Узбек O'zbek
ОФК президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди
Душанба, 16 Сентябр
3792

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Осиё Футбол Конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифани қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва ОФК ўртасидаги самарали шериклик мамлакатда футболни оммалаштириш ва ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилгани ва изчил ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этди.

Учрашувда Осиё Футбол Конфедерацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

«Мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақалар, жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ташкил этиш учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Конфедерация Ўзбекистонда халқаро даражадаги футбол инфратузилмасини яратиш, услубий таъминот, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, юқори малакали мутахассислар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлашда кўмагини давом эттириши муҳим экани таъкидланди.

ОФК президенти давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда оммавий спортни тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган сиёсатни, жумладан, футбол ривожи қўллаб-қувватланаётганини юксак баҳолади.

Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа Осиё Футбол Конфедерацияси Ўзбекистон билан кенг кўламли шерикликни ривожлантиришда қатъий экани ҳамда амалий ҳамкорликка қаратилган янги дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади», - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Осиё футбол раҳбари бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида ҳам бўлиб, ЎФА президенти Абдусалом Азизов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда вазирнинг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов билан учрашди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз