Узбек O'zbek
Рустам Ассакалов Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди
Якшанба, 15 Сентябр
2281

Бугун, 15 сентябрь куни Нур-Султон шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи куни давом этмоқда. 

Бугун юнон-рим кураши бўйича Олимпия вазн тоифаларида саралаш баҳслари ўтказиляпти.

-87 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган ўзбекистонлик курашчи Рустам Ассакалов саралаш босқичини панамалик Алвис Албино Алмендра Хименесга қарши ўтказиб, соф ғалабага эришди.

Шундан сўнг, 1/16 финалда Ассакаловга мусобақа фаворити, туркиялик икки карра жаҳон чемпиони Метехан Башар (2017 йил Париждаги турнирда -85 кг вазнда, 2018 йили Будапештда -87 кг вазнда) рақиб бўлди. Ўзбекистонлик тажрибали курашчи бу жиддий рақибини ҳам соф ғалаба билан таслим этди ва нимчорак финалга йўл олди.

Фото муаллифи Анвар Ильясов

1/8 финалда россиялик Александр Комаров устидан ҳам соф ғалабага эришган Ассакалов чорак финалда Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун гиламга тушди.

Чорак финалда унга Куба терма жамоаси вакили Даниэл Грегорич Эчаварриа рақиб бўлди. Ассакалов бу рақиб устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқди ва шу билан биргаликда келаси йили Токио Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Мусобақада 27 спортчи билан қатнашаётган Ўзбекистон делегацияси илк олимпиада йўлланмасига эга бўлди.

Қолаверса, бу Ўзбекистон делегацияси учун Токио Олимпиадасига қўлга киритилган бешинчи йўлланма бўлди.

Энди унга ярим финалда венгриялик Виктор Лоринц рақиб бўлади.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз