполдаги тўқнашув эса ўтган мавсум ва янги мавсум ўртасидаги кўприкка айланади.

Балки, «Наполи» ва «Ливерпуль» жамоаларининг ўтган мавсумда «Энфилд»да ўтказилган сўнгги тур учрашувида бир эпизод рўй бергандики, бу футбол тарихини ўзгартириб юборганди. Агар ўша ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Алиссонинг қойилмақом сэйви бўлмаганида мерсисайдликлар ЕЧЛ плей-оффига чиқа олмас ва Европада бутунлай бошқа жамоа чемпион бўлган бўларди. Аммо бразилиялик посбон ўйинни қутқарган, Юрген Клопп жамоаси эса ўз йўлида давом этганди.

Ҳозирча ўтган турнирнинг ва ўтган мавсумнинг энг яхши дарвозабони жароҳатини даволашда давом этмоқда, «Наполи» эса ўша ўйинда Алиссонни доғда қолдира олмаган Милик хизматларидан фойдалана олмайди. Лекин бу Карло Анчелоттини хафа қилмаслиги аниқ. Биринчидан, марказий форвард ролини АПЛдан Италияга қайтган Льоренте бажара олади. Иккинчидан, ҳозирда Мертенс жуда юқори спорт формасида. Ўтган мавсумда бельгиялик футболчи янги мураббий ўйин услубига мослашиш қийин бўлганди, ҳатто у Ҳамшик ортидан Хитойга йўл олишини кутишганди, аммо оғир даврни енгиб ўтган футболчи ўтган турда дубль қайд этди.

F гуруҳи

Фати тарихга кирадими?

Интер — Славия Прага
17 сентябрь. Милан. «Жузеппе Меацца» стадиони. 21.55.
Йўқотишлар
«Интер»: де Фрай, Лукаку (иккиси — сўроқ остида)
«Славия» Пр: —
Ҳакам: Буке (Франция).

Боруссия Д — Барселона
17 сентябрь. Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк» стадиони. 23.55.
Йўқотишлар
«Боруссия» Д: Шульц, Пишчек (сўроқ остида)
«Барселона»: Юмтити (жароҳат), Дембеле, Нету (иккиси — сўроқ остида)
Ҳакам: Хацеган (Руминия).

Неаполда бўлгани каби, Дортмундда ҳам иккита кучли ва ҳужумкор жамоа куч синашади. Яна бир эътиборли жиҳати, «Боруссия» ва «Барселона» бу асрда илк марта расмий ўйинда ўзаро ўйин ўтказади. Аввалги дуэль 1998 йилда бўлиб ўтган ва ўшанда каталонлар икки ўйин натижасига кўра (2:0, 0:0) УЕФА Суперкубогини қўлга киритган. Ўша вақтда Лионель Месси эндигина 11 ёшда бўлган, у ҳали ўз оиласи билан Пиреней ярим оролига келмаганди ҳам.

Энди «асаларилар» жамоаси аргентиналик футболчи учун еврокубоклардаги 40-рақиб жамоа бўлиши мумкин. Душанба куни «Барселона» сардор ўзини яхши ҳис қилаётгани ва Дортмунддаги ўйинга тушиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди. Ундан аввалроқ тикланиб сафга қайтган Суарес эса Ла Лиганинг 4-турида «Валенсия»га қарши ўйинда захирадан майдонга тушиб, дубль қайд этди. Аммо ҳозирги кунда бу икки жанубий америкалик юлдуз 16 ёшли Фатининг шуҳрати соясида қолмоқда. Ўсмир футболчининг кўк-анорранглилар клубидаги дебюти муваффақиятли кечди ва энди у янги рекорд ўрнатиш имкониятига эга — у Чемпионлар лигасида гол урган энг яхши футболчи бўлиши мумкин.

Майдон эгалари мухлислари ҳам Пако Алькасернинг голли серияси давом этишидан умид қилишмоқда. Испаниялик футболчи янги мавсумда клуби ва терма жамоадаги ўйинлари қўшиб ҳисобланганда қаторасига 8 ўйинда майдонни голсиз тарк этмади, у бу ўйинларда 10 бор рақиб жамоалар дарвозасини ишғол қилди. Қолаверса, ушбу форвард собиқ жамоасига қарши ўйин арафасида берган интервьюси билан интрига яратди - у «Барса»да ўйнаганида жамоадаги айрим шахслар унга жуда ёмон муносабатда бўлгани ҳақида гапирди. Гап  футболчилар ва мухлислар ҳақида кетмаётган бўлса керак, аммо, афтидан, Алькасер кимгадир ниманидир исботлашга тайёр. Асосийси, мезбонлар устози Люсьен Фавр ушбу марказий ҳужумчини бошланғич таркибда туширмоқчи, мезбонлар бу ўйинни икки қанот ҳимоячисисиз ўтказиши керак бўлади, Шульц ва Пишчек жароҳатидан тўла фориғ бўлиб улгурмаган.

H гуруҳи

«Стэмфорд Бриж»да янги эртак бошланадими?

Аякс — Лилль
17 сентябрь. Амстердам. «Йохан Кройф Арена» стадиони. 23.55.
Йўқотишлар
«Аякс»: Банде, ван де Бек (иккиси — жароҳат), Мазрауи (сўроқ остида)
«Лилль»: Веа, Шека (иккиси — жароҳат), Юсуф Язижи (сўроқ остида)
Ҳакам: Йованович (Сербия).

Челси — Валенсия
17 сентябрь. Лондон. «Стэмфорд Бриж» стадиони. 23.55.
Йўқотишлар
«Челси»: Лофтус-Чик (жароҳат), Канте, Рюдигер, Ҳадсон-Одои, Эмерсон (барчаси — сўроқ остида)
«Валенсия»: Солер (жароҳат)
Ҳакам: Жунайт Чақир (Туркия).

H гуруҳи — нисбатан тенг кучли жамоалар жамланган гуруҳ ва бу ерда нималар бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди. Ҳатто ўтган мавсумда ярим финалга етиб борган «Аякс»ни ҳам гуруҳ фаворити деб бўлмайди, амстердамликлар асосий етакчилари Маттейс де Лигт ва Френки де Йонг билан хайрлашишган. Шундай экан, амстердамликлар жароҳатдаги ван де Бексиз ҳам Нидерландия чемпионатидаги рақибларни осонлик билан енгаётган бўлсада — ЕЧЛдаги рақиблар етарлича муаммолар туғдириши мумкин.

Қолаверса, Чемпионлар лигасида қатнашиш учун саралаш босқичидан ўтган жамоа ПАОК билан ўйинларда қийналганди, «Лилль» эса — бутунлай бошқа савиядаги жамоадир.

Французлар клуби ҳам ўтган мавсумдаги асосий футболчилари билан хайрлашди. Аммо клуб Пепе («Арсенал»), Тиагу Мендеш («Лион») ва Рафаэл Леао («Милан») сотувидан 132 миллион евро ишлаб олди. Бу маблағнинг учдан бир қисми таркибга янги футболчиларни, жумладан нигериялик ёш форвард Осимхенни, Франция чемпионатининг жорий мавсумида тўпурарлар рўйхатини бошқариб бораётган иқтидорли футболчини сотиб олишга сарфланди.

Умуман, бу жамоалар жуфтлигидан исталган натижани кутиш мумкин.

Нисбатан рейтинги юқорироқ бўлган «Челси» ва «Валенсия» клублари жуфтлиги ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. «Кўршапалаклар»да кичик инқироз юзага келган, футболчилар ва мухлислар Марселино Торалнинг истеъфоси учун клуб раҳбариятидан қаттиқ  норози. Лекин унинг ўрнига келган Альберт Селадес Испания чемпионатининг ўтган турида «Барселона»дан учралган 2:5 ҳисобидаги мағлубиятга қандай реакция кўрсатишини кўриш қизиқ.

«Челси» устози Фрэнк Лэмпард Чемпионлар лигасига қайтганидан хурсандлиги ҳақида гапирди. Ҳа, мураббий учун бу турнир жуда таниш, у кўп йиллар давомида ушбу турнирда иштирок этган ва асосий кубокни боши узра кўтарган, аммо унинг ёшлардан иборат жамоасида баъзи футболчилар ҳаяжондан тиззаси қалтираши ҳам мумкин. Баъзи футболчилар эса «Вулверҳэмптон»га қарши ўйиндаги муваффақиятдан (5:2) руҳланиши ҳам мумкин.

Айниқса ўша ўйинда ўз жамоаси дарвозасига битта, рақиб дарвозасига учта гол урган Абраҳам жуда яхши кайфиятда. Қолаверса, лондонликлар сафида Канте қайтмоқда. Шунингдек, инглизларда Европа Лигасининг ўтган мавсумдаги энг яхши снайпери, захирадан тушиб ўйинни кучайтиришда тенгсиз бўлган Оливье Жиру ҳам бор.

G гуруҳи

«Зенит» Европа савиясини кўрсата оладими?

Лион — Зенит
17 сентябрь. Лион. «Люмьер» стадиони. 21.55.
Йўқотишлар
«Лион»: Марсал (жароҳат), Денайер (сўроқ остида)
«Зенит»: Малком (жароҳат)
Ҳакам: Оливер (Англия).

Бенфика — Лейпциг
17 сентябрь. Лиссабон. «Да Луш» стадион. 23.55.
Йўқотишлар
«Бенфика»: Габриэл, Жедсон Фернандеш, Карлос Винисиус, Конти, Флорентину, Чикинью, Эбуэхи, (барчаси — жароҳатда)
«Лейпциг»: Вольф (жароҳат), Адамс, Кампль (иккиси — сўроқ остида)
Ҳакам: Сидиропулос (Греция).

«Зенит»нинг қуръада омади келган, дейиш мумкин. Питерликлар жамоасининг бу турнирдаги статистикаси камтаргина. Гуруҳдан чиқиш — яхши натижа сифатида баҳоланиши мумкин. Учинчи ўрин — муносиб иштирок. Тўртинчи ўрин ҳам мухлисларни жуда қаттиқ ранжита олмайди, кимсан шундай жамоага ютқаздик, дейиш ҳам мумкин. Лекин бу сафар гуруҳ босқичида «Зенит»да кучли гранд рақиблар йўқ.

«Бенфика» — Португалия миқёсида гранд, лекин бу жамоа афсонавий Бела Гуттманнинг ўтган аср 60-йилларидаги натижаларидан кейин деярли ҳеч нарса ютгани йўқ. Венгриялик мураббийнинг қарғиши ҳақида гаплар юради — эмишки, «Бенфика» раҳбарияти мураббий билан шартномани узайтиришни истамаганидан кейин клубни қарғаган. У чин дилдан шундай деган: «Яқин юз йил ичида «Бенфика» Европада чемпион бўла олмайди». «Тавқи лаънат» амалда — жамоа шу вақт ичида 8 марта еврокубоклар финалида ўйнаган, бирортасида ғалаба қозона олмаган.

«Лейпциг» — бундес­лигада мюнхенликларнинг асосий рақибига айланган кучли жамоа, бу мавсумда ҳам Негельсман шогирдлари «Бавария» ва Дортмунднинг «Боруссия» клубини ортда қолдирган ҳолда турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

«Лион» — «Зенит»нинг гуруҳ босқичидаги биринчи рақиби. 2000-йиллар бошида ва ўрталарида ЕЧЛ фаворитлари учун даҳшатга айланган бу клуб бугунги кунга келиб қаҳрамонликлар қилмай қўйган.

Франция чемпионатининг жорий мавсуми стартидаги икки ўйинда бу жамоа 9 гол уриб, бирорта гол ўтказмади, биринчи турда «Монако» 3:0 ҳисобида, иккинчи турда «Анжер» 6:0 ҳисобида мағлуб этилди, аммо шундан кейин жамоа тўхтаб қолди. Бир ойдан бери Депай, Дембеле ва Ко ғалаба қозона олмаяпти, 1 мағлубият ва 2 дуранг.

Картина шундай. Қоғозда бу жамоаларнинг барчаси «Зенит»дан кучлидек кўринмоқда, амалда қандай бўлади, билиб оламиз.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз