Узбек O'zbek
«Мен жанг қилиш учун туғилганман». Аҳмадалиев яна нокаут билан ғалаба қозонди
Шанба, 14 Сентябр
1786

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (7-0, 6 КО) 13 сентябрдан 14 сентябрга ўтар кечаси ўзининг навбатдаги жангини ўтказди.

Рио Олимпиадаси совриндори бу оқшомда аслида WBA ва IBF чемпионлик камарлари учун Даниэл Романга (27-2-1, 10 КО) қарши рингга чиқиши режалаштирилган эди. Аммо Роман жангга 10 кун қолганида ўнг елкасидан жароҳатни сабаб сифатида кўрсатиб, рингга чиқишдан бош тортди.

Натижада Аҳмадалиев Нью-Йоркдаги «Мэдисон Сквер Гарден» аренасидаги Hulu театрида колумбиялик тажрибали боксчи Уилнер Сотога (22-7, 12 КО) қарши жанг ўтказди. 8 раундга мўлжалланган жанг муддатидан олдин, тўртинчи раундда ниҳоясига етди. Чапақай Сото учинчи раундда хавфли жанг қила бошлади ва унинг зарбаларидан бири тананинг белдан пастки қисмига йўналтирилди, натижада жангни хотиржамлик билан бошлаган Аҳмадалиев тўртинчи раундда барчасини якунлаб қўйишга қарор қилди - унинг кетма-кет зарбаларидан кейин ҳакам тўртинчи раунднинг 1:56 сониясида жангни тўхтатиб, техник нокаут қайд этди.

Аҳмадалиев ғалабали сериясини давом эттирди. Бу ғалабаларнинг олтитасида у рақибларини нокаут қилган.

«Умид қиламанки, бугун менинг жангим барчага ёқди. Мен Даниэл Романга қарши жанг учун кўп машғулот ўтказгандим ва ягона чемпион бўлишга тайёрлангандим. Афсуски у жароҳат олди ва рингга чиқа олмади. 

Мен икки ой давомида қаттиқ машқ қилгандим. Умид қиламанки, жанг барчага манзур бўлди ва мен бундан кейин ҳам шундай жанглар ўтказишни ваъда қиламан.

Мен жанг қилиш учун туғилганман. Мен ҳамиша, бугун ҳам, эртага ҳам, исталган вақтда дунёнинг исталган нуқтасида рингга чиқишга тайёрман», дейди жангдан кейин Муроджон Аҳмадалиев.

Аҳмадалиев ҳамон WBA ва IBF чемпионлик камарлари учун мажбурий даъвогар бўлиб қолмоқда

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз