Узбек O'zbek
ОФК президенти Тошкентга келди. Ўзбекистон Осиё миқёсидаги иккита турнирга мезбонлик қилмоқчи
Душанба, 16 Сентябр
6733

Осиё Футбол Конфедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа 16 сентябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясига ташриф буюрди.

Меҳмонни ЎФА президенти Абдусалом Азизов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда вазирнинг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов кутиб олишди. Бу ҳақда ассоциация матбуот хизмати хабар бермоқда.

Дастлаб, ЎФА қошидаги майдонда ёш футболчилар билан учрашув бўлиб ўтди ва уларга меҳмонлар томонидан футбол тўплари совға тариқасида тақдим этилди. Шундан сўнг ОФК ва ЎФА раҳбариятининг ўзаро мулоқоти бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида ЎФА президенти Абдусалом Азизов сўзга чиқиб, меҳмонларнинг ташрифидан мамнун эканлигини билдирди.

«Жаноб Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа, Ўзбекистонга хуш келибсиз! Сизни гўзал диёримизда кўриб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Энг аввало сизга Осиё футболи ривожи йўлида амалга ошираётган муваффақиятли фаолиятингиз учун миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Ҳозирги кунга келиб ОФК дунёнинг энг катта ва салмоқли спорт ташкилотларидан бирига айланган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ОФКнинг ҳар қандай ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди ва ҳамкорлик қилиш истагини билдиради.

Ўзбекистонда футболни жуда яхши кўришади. Ана шу мухлислар учун ҳам биз футболимизни янги босқичга олиб чиқишимиз, ғалабаларни қайтаришимиз керак.

Бундан ташқари, мамлакатимиз Осиё футболидаги йирик турнирларни ҳам қабул қилиш учун ҳаракатларни бошлаб юборган. Биз 2020 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва 2022 йилги аёллар ўртасидаги Осиё кубоги мезбонлигига ўз номзодимизни қўйганмиз. Агар мусобақалар бизга ишониб топширилса, уларни энг юқори савияда ўтказиш учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз», – деди Абдусалом Азизов.

Ўз навбатида Шайх Салмон ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик ОФК учун қанчалик муҳим эканини таъкидлаб ўтди.

«Бизга кўрсатилаётган эътибор учун сизга ва меҳмондўст ўзбек халқига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. ОФК Ўзбекистонни ўзининг энг ишончли ҳамкорларидан бири деб билади. Юртингизда футболга давлат раҳбарияти даражасида эътибор қаратилиши ва ўзбек халқи футболни қанчалик яхши кўришини биз жуда яхши биламиз ва бундан хурсандмиз. Бундай мамлакатлар Осиё қитъасида футболнинг оммалашиши ва ривожланишида катта ўрин тутишади.

Мен гўзал юртингизга тўртинчи бор ташриф буюрдим. Ҳар сафар ушбу мамлакатнинг салоҳияти ва футболдаги имкониятлари қанчалик юқори эканлигини ўзим учун қайд этиб ўтаман. Бу сафарги ташрифим алоҳида аҳамият касб этади.

Биринчи навбатда сиз билан танишиш имконияти пайдо бўлди. Кўриб турибманки, бу ерда хақиқий профессионаллар ва ўз ишининг фидойилари йиғилган.

Менинг таклифим муносабатларни янги саҳифадан очишдан иборат ва мулоқотимизни самимий, дўстона ва тўлиқ ишонч асосда йўлга қўйишдан иборат. Чунки айнан дўстлик ва ишонч ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муваффақият калити ҳисобланади.

Ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилиги ва аёллар ўртасидаги Осиё кубоги бўйича тез фурсат ичида ОФК делегациясини юборамиз ва ўз тавсияларимизни берамиз.

Биз, шунингдек, Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятидан конфедерациямизда ҳам фойдаланиш ниятидамиз. Шу сабабли ҳам сизнинг тавсиянгизга асосланган ҳолда ўзбекистонлик мутахассисларни турли қўмита аъзолигига бажонидил қабул қилишга тайёрмиз.

Осиё футболининг энг таниқли шахсларидан бири Равшан Эрматов ушбу жамоа аъзоси эканлиги бизни алоҳида қувонтирмоқда. Эрматовнинг тажрибаси нафақат ўзбек футболига, балки Осиё футболига жуда керак. У жаҳон футболида қитъамизнинг юзи ҳисобланади ва Осиё футболининг ҳалол ўйин борасидаги элчиси деб бемалол айта оламан.

Ижозатингиз билан ОФК ва ЎФА ўртасидаги бевосита мулоқотни йўлга қўйсак ва футбол ривожи йўлида бамаслаҳат иш тутсак. Менинг ташрифимдан асосий мақсад ҳам шу», – дея таъкидлади Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа.

ЎФА хабарига кўра, учрашув томонида терма жамоалар учун база бўлиши мулжалланаётган футбол маркази лойиҳаси намойиш этилган. «Шайх Салмон лойиҳага юқори баҳо берди ва ФИФАнинг Футболни ривожлантириш қўмитаси масъулларидан бири сифатида ушбу ташкилотни ҳам лойиҳани қўллаб-қувватлашга чақиришини айтиб ўтди», дейилади расмий ахборотда.

Таъкидланишича, мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик доирасида яна кўплаб долзарб масалаларни муҳокама қилиб, Ўзбекистон ва қитъа футболи манфаатларига хизмат қилишга қаратилган келишувларга эришган.

Учрашув сўнгида Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа ҳамда Абдусалом Азизов эсдалик нишонлари билан алмашишган ва илиқ, дўстона мулоқот учун ўзаро миннатдорчилик билдириб ўтишган.

Эслатиб ўтамиз, баҳрайнлик функционер 2019 йил апрелида иккинчи муддатга ОФК раҳбарлигига сайланган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз