Узбек O'zbek
«Ҳеч қачон бундай аҳволга тушмагандим». Месси жароҳатидан тикланиш жараёни ҳақида гапирди
Пайшанба, 12 Сентябр
9754

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси август ойи бошида болдир мускулларидан олган жароҳатидан қандай тикланаётгани бўйича маълумот берди.

«Мен ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Жароҳат олганим жуда ёқимсиз ҳолат бўлди, чунки мен таътилдан қайтиб биринчи машғулотдаёқ жароҳатландим. 15 кун давомида тикланиш курсларини ўтаганимдан кейин ўзимни яхши ҳис қила бошладим. Аммо «Бетис» билан ўйиндан олдинги машғулот вақтида жароҳатим яна янгиланди, шу туфайли янада кўпроқ вақтга сафдан чиқдим ва ҳамон майдонга қайта олмаяпман. Шифокорлар бу оддий бўлмаган ва кутилмаган оқибатларга олиб келадиган мураккаб жароҳат экани айтишди. Мен ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмагандим, бу қандай бўлишини энди билиб олдим. Айнан шу туфайли мен ҳозир фақат барчаси жойида эканига амин бўлганимдан кейингина майдонга қайтиш ҳақида ўйламоқдаман. Мен яна жароҳатимни янгилаб олишни истамайман, чунки у ҳолатда янада кўпроқ вақт тикланиш жараёнини ўташимга тўғри келади.

Мен ҳозирча қачон сафга қайтишимни аниқ билмайман. Ҳозирча мен алоҳида шуғулланяпман. Қачон тикланишим бўйича аниқ муддат йўқ, мен тестлар топширишим керак. «Валенсия»га қарши ўйинда иштирок этмаслигим аниқ. Кўрамиз, «Боруссия» ва «Гранада»га қарши ўйинларгача сафга қайтармикинман», — дея Мессининг сўзларини келтирмоқда Sport.es.

Месси янги мавсумда «Барселона» сафида майдонга тушмади, каталонияликларнинг яна икки ҳужумчиси - Луис Суарес ва Усмон Дембеле ҳам жароҳат туфайли сафдан чиққан, асосий етакчисисиз ўйнаётган жамоа 3 турда бир ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият қайд этган ҳолда чемпионат турнир жадвалида 4 очко билан 8-ўринда жойлашган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз