Узбек O'zbek
Одил ва Анзурсиз. Купер Фаластинга учралган мағлубият тасодиф эканини исботлай оладими?
Душанба, 09 Сентябр
5615

Бугун, Тошкент вақти билан соат 21:00да Иорданияда Ўзбекистон миллий жамоаси Ироққа қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. ЖЧ-2022 саралашини Фаластинга қарши кутилмаган мағлубият билан бошлаган Купер жамоаси учун бу шунчаки ўртоқлик ўйини эмас. Куперда бу ўйин орқали Рамаллоҳдаги мағлубият тасодифлигини исботлаш имкони бор. Чунки Ироқ Фаластинга қараганда кучлироқ рақиб ва бу ўйиндаги ғалаба мухлисларни бироз тинчлантириши мумкин.

Купер ёшларни ўйнатадими?

Бугунги ўйинда Купер ўтган ўйинда бошланғич таркибда бўлган 4 футболчини захирада қолдирди. Ҳар бир чизиқда биттадан. Бу жуда тўғри иш бўлади. Асосий футболчиларсиз ўтган ўйинда мураббийнинг ҳақиқий кучи кўринади. Бежиз мураббий ҳақида кўп гапирмаяпмиз, чунки Фаластинга қарши ўйиндаги шармандали мағлубиятдан сўнг Купернинг истеъфосини кўпчилик хоҳламоқда.

Жуда қимматга тушадиган (айнан молиявий жиҳатдан қиммат, яъни Куперни кетказиш учун «отни калласидек» компенсация тўлаш керак) бу истеъфони тасдиқлаш учун етти ўлчаб бир кесиш керак. Йўқ, Купернинг кетишидан жуда кўп нарса ютқазамиз демоқчи эмасман, гап ўша катта миқдордаги компенсацияда. Бу маблағ канча эканини билмаймиз, чунки мураббийнин шартномасига кўра уни ошкор қилиш мумкин эмас, аммо бу маблағ камида ЎФАнинг бир йиллик харажатларига тенг эканини тахмин қилиш мумкин. ЎФА ҳозирги кунда 4-5 миллион долларни компенсацияга бериб юборадиган даражадаги бой ташкилот эмас.

Айнан маблағ жиҳатдан Куперни кетказиш биз учун қийин иш. Яна ким билади дейсиз, кимдир чиқиб «Мен пулини бераман, кетказаверинглар», дейиши ҳам мумкин. Худди Россия футбол иттифоқи Капеллонинг истеъфоси учун пулни қаердан оламиз деб юрганида бир сахий одам компенсацияни тўлаб бергани каби. Ироқ билан ўйин миллий терма жамоанинг бугунги кундаги ҳолати қандайлигини кўрсатиб бериши мумкин.

Футболчилар мукофот пули олмаяптими?

Ижтимоий тармоқларда Фаластинга қарши ўйиндаги шармандали мағлубият кенг муҳокама қилинди. Турган гапки, бир неча баробар кучсиз деб қараладиган рақибдан учралган мағлубият мухлисларни дарғазаб қилган. Ҳар ким мағлубият юзасидан ўз муносабатини билдирди. Жумладан, футболчилар мукофот пуллари олмагани боис ўйнамаган деган вариантлар ҳам бўлди. Биз миллий жамоанинг ичидаги муҳит қандайлигини билмаймиз. Уларга миллий жамоадаги ўйин учун пул бериладими йўқми, буниси номаълум. Аммо чиндан футболчилар мукофот пули сабаб бор кучлари билан ўйнамаган бўлишса, бу жуда хунук ҳолат.

Деярли ҳар бир бола катта бўлса футболчи бўлишни, миллий жамоа сафида ўйнашни орзу қилади. Масалан, ҳозирги авлод учун ёшликда Миржалол Қосимов ёки Максим Шацкихдан зўрроқ футболчи йўқ эди. Улар бир авлоднинг қаҳрамонлари бўлишган. Бугунги Жалол, Элдор ва Одил ҳам шундай. Ҳозирги болалар катта бўлганида футболчи пул олмаса яхши ўйнамаслигини билса, қандай ҳолатга тушишини тасаввур қилиш қийин...

Шахсан мен бизнинг йигитлар пул учун ўйнамаслигига ишонаман, буни улар билан шахсан гаплашиб кўрган одам сифатида айтяпман. Шунинг учун юқоридаги тахминни қилганлар адашганини жуда-жуда хоҳлайман.

Ҳозиргина Купер Ироққа қарши ўйинда майдонга тушадиган асосий таркибни эълон қилди. Унда бир қатор ўзгаришлар бор. Фаластинга қарши ўйнаган Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов, Икром Алибоев ва Элдор Суюнов ўрнига Санжар Шоаҳмедов, Азиз Ғаниев, Санжар Қувватов ва Ислом Тўхтахўжаев майдонга тушади. Этибор берган бўлсангиз, ҳар бир чизиқда биттадан ўзгариш. Айниқса Ғаниев ва Шоаҳмедовнинг майдонга тушгани одамни хурсанд қилди. Улар ноодатий ўйин кўрсата оладиган футболчилар.

Купер ўйинга яна баъзи ўзгаришларни қилса, яхши бўларди. Масалан, қанот ҳимоячиларини алмаштириш мумкин эди. Ҳожиакбар Алижонов бугунги кунда мамлакатнинг энг яхши қанот ҳимоячиси эканини исботлаб бўлди. Ёки «Насаф» етакчисига айланган Шароф Муҳиддиновни синаб кўриш мумкин. Майли, 4та ўзгариш ҳам ёмон эмас. Бугунги ўйинга мистер Куперга Фаластиндаги мағлубият тасодиф бўлганини исботлашини тилаб қоламиз...

Ўткир Жалолхонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз