Узбек O'zbek
Виктор Земцев триатлон бўйича Ўзбекистон терма жамоасига мураббий этиб тайинланди
Сешанба, 10 Сентябр
1146

Халқаро даражадаги триатлончи, «Ironman» триатлон мусобақаларининг ўн карра ғолиби Виктор Земцев Ўзбекистон триатлон терма жамоасига мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Ўзбекистон Триатлон федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Виктор Земцев – МДҲ ҳудудидаги энг машҳур триатлет, триатлон бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси. Илгари у «Z Iron Team» жамоаси бош мураббийи ва «РедЛава» жамоасининг сардори бўлган. У «Ironman» сериясининг стартларида профессионаллар орасида 10 марта биринчиликни қўлга киритган ва Жаҳон чемпионатида олти маротаба иштирок этган. Халқаро спорт устаси, ITU Long Distance 2005 Жаҳон чемпиони, ITU Европа чемпионати 2017 совриндори ва Украинанинг кўп карра чемпиони. Донецк жисмоний тарбия ва спорт институтининг битирувчиси. 45 ёшга тўлганига қарамай, у триатлон мусобақаларида юқори натижаларни кўрсатишда давом этмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирда Земцев махсус машғулот дастурини олиб бормоқда ва терма жамоага саралаш учун спортчиларнинг фаолиятини батафсил ўрганиб чиқмоқда. Унинг раҳбарлиги остида ўзбекистонлик спортчилар 15 августдан 8 сентябргача Францияда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этдилар. Спортчилар билан бирга Виктор Земцевнинг ўзи ҳам машғулотлар давомида масофаларни босиб ўтди.

«Ўқув-машғулот дастури режа асосида олиб борилмоқда. Спортчилар натижаларни яхшилаш учун кучли интилишга эга, баъзида машғулотларни ҳатто секинлатиб туришга ҳам мажбур бўляпмиз. Шу ойда, ўқув-машғулот йиғинидан кейин иккита старт олиш режалаштирилган: Иорданиянинг Акаба шаҳридаги мусобақалар ва Ўзбекистон кубогининг финал босқичи. Ушбу мусобақалардан сўнг миллий терма жамоамиз шакллантирилади. Ўйлайманки, жамоа йил давомида ўзгариши билан бир қаторда, тўлдирилади, чунки эришилган натижаларнинг ўзида тўхтаб қолмаслигимиз керак. Ҳозир мен 10 спортчи билан ишлаяпман ва албатта, мамлакат миқёсида бу етарли эмас, – дея таъкидлади триатлон бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Виктор Земцев. - Бугунги кунда устувор вазифа – биринчи навбатда Осиё кубоги ва чемпионати даражасидаги ютуқлардан бошлаб халқаро майдонга чиқиш».

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз